15 июнь – Озарбайжон миллий нажот куни. Бу қандай сана ўзи?

2003 йилдан буён Озарбайжон президенти лавозимида Ҳ.Алиевнинг ўғли И.Алиев фаолият юритмоқда.
Бугун, 15 июнь Озарбайжонда миллий нажот куни сифатида байрам қилиняпти. Ушбу сана 1993 йили давлат ҳокимиятига атоқли сиёсий арбоб Ҳайдар Алиевнинг келиши билан боғлиқ.
Мамлакат матбуотига кўра, ўша кезлар Озарбайжон синовли кунларни бошдан кечираётган, миллий давлатчилик ва ҳудудий яхлитлик катта хавфга рўбарў келган эди.
Миллий етакчи Ҳ.Алиевнинг давлат тепасига келиши билан мамлакат ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий буҳрондан чиқа олди. Қайд этилишича, янги раҳбар мамлакатни реал хавф-хатардан қутқариб, янги тарақққиёт стратегиясини белгилади. Қуролли тўдалар зарарсизлантирилиб, агрессияга қарши чора-тадбирлар кўрилди.
Ҳ.Алиев ҳокимиятга келгач, миллий уйғониш ва мустақиллик ҳаракати қатъий-мустаҳкам тус олгани, замонавий давлатчилик пойдевори қўйилгани ва мустаҳкамлангани айтилади. Шунга кўра, 15 июнь санаси миллий нажот куни сифатида белгиланган.
1994 йилда хориж энергетика ширкатлари билан нефть конларига доир «Аср шартномаси» деб аталган битим имзоланган. Европа сиёсат маркази таҳлилчиси Аманда Пол айнан «Аср шартномаси»нинг имзоланишини замонавий Озарбайжон тарихида бурилиш нуқтаси деб баҳолаган.
Atlantic Council тадқиқот маркази етакчи илмий ходими Ариэль Коэннинг қайд этишича, Озарбайжон раҳбари ўша пайтдаги АҚШ президенти Билл Клинтон, Грузия етакчиси Эдуард Шеварднадзе ҳамда йирик нефть ширкатлари билан биргаликда Боку–Тбилиси-Жайҳун нефть қувурини барпо этишни таъминлади. Эндиликда ўша пойдевор асосида йирик газ лойиҳалари амалга татбиқ этилмоқда.
Аввалроқ Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов озарбайжонлик ҳамкасби Ҳайдар Алиевнинг сиёсий етакчилик қобилиятига юқори баҳо бергани ҳақида хабар бергандик.
1923 йилда таваллуд топган Ҳ.Алиев совет тузуми даврида узоқ йиллар юқори раҳбар лавозимларда ишлаган, жумладан, Озарбайжонни идора этган. 1993-2003 йилларда эса мустақил мамлакат президенти сифатида фаолият юритган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter