Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Баскетболчи 200 килоли балиқни қўлга туширди

Баскетболчи 200 килоли балиқни қўлга туширди

Фото: «Twitter.com»

Баскетболчи Майкл Жордан оғирлиги 200,6 кг келадиган улкан марлинни қўлга туширди. Бу ҳақда «The Guardian» нашри хабар берди.

57 ёшли спортчи ҳар йили Американинг Шимолий Каролина штатида ўтказиладиган ҳамда бутун дунё балиқчиларини бир ерга жамлайдиган «Big Rock Blue Marlin Tournament» мусобақасида иштирок этяпти. Мукофот жамғармаси 3,3 миллион долларни ташкил этади. Энг катта марлинни тутган ғолиб ушбу пулнинг учдан бир қисмига сазовор бўлади.

Ҳозирча Жордан совринли учта ўриндан бирортасини ҳам эгаллашга муваффақ бўлмади. Мусобақа вақтида қўлга туширилган энг катта балиқ 224 килограмм тош босди. Қайсидир пайтгача баскетболчи бешинчи ўринни эгаллаб турди. Бироқ балиқчилардан бири 204 килоли марлин билан қайтиб келгач, олтинчи ўринга тушиб қолди.

Рақобат ҳали тугагани йўқ, шу боис натижани яхшилаш учун Жорданда имконият бор. Спортчи ва унинг жамоаси 24 метрли яхтасида яна битта улкан марлинни овлашга уриниб кўради. «Сал каттароқ балиқ билан қайтсам, хурсанд бўлардим», — деди баскетболчи.

Майкл Жордан — 1980 ва 1990 йилларда Миллий баскетбол ассоциацияси (NBA) ва баскетболни дунёга танитишда муҳим роль ўйнаган америкалик баскетболчи. Спортдаги фаолияти давомида у олти марта NBA чемпиони бўлган.

Марлин — узунлиги 5 метргача етадиган улкан балиқ. У соатига 110 километр тезлик билан ҳаракатлана олади. Найза кўринишидаги узун қурол билан овланади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг