Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Эронда 17 ёшли йигит қатл этилди

Эронда 17 ёшли йигит қатл этилди

Эронда 17 ёшли Ҳамидризо Озарий ва 22 ёшли Милад Зоҳреванд ўлимга ҳукм қилинди. Вояга етмаган Озарий болаларга зўравонлик ва қотилликда айбдор деб топилган, Зоҳреванднинг қатл этилиши эса 2022 йил сентябрида мамлакатда бўлиб ўтган оммавий норозилик намойишлари билан боғлиқ. Бу ҳақда The Guardian нашри хабар бермоқда.

17 ёшли Озарийга нисбатан ҳукм ижро этилгач, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси Эрон ҳукуматини зудлик билан ўлим жазосини қўллашни тўхтатишга ва мамлакатда ўлим жазосига мораторий жорий этишга чақирди.

БМТ Теҳрон халқаро шартномаларга мувофиқ 18 ёшга тўлмаган шахсларга нисбатан ўлим жазоси тайинланиши ва ижро этилишини тақиқлашга мажбур эканини эслатди. Шунингдек, 2022 йилда Эрондаги оммавий норозилик намойишларидан кейин ўлимга ҳукм қилинган саккизинчи шахс —Милад Зоҳреванднинг қатл этилишини ҳам қоралади. БМТ тергов давомида Зоҳреванданинг қонуний ҳуқуқлари таъминланмаганини, ҳукм ижро этилгандан сўнг қатл этилган шахснинг ота-онаси ҳибсга олинганини таъкидлади.

«Биз Эрон ҳукуматини сиёсий фаоллар ва сўз эркинлиги бўйича қонуний ҳуқуқларидан фойдаланадиган бошқа фуқароларни жазолаш учун ўлим жазосидан фойдаланишни тўхтатишга чақирамиз», деди БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари расмий вакили Элизабет Тросселл.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотларига кўра, ўтган йили Эронда 582 маҳкум қатл этилган. Мамлакатда қатл этилганлар сони 2015 йилдан бери энг юқори кўрсаткичга етди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг