Шри-Ланка дефолт эълон қилди
Шри-Ланка ташқи қарздорлик мажбуриятлари бўйича тўловларни тўхтатишини эълон қилди.
Мамлакатда инфляция 18,7 фоизгача кўтарилди. Хом ашёнинг баландлашаётган нархлари ва миллий валюта (рупий)нинг сузувчи курси инфляцияни май ойида 28 фоизлик чўққига элтиши кутиляпти.
10 апрель куни депозитлар (13,5 фоиз) ва кредитлар (14,5 фоиз) бўйича ставкани оширган Шри-Ланка Марказий банки яқин уч ойда инфляцияни тўхтатиб бўлмаслигини маълум қилди.
Йил бошидан бери миллий валюта — рупий АҚШ долларига нисбатан 33 фоизга қадрсизланди. 2021 йил якунига келиб мамлакатнинг валюта захиралари $1,9 млрд ни ташкил этди.
Орол-мамлакатдаги иқтисодий инқироз аввало коронавирус оқибатлари билан боғлиқ. Глобал пандемия ҳосиласи — «ёпиқ эшиклар» сиёсати ортидан ўлкага хорижий сайёҳлар оқими тўхтаб қолди. Иқтисодиёти туризмга қаттиқ боғланган Шри-Ланканинг валюта захиралари қисқариб кетди. Албатта, иқтисодий инқироз чуқурлаштирган бошқа омиллар ҳам бор.
Ҳозир ҳукумат импортни жиддий қисқартириб, захираларни тежаш сиёсатига ўтган.
Мамлакатда ёнилғи, озиқ-овқат, автомобиллар учун эҳтиёт қисмлар тақчиллиги бошланиб кетган, электр станциялари ток ишлаб чиқаришни камайтирган, табиий газга талаб ошган. Бутун оролда — йўқчилик, бори — 35 млрд долларлик ташқи қарз.
Izoh qoldirish uchun saytda ro'yxatdan o'ting
Kirish
Ijtimoiy tarmoqlar orqali kiring
FacebookTwitter