Мирзиёев Туркия миллий мудофаа вазирини қабул қилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 26 июнь куни амалий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турган Туркия миллий мудофаа вазири Яшар Гюлер бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашув аввалида Туркия мудофаа идораси раҳбари Ўзбекистон етакчисига Президент Режеп Таййип Эрдоғаннинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Анқара шаҳрига 5-6 июнь кунлари амалга оширилган олий даражадаги ташриф чоғида эришилган келишувларни ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари, жумладан, яқин идоралараро алоқаларни мустаҳкамлаш, қўшма тадбирлар ташкил этиш, ҳарбий мутахассисларни тайёрлаш ва бошқа масалалар муҳокама қилинди.
Хавфсизлик соҳасида, терроризм, экстремизм ва радикализмга қарши курашишда ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва мувофиқлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, шу жумладан Афғонистондаги вазият юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Izoh qoldirish uchun saytda ro'yxatdan o'ting
Kirish
Ijtimoiy tarmoqlar orqali kiring
FacebookTwitter