Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Барак Обама Оқ уйга қайтди

Барак Обама Оқ уйга қайтди

Президентлар Байден, Обама ҳамда вице-президент Ҳаррис.

Фото: CNN

Барак Обама беш йиллик танаффусдан кейин илк бор Оқ уйга келди. 2009-2017 йилларда АҚШни идора этган собиқ президент Оқ уйнинг амалдаги хўжайини Жо Байден томонидан меҳмонга таклиф этилган.

Демократлар партиясига мансуб икки президент тиббий хизматга доир қонун қабул қилинганининг 12 йиллиги муносабати билан ташкил қилинган тадбирда қатнашган. «Obamacare» деб аталган ислоҳотлар доирасида аҳолининг эҳтиёжманд қатламига соғлиқни сақлаш хизматидан фойдаланиш имконини бериш кўзда тутилган.

Оқ уйдаги маърузасида Обама тиббий соҳага доир қонуннинг қабул қилинишини президентлик фаолиятидаги фахрланишга арзигулик воқеалардан бири ўлароқ таърифлаган. Қайд этиш ўринлики, Обама президентлиги даврида Жо Байден вице-президент лавозимида фаолият юритган.

Таҳлилчиларга кўра, Барак Обаманинг Оқ уйда пайдо бўлиши ортида катта сиёсий мақсад ётибди. Гап шундаки, ижтимоий сўровлар Жо Байден ҳамда демократик партия рейтинги пасайиб бораётганини кўрсатмоқда. Бу эса жорий йил кузида бўладиган Конгресс сайловида қимматга тушиши мумкин. Америкаликлар орасида обрўси ҳамон баланд бўлиб қолаётган Обаманинг Оқ уйга ташрифи жамоатчиликнинг демократларга хайрихоҳлигини оширишга қаратилган, дейди кузатувчилар.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг