Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Чиқиндилар уруши»: Сеул қаттиқ огоҳлантирилди

«Чиқиндилар уруши»: Сеул қаттиқ огоҳлантирилди

Ким Ё Чжон.

Фото: Reuters

Шимолий Корея чиқинди тўлдирилган ҳаво шарларини жўнатишига жавобан Жанубий Корея чегара яқинида овоз кучайтиргичлар орқали тарғибот ахборотини тарқатишни бошлади. КХДР етакчиси Ким Чен Иннинг синглиси — Ким Ё Чжон (Меҳнат партияси МҚ бўлим мудири ўринбосари) Сеулдан «овозини ўчиришни», акс ҳолда «жуда хавфли вазият юзага келиши» мумкинлигини айтди.

«Агар улар варақалар тарқатиб, овоз кучайтиргичлар билан провокация қилишда давом этса, шубҳасиз, бизнинг мамлакатимиз томонидан янги жавоб берилишига гувоҳ бўламиз. Мен Сеулга келгусида зиддиятни янада чуқурлаштирувчи хавфли қилмишларини дарҳол тўхтатишни маслаҳат бераман», — деди Ким Ё Чжон.

КХДР 9 июн куни шарлар учиришни тўхтатишни режалаштирганди, бироқ жанубликлар овоз кучайтиргичларни ишга тушириши «вазиятни ўзгартирди», деди у.

Жанубий Корея 2016 йилдан буён чегарада овоз кучайтиргичларни ишлатмай қўйганди. Бироқ варақалар тарқатишига жавобан КХДР эълон қилган «чиқиндилар уруши»дан сўнг овоз кучайтиргичлар яна тилга кирди.

Узоқ йиллардирки, жанубликлар шимоллик биродарларига ҳаво шарлари орқали озиқ-овқатлар, дорилар, радиоқурилмалар, матбуот ва тарғибот варақаларини йўллаб келишади. Охирги жўнатув май ойи бошида бўлганди.

Бунга жавобан Шимолий Корея жанубга чиқинди ва гўнг тўла шарларни учирди. Маълумотларга қараганда, 28 майдан буён Сеул ва унга ёндош ҳудудларга 1,6 мингтагача ана шундай шарлар келиб тушган.

«Пхеняндан келган жўнатмалар»ни сеуллик фаоллар жавобсиз қолдиришмаяпти: диктатура қораланган ва демократик жамиятнинг фаровонликлари акс этган варақалар ва флешкаларга майда доллар пулларни қўшиб шимолга қараб учиришмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг