Дунёдаги энг ёш ҳукумат раҳбари коррупция айбловидан сўнг истеъфо бермоқда
Австрия канцлери Себастян Курц ўз лавозимидан истеъфога чиққанини эълон қилди.
Вена шаҳрида бўлиб ўтган матбуот анжуманида у «курсини бўшатиш» истаги борлигини маълум қилган ва федерал президент Александр фон дер Белленга ташқи ишлар вазири Александр Шалленбергни ўз «ворис»и қилиб тайинлашни таклиф қилган. У вақтинчалик федерал канцлер вазифасида бўлади.
«Мен учун мамлакатим шахсиятимдан кўра муҳимроқ»,— дея такидлаган Курц матбуот анжуманида.
Унинг сўзларига кўра, у Австрия халқ партияси (OeVP) депутатлик гуруҳи раҳбари сифатида парламентга қайтишни ва унинг раҳбари бўлиб қолишни хоҳлайди.
Курц коррупция айбловлари туфайли лавозимни тарк этишга қарор қилган.
Ишдан кетиш ишончни суиистеъмол қилиш, порахўрлик ва коррупция иши тергов қилинаётган пайтда пайдо бўлди. Бир кун олдин коррупцияга қарши ишларни кўриб чиқувчи прокуратура (WKStA) Курцга қарши тергов бошлади. ОАВ хабарларига кўра, тинтувлар Курцнинг офисида, OeVP штаб-квартирасида, канцлер матбуот котиби Йоханнес Фришман, медиа-комиссар Гералд Флейшман ва маслаҳатчи Штефан Штайнер кабинетларида ўтказилган.
Терговнинг фикрига кўра, 2016 йилдан 2018 йилгача Австрия Молия вазирлиги бюджет маблағларини маҳаллий газетадаги рекламаларни OeVP учун фойдали сўровларни жойлаштириш учун молиялаштиришга ишлатган.
Тахминларга кўра, бу режанинг бир қисми бўлиб, Курцга биринчи бўлиб партияда ҳокимиятга келишига, кейинроқ - федерал канцлер лавозимини эгаллашига имкон берди.
Айбловлар ҳукмрон коалицияда жиддий бўлинишларга олиб келди, улар орасида OeVP ва Яшиллар ҳам бор. Иккинчиси Курцнинг истеъфосини ва «нуқсонлардан ҳоли бўлган» одамни тайинлашни талаб қилган. Курцнинг ўзи айбловларни рад этиб, у шубҳалар тасдиқланмаслигига аминлигини маълум қилган.
31 ёшида Курц Австрия тарихидаги энг ёш канцлер бўлганди.
Қайд этиш жоизки, Себастьян Курц ва унинг партиясига нисбатан 2019 йилда ҳам жиддий айблов илгари сурилган эди. Ўшанда Курц ҳукумати вазирларидан бирининг Ибица оролида Россия газ ширкати раҳбарининг жияни экани айтилган аёл билан учрашуви видеоси тарқалганди. Россия ширкатига қурилиш бўйича давлат буюртмасини тақдим этиш эвазига иқтидордаги партия ҳисобига катта миқдорда пул тушириш талаби қўйилгани ўртага чиққанди. Пировардида парламентнинг ишончсизлик вотуми ортидан Курц 2019 йили истеъфога чиқишга мажбур бўлганди. Аммо навбатдаги сайловда яна ғалаба қозониб, 2020 йил январь ойида қайтадан ҳукумат раҳбари курсисини эгаллади.
Курц биринчи марта 2017 йилда 31 ёшида ҳукумат раҳбари сифатида қасамёд қилган. Бунгача у Австрия Ташқи ишлар вазирлигини бошқарган энг ёш сиёсатчи бўлганди (Курц Ташқи ишлар вазирлигини 27 ёшидан бошқаришни бошлаган).
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter