Соғлиқни сақлаш вазири: «Ўзбекистонда «ақлли тиббиёт» тизими жорий этилмоқда»
2017—2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурида жорий йил якунига қадар мамлакатимиз тиббиёт соҳасида «Ақлли тиббиёт» ва «Ягона тиббий маълумотлар маркази» концепцияларини мавжуд шароитларга мослаштириш ва татбиқ этиш белгиланган эди.
«Ақлли тиббиёт» ва «Ягона тиббий маълумотлар маркази» ўзи нима? Унинг ишлаш принципи қандай? Айни кунларда Соғлиқни сақлаш вазирлигида мазкур вазифа ижроси доирасида қандай ишлар ишлар олиб борилаётгани кўпчилик юртдошларимизни қизиқтириши табиий. Чунки бу концепция юртимизга янгилик сифатида кириб келмоқда.
— Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида масофадан туриб профилактика қилишни таъминлайдиган «Ақлли тиббиёт» ва «Ягона тиббий ахборот маркази» концепцияларини ўз шароитимизга мослаштириб татбиқ этишимиз кераклигини алоҳида таъкидлаган эди, — дейди Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов. —Агар кузатадиган бўлсак, ривожланишнинг инновацион йўлидан бораётган мамлакатларда «ақлли технологиялар» барча соҳаларда кенг татбиқ этилмоқда: «Ақлли уй», «Ақлли қишлоқ», «Ақлли шаҳар» каби тизимлар мамлакатнинг муваффақиятли ва барқарор ривожланишини таъминламоқда. Чунки «ақлли технологиялар»нинг асосий мақсади — кам вақт ва куч сарфлаб, юқори натижага эришишдир. «Ақлли тиббиёт» ва «Ягона тиббий маълумотлар маркази» ҳам айни шу мезон асосида ишлаб, касалликларни олдиндан аниқлаш, уларни масофадан профилактика қилиш имконини берувчи йирик бир тизим ҳисобланади. Бу эса фойдаланувчига исталган вақтда ва исталган жойда тиббий хизматдан фойдаланиш имконини яратади. Энг муҳими, хизмат сифати энг чекка қишлоқда ҳам, пойтахтда ҳам бир хилда бўлиши таъминланади. У ўз ичига бирламчи тиббий бўғиндан тортиб, шошилинч ва ихтисослаштирилган тиббий хизматгача бўлган жараёнларни ҳам қамраб олади.
«Ягона тиббий маълумотлар маркази» беморнинг амбулатор картаси, касалликлар тарихи киритилган электрон маълумотлар базасидир. Бу базада бола дунёга келишидан бошлаб, саломатлиги билан боғлиқ барча маълумот, эмлаш ва даволанишлари киритиб борилади. Беморни даволовчи шифокорда ушбу базага кириш, қўшимча маълумот жойлаштириш имконияти мавжуд бўлади.
— Шу ўринда қоғоз кўринишдаги амбулатор картадан электрон шаклнинг қандай афзаллиги бор, деган савол туғилиши табиий, — дея сўзида давом этади Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов. — Аввало, электрон шаклда инсон омили билан боғлиқ хатоларга йўл қўйилмайди. Масалан, карта йўқолиши, маълумотлар тўлиқ ёки умуман ёзилмаслиги каби ҳолатларнинг олди олинади. Муолажа тайинлашда беморнинг бутун касаллик тарихи, илгари олган муолажалари билан танишиш имконияти тезлашади. Бир сўз билан айтганда, маълумотлар маркази шифокор ва бемор учун қулайлик яратишга қаратилган.
«Ақлли тиббиёт» тизими шифокорга замонавий ахборот технологиялари ёрдамида бемор билан алоқа ўрнатиш ва масофадан туриб даволаш имконини беради. Бемор танасига ўрнатилган махсус датчик ва чиплар орқали шифокор қаерда бўлишидан қатъи назар, пациент саломатлиги ҳақидаги муҳим маълумотлардан хабардор бўлишини таъминлайди. Мисол учун, ҳаётий кўрсаткичлар — тана ҳарорати, қондаги қанд миқдори, артериал қон босими ҳақидаги ахборот шифокорга келиб туради. Бу сурункали ва яширин кечувчи касалликлар профилактикасида, уларни аниқлаш, беморнинг саломатлиги ҳолатини мониторинг қилиш ва даво чораларини тайинлашда муҳимдир.
Ҳозирда «Ақлли тиббиёт»нинг илк хизмат турлари мамлакатимизда жорий этила бошланди. Хусусан, «электрон навбат», «беморнинг электрон карточкаси», «электрон рўйхатга олиш», «электрон рецепт» тизими ва «электрон дорихона», «электрон ордер» каби хизмат ва сервислар яратилмоқда. Телемедицина, мобиль медицина (мобиль хизматлар, m-Health), электрон таълим ривожлантириш жадал олиб борилмоқда.
Ушбу тизимлар йирик лойиҳа бўлиб, уни амалга ошириш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан бир қаторда Молия, Инновацион ривожланиш, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш ва Иқтисодиёт вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамкорликда иш олиб бормоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати
Izoh qoldirish uchun saytda ro'yxatdan o'ting
Kirish
Ijtimoiy tarmoqlar orqali kiring
FacebookTwitter