Cамарқандда туғилган Рустем Умеров – Украина мудофаа вазири. У ҳақда нималар маълум?
Украина президенти Владимир Зеленский 3 cентябрь кунги мурожаатида Алексей Резников мудофаа вазири лавозимидан озод этилгани, унинг ўрнини Давлат мулки жамғармаси раиси Рустем Умеров эгаллашини маълум қилди.
Зеленский истеъфо қарорини вазирликка янги қон кераклиги билан изоҳлаган.
Украинанинг янги мудофаа вазири Рустем Умеров 1982 йилнинг 19 апрелида Самарқанд вилояти Булунғур туманида қрим татар оиласида туғилган. Отаси Энвер Умеров муҳандис-технолог, онаси Марям Умерова муҳандис-кимёгар бўлган.
1944 йил 18 май тунида шўро доҳийси Иосиф Сталиннинг фармони билан 250 мингдан зиёд қрим татарлари ватанидан бадарға қилинган эди.
Инсоният тарихидаги энг мудҳиш амалиётларидан бири саналган сургун пайти Рустем Умеровнинг яқинлари ҳам Ўзбекистондан қўним топган.
Ушбу оила орадан 50 йил ўтиб, 1980-йиллар охиридагина ватани Қримга қайтишга муваффақ бўлган.
Рустем Умеров Украина Миллий бошқарув академиясини молия ва кредит йўналишида тамомлаган.
Тадбиркорлик ва ишлаб чиқариш фаолияти билан бирга жамоат ишларида ҳам фаол қатнашган, хусусан, қрим татарлари манфаатларини ҳимоя қилувчи ташкилотларда ишлаган.
Қрим татарларининг миллий манфаатларини ҳимоя қилиш ҳаракатида Ўзбекистонда узоқ йил яшаган Мустафо Жамилов алоҳида ўрин тутади. Сиёсий етакчи бу борадаги саъй-ҳаракатлари учун Нобель мукофотига ҳам номзод қилиб кўрсатилган.
Рустем Умеров Мустафо Жамиловнинг маслакдоши саналади. У кўп йиллар М.Жамиловга маслаҳатчилик ҳам қилган.
2019–2022 йилларда Украина парламенти депутати сифатида қонунчилик соҳасида фаолият юритган Р.Умеров гарчи мудофаа соҳасида тажрибага эга бўлмаса-да, ҳарбий тизим унга бегона эмас.
У 2014 йилдан қримлик сиёсий маҳкумларни алмашиш масалалари билан шуғулланган.
2022 йил Россия босқинидан кейин эса Москва билан музокараларда қатнашган. Шунингдек, у Украина президентининг махсус вакили сифатида ҳарбий-гуманитар кўмак масалаларида халқаро миқёсда музокара олиб борган.
Зеленский томонидан Қрим манфаатларини байроқ қилиб келган арбобнинг мудофаа вазири этиб тайинланиши рамзий маънога ҳам эга. Бу Украина маъмуриятининг ишғол остидаги ярим оролни қайтариб олиш истагига содиқ эканига ишора қилади.
Украина Россия босқинига қарши курашда жанговар қирувчи самолётлар ва олис масофага учадиган ракеталарга муҳтож бўлиб турибди. Урушда бурилиш ясаши мумкин бўлган ҳарбий аслаҳаларни ғарблик ҳамкорлардан ундириш янги вазир зиммасига улкан масъулият юклаши шубҳасиз.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter