Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

59 киши — Гроза қишлоғидаги қирғин қурбонлари шахси аниқланди

59 киши — Гроза қишлоғидаги қирғин қурбонлари шахси аниқланди

Украина Гроза қишлоғини ўққа тутишда ҳалок бўлганларнинг шахсини аниқлаш ишларини якунлади.

Украина полицияси криминалистлари Харков вилоятининг Гроза қишлоғидаги кафе ва дўконга ракета ҳужуми оқибатида ҳалок бўлганларнинг шахсини аниқлаш ишларини якунлади, деб маълум қилди Украина Ички ишлар вазирлиги раҳбари Игор Клименко.

Вазирнинг сўзларига кўра, қурбонларнинг умумий сони 59 кишини ташкил қилган. Мобил ДНК лабораториялари ёрдамида 19 қурбоннинг шахси аниқланган.

«Қурбонларнинг барчаси маҳаллий аҳоли вакилларидир. Пенционерлар, шифокорлар, фермерлар, ўқитувчилар, тадбиркорлар. Ҳаммаси тинч аҳоли. Айримларнинг бутун оилалари вафот этган.

Ҳалок бўлганлардан бири, 60 ёшли эркакнинг шахсини суд-тиббиёт экспертлари тананинг 20 та аъзосидан фойдаланган ҳолда аниқлашган. Қурбонларнинг уйларидан олинган шахсий буюмлари ёрдамида яна икки кишининг шахси аниқланди, чунки уларнинг ДНК профилларини солиштириш учун қариндошлари бўлмаган», дейди Игор Клименко.

Эслатиб ўтамиз, 5 октябр куни рус қўшинлари Харков вилоятининг Гроза қишлоғидаги дўкон ва кафега ракета ҳужуми уюштирди, у ерда ўша пайтда Попасна яқинида ҳалок бўлган украиналик ҳарбий Андрей Козирнинг дафн маросими бўлиб ўтаётган эди. Ўлганлар орасида бир бола ҳам бўлгани маълум қилинган. Украина расмийларига кўра, рус қўшинлари «Искандар» ракетаси билан ҳужум қилган.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг