Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Европа мамлакатлари эҳтимолий терактдан хавотирда

Европа мамлакатлари эҳтимолий терактдан хавотирда

Насронийларнинг Пасха байрами яқинлашаётган кунларда Европа мамлакатлари, хусусан, Франция ва Италияда теракт таҳдиди даражаси оширилди. Хавфсизлик чоралари кучайтирилишига 22 март куни Москвада рўй берган даҳшатли теракт сабаб бўлди.

«The New York Times» нашри ўз манбаларига таяниб ёзишича, Москвадаги хунрезликдан руҳланган ИШИД бўлинмалари Европада ҳам қўпорувчилик ҳаракатлари уюштириши мумкин.

Франция президенти Эммануэль Макронга кўра, ИШИД террорчи гуруҳи сўнгги вақтларда мамлакат ҳудудида бир неча бор теракт уюштиришга уринган. Бош вазир Габриэль Атталь ҳам 2024 йил бошида икки терактнинг олдини олингани ҳақида гапирди.

Францияда жамоат жойлари – аэропортлар, вокзаллар, диний муассасалар, савдо марказлари, туризм ва спорт объектларида хавфсизлик чоралари кучайтирилган. АҚШнинг Париждаги элчихонаси ҳам Франция ҳудудида қўпорувчилик содир этилиши мумкинлигини тасдиқлаган ва ўз фуқароларини ҳушёрликка чақирган.

Италиянинг Венеция шаҳри кўчасида шубҳали сумкалар топилгач, сапёрлар гуруҳи чақирилган. Сумкалар хатар уйғотмаслиги аниқланган бўлса-да, Италияда ҳам тартиб посбонлари оёққа турган ҳолда фаолият юритмоқда.

Германияда ҳам террор хатари юқорилигича қолмоқда. Расмий Берлин жорий йил 14 июнь куни бошланадиган футбол бўйича Европа чемпионатида қўпорувчилик содир этилишидан хавотирда.

Испания хавфсизлик кенгаши сўнгги ҳисоботида Ғазо сектори ва Украинадаги уруш сабаб Европа Иттифоқида террор таҳдиди кучайганидан огоҳлантирди.

Туркия ички ишлар вазирлиги эса сўнгги кунларда ИШИДга алоқадор деб кўрилаётган 147 киши қўлга олинганини маълум қилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг