Android qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Yuklab olish ×

Тошкент вилоятининг йирик масжидлари: улар ҳақида нималарни биламиз?

Тошкент вилоятининг йирик масжидлари: улар ҳақида нималарни биламиз?

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Карантин талаблари юмшатилгач, мусулмонлар учун масжидда намоз фарзини бажаришларига ҳам рухсат этилди. Тошкент вилояти мисолида оладиган бўлсак, ҳудудда жами жомеъ масжидлар сони 225 тани ташкил этади.

Туман-шаҳарлар миқёсида оладиган бўлсак, энг кўп масжид Бўстонлиқ туманига тўғри келади. У ерда 25 та масжид тўлиқ ишламоқда. Кейинги ўринларда Зангиота (23 та) ва Янгийўл (20 та) тумани турибди. Оҳангарон шаҳрида эса битта масжид фаолият кўрсатади. Қолган туманларда ўртача 4-18 атрофида масжидлар мавжуд.

Қуйида вилоятдаги айрим масжидлар ҳақда маълумот бериб ўтамиз.

«Байтқўрғон» жомеъ масжиди

Қибрай тумани Байтқўрғон қишлоғи номига аталган масжид 1991–1994 йиллар давомида Саудия арабистонилик ватандошимиз Исматулла Султон ўғлининг маблағи ҳисобига қурилган. Масжид ҳудуди 32 сотих бўлиб, 1 та хонақоҳ, 1 та айвондан иборат. Айвон 4 та устун асосига ўрнатилган. Масжид атрофида қабристон мавжуд эмас. Масжидда 2000 нафар мусулмон ибодат қилиши мумкин. Масжид қурилишида Самарқанд вилояти Ургут тумани ғишт терувчилари, андижонлик наққош ва ёғочсоз усталар қатнашган. Масжид Қибрай туманининг энг кўркам, ҳашаматли ва обод масканларидан биридир. «Байтқўрғон» жомеъ масжиди ЮНЕСКО рўйхатига киритилган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги Тарихий ёдгорликларни сақлаш бошқармаси томонидан давлат муҳофазасига олинган.

«Ўртақўрғон» жомеъ масжиди

Бўка туманидаги «Ўртақўрғон» жомеъ масжиди шўролар даврида узоқ вақт ташландиқ чиқиндихона бўлган. 1960 йилларда қаровсиз ҳолга келган ушбу масжидни туман марказидан четроққа Бўка тумани марказий қабристони ёнига кўчирилган. Масжид олди томонида эса ўзга дин вакилларининг қабристони бўлган. Шу тариқа икки қабристон ўртасига Ўртақўрғон жомеъ масжиди қурилган. 1993 йили Аъзамхонтўра, Абдуғаффор ота, Абдуваҳҳоб ота бошчилигида Ўртақўрғон жомеъ масжидини янгитдан ўз жойига қуриш ташаббуси билан чиқилди. 2002–2005 йилларда Аъзамхонтўра, Абдуғаффор ота, Исмоил ота, Масжид ҳудуди 1,2 га. майдонни ташкил этади. Масжид баландлиги 23 метр, энига 30 метр, бўйига 24 метр ҳажмда 2 қаватли қилиб классик ва замонавий услубда қуриб битказилди. Масжид ичида 8 та устун бўлиб, 4 таси айвон ва 4 таси гумбаз учун ўрнатилган. «Ўртақўрғон» жомеъ масжидида 1500 нафар намозхон ибодат қилиш имкониятига эга. Масжид атрофи 200 дан ортиқ арча дарахти билан ўралган. Масжидга кириш дарвозаси пештоқидаги китобада «калимаи тоййиба» битилган.  

«Нурул Ислом» жомеъ масжиди

Ушбу масжид тахминан бир асрдан ошган Зангиота туманидаги «Митон ота» қабристони ёнига 1996 йилда ҳашар йўли билан қурилган. Масжид ҳудуди 1,27 г. ни ташкил этади. Масжид хонақоҳи икки қаватли бўлиб, унинг ўнг ва чап томонида айвон мавжуд. Хонақоҳни 10 устун ушлаб турибди. Ҳозирги кунда Занигиота туманида Хонобод қишлоғидаги «Нурул Ислом» жомеъ масжидида 1500 нафар мусулмон ибодат қилмоқда. Масжид сўнгги марта 2012 йилда таъмирланган. Масжидга дарвозахона орақали кирилади. Унинг пештоқидаги китобада «Жин» сураси 18 оят насх хатида битилган.

«Дадамуҳаммадҳожи Фирдавс» жомеъ масжиди

Мазкур масжид 1880 йилларда асли Фарғона вилоятидан бўлган Дадамуҳаммадҳожи томонидан қурилиб, Қибрай тумани Ёнариқ қишлоғи аҳолисига ҳадя қилинган. Шўролар даврида масжид биносидан аввал омборхона, кейинчалик Қурилиш колхози клуби, сўнгра хўжалик моллари дўкони сифатида фойдаланилган. 1991 йилда масжид Ёнариқ қишлоғи мусулмонлари ихтиёрига қайтарилган. 1993–2000 йилларда масжид биноси бузилиб, қайтадан қурилган. Янги масжид қурилиш ишлари ҳашар йўли ва «Фирдавс» жамғармаси кўмаги билан олиб борилган. «Дадамуҳаммадҳожи Фирдавс» жомеъ масжиди ҳудуди 17 сотихни ташкил этади. Масжид биноси икки қисм хонақоҳ ва айвондан иборат. Масжид атрофида қабристон мавжуд эмас.

«Марказий» жомеъ масжиди

Мазкур масжид Чирчиқ шаҳрининг марказида жойлашган. Масжидга 1993 йилда асос солиниб, қурилиш ишлари ҳашар йўли билан 2003 йилда ниҳоясига етказилган. Масжиднинг ҳудуди 0,84 г. бўлиб, 1 та хонақоҳ ва гумбаз, 2 та айвондан иборат. Масжидда ёзги хонақоҳ ҳам қурилган. Масжид 2000 нафар намозга мўлжалланган. Масжид ҳовлисида 500 дан ортиқ мевали дарахтлар экилган ажойиб боғ мавжуд. Масжидга кириш қисми ва ён-атрофлари фавворалар билан безатилган.

Ҳозирда вилоятдаги «Турсун она», «Оқсоқ ота», «Имом Ал-Бухорий», «Ҳилол», «Хонобод», «Усмон ота», «Миям Қангли» ва «Омилхон эшон» масжидлари таъмирланмоқда. Таъмирлашдан сўнг улар намозхон юртдошларимизнинг мусулмонлик фарзларини адо этишлари учун фойдаланишга топширилади.

Нодирабегим Иброҳимова,
Тошкент вилояти ҳокимлиги
ахборот хизмати ходими

Izohlar

Izoh qoldirish uchun saytda ro'yxatdan o'ting

Kirish

Ijtimoiy tarmoqlar orqali kiring