Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

20 январь. Қизил империя содир этган қирғин...

20 январь. Қизил империя содир этган қирғин...

Озарбайжонда мамлакат озодлиги йўлида жонини фидо қилган қаҳрамонлар ёдга олинмоқда. Бундан 34 йил аввал умрининг сўнгги ойларини яшаётган қизил империя жон талвасасида яна бир қирғинни амалга оширган эди.

20 январь – Умумхалқ мотам куни муносабати билан Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ҳамда мамлакат биринчи хоними Меҳрибон Алиева Боку шаҳридаги Шаҳидлар хиёбонига ташриф буюрди ва марҳумларга ҳурмат бажо этди.

1990 йил 20 январга ўтар кечаси Озарбайжон пойтахтига совет армияси жанговар қисмлари киритилади. Ҳарбийлар агрессияга қарши намойишга чиққан минглаб озарбайжонликларни шафқатсиз жазолайди. Тинч намойишчилар танк, пулемёт ва автоматлардан ўққа тутилади.

Озарбайжон ташқи ишлар вазирлиги баёнотида қайд этилишича, ўша машъум тунда миллий-озодлик ҳаракатини бостириш мақсадини кўзлаган совет армияси бўлинмалари Боку, Сумгаит, Ленкорань ва Нефтчала шаҳарларида тинч аҳоли вакиллари – болалар, хотин-қизлар ва қарияларни қирғин қилган. 150 киши ўлдирилган, 744 киши жароҳатланган ва 4 киши бедарак йўқолган.

Фожианинг эртаси куни мамлакат етакчиси Ҳайдар Алиев Москвадан айбдорларни жазолашни талаб қилган ва СССР Коммунистик партияси сафидан чиққанини эълон қилган. Шу тариқа шўро ҳокимиятининг қирғинни жаҳон ҳамжамиятидан яширишга уриниши йўққа чиққан.

«20 январь фожиаси Озарбайжон миллий ўзлигининг шаклланишига тақдируламал таъсир кўрсатган ва мустақил Озарбайжон давлатчилигини тиклашда бурилиш ясаган. 34 йил аввал совет тузумининг ҳарбий, сиёсий ва маънавий босқинига дучор бўлган Озарбайжон халқи ўзининг озодлик учун курашдек тарихий анъанасига садоқат кўрсата билган», – дейилади ТИВ баёнотида.

Таъкидланишича, Қорабоғ ҳудудида миллий низонинг авж олиши, юз минглаб озарбайжонликлар бадарға қилиниши ва бошқа адолатсизлар ортидан мамлакатда миллий-озодлик ҳаракатининг янги тўлқини юзага келган.

Озарбайжон давлат агентлиги эълон қилган мақолада 20 январь ҳодисалари батафсил баён қилинган.

Фожиа қурбонлари  дафн этилган масканда кейинчалик Шаҳидлар хиёбони бунёд этилган. 2000 йилда Озарбайжон президенти фармони билан ҳалок бўлганларга «20 январь шаҳиди» фахрий унвони берилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг