Исроилда норозилик намойишлари авж олди

Исроилда норозилик намойишларининг янги тўлқини кузатилмоқда. Жумладан, мамлакат парламенти (Кнессет) қаршисида йиғилганлар ҳукуматдан ҲАМАС ҳаракати билан гаровдагиларни озод қилиш бўйича битим тузишни талаб қилган.
“(Ғазодаги) урушни давом эттиришга бирор сабаб қолмади. Биз сўнгги бир ярим йил мобайнида урушдик, аммо ютуққа эриша олмадик. Энди ҳам бирор натижага эриша олмаймиз. Улар (Исроил ҳукумати вакиллари назарда тутилмоқда – таҳр.) Ғазо секторини эгаллаш ва у ерда янги манзилгоҳлар қуришни кўзламоқда. Улар ерда қолишади, аскарлар ўлдириш билан шуғулланади, гаровдагилар эса қора қопларда қайтади”, – деган Мири Вольф исмли намойишчи Euronews’га берган интервьюсида.
Исроил ҳукумати куни кеча Ғазо секторини тўлиқ босиб олиш ва Фаластин ерида номаълум муддатда қолиш режасини тасдиқлади. Намойишчилар бош вазир Бинямин Нетаняҳу маъмуриятининг ушбу режасига қарши чиқмоқда.
Тель-Авив бу режани АҚШ президенти Доналд Трампнинг келгуси ҳафта Яқин Шарққа сафаридан кейин амалга татбиқ этмоқчи.
Агар Исроил армияси Ғазо секторида хунрезликни янада кучайтирса, халқаро ҳамжамиятнинг эътирози яна ошади. Ҳарбий амалиёт мобайнида ғазоликларни мажбуран жанубга кўчириш режалаштирилган.
Айни пайтда Исроил армияси Ғазо секторининг 50 фоизини назорат қилмоқда. Ҳарбий амалиётнинг кенгайиши билан бўлгадаги гуманитар ҳалокат янада кучайиши тайин.
Ҳозирда Ғазо секторидаги 2,3 млн аҳоли ҳаётига бомбалардан ташқари очлик, ташналик ва юқумли хасталиклар хавф солмоқда.
Нетаняҳу маъмурияти ҳудудга озиқ-овқат, сув ва бошқа бирламчи зарурий маҳсулотлар киришига тўсқинлик қилмоқда.
БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Исроилнинг Ғазо секторида ҳарбий амалиётни кенгайтириши ўлим ва вайронагарчиликларни янада кучайтиришидан огоҳлантирган.
“Бош котиб ҳозирги қалтис вазиятда хунрезликни зудлик билан тўхтатиш лозим деб билади, тинч аҳоли орасида янги қурбонлар ва вайронагарчиликларни ёқламайди”, – дейди А.Гутерришнинг воизи Фархан Ҳақ.
Ғазо Фаластин давлатининг ажралмас таркибий қисми эканини эслатган БМТ етакчиси Тель-Авивнинг ҳудудни тўлиқ босиб олиш режасини хавотирли деб баҳолаган.
Маълумот ўрнида, Исроил 2023 йил 7 октябрь куни ҲАМАС ҳаракати ҳужумига жавобан Ғазо секторига бостириб кирганидан буён 52400 нафар фаластинлик ҳалок бўлди.
Izoh qoldirish uchun saytda ro'yxatdan o'ting
Kirish
Ijtimoiy tarmoqlar orqali kiring
FacebookTwitter