Экотизимларни тиклаш ва сақлаш бўйича халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик кучайтирилмоқда
6 июнь куни Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД), Глобал экологик фонд (ГЭФ) ва Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи (IUCN) билан ҳамкорликда амалга оширилаётган «Ландшафтларни тиклаш ва ҳимоялашни комплекс бошқариш» лойиҳаси ишга туширилиши муносабати билан семинар ўтказилди.
Тадбирда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Анас Файёд Карман, Глобал экологик жамғарма (ГЭФ) бош директори ва раиси Карлос Мануэл Родригес (онлайн), Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқининг (IUCN) Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий идораси директори Оливер Аврамовски (онлайн), вазирлик ва идоралар, халқаро ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
А. Абдуҳакимов ўзининг табрик сўзида мамлакатимиз ҳукумати томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли экологик ислоҳотлар ҳақида гапириб, бу борада қўллаб-қувватлаётганлари учун хорижлик ҳамкорларга миннатдорлик билдирди.
«Бугун бутун мамлакат бўйлаб экотизимларнинг йўқолиб бориши ва ландшафтларга нотоғри таъсир кўрсатилаётгани кузатилмоқда. Шу маънода ушбу лойиҳа ўз вақтида қабул қилинган муҳим ташаббус бўлди. Биз 6 та миллий МEТҲ ва 7 та давлат ўрмон хўжалигини қамраб олган 10 та асосий биологик хилма-хиллик зоналарида Ўзбекистоннинг муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлари тизимини МEТҲ) мустаҳкамлаш лойиҳаси қўллаб-қувватланилаётганини олқишлаймиз. Асосойси, республика ҳукуматининг бу саъй-ҳаракатлари БМТнинг Ўн йиллиги доирасида илгари сурилган экотизимларни тиклаш бўйича мақсадларига мос келади», – деди вазир.
«Ландшафтларни тиклаш ва ҳимоялашни комплекс бошқариш лойиҳаси» Ўзбекистон табиий экотизимларини тиклаш ва барқарор бошқариш, ерлар деградацияси, идоралараро мувофиқлаштириш, биологик хилма-хиллик ва экотизимларни тиклаш ва сақлаш бўйича саъй-ҳаракатларни молиялаштириш билан боғлиқ муаммоларга қарши курашда ёрдам бериши билан аҳамиятлидир.
«БМТТД, IUCN ва Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ўртасида янада кенг қамровли ҳамкорликни кенгайтириш учун ГЭФ ёндашувини амалда қўллаётганини кўриб тўрганимдан бениҳоя мамнунман. Бу нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Марказий Осиё минтақасида ерлар деградацияси ва биологик хилма-хилликлар йўқолишининг олдини олишга ёрдам бериши тайин» деди видеомурожаатида Карлос Мануэл Родригес.
Таъкидлаш жоизки, кейинги йилларда Ўзбекистон жаҳоннинг нуфузли экологик ташкилотлари билан ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамламоқда. Жумладан, жорий йилнинг февраль ойида мамлакатимизда фаолияти йўлга қўйилган Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетида (Green University) Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқининг ваколатхонаси очилганлиги бунинг яққол далилидир.
Тадбир давомида иштирокчилар ушбу лойиҳанинг Ўзбекистонда табиатни муҳофаза қилиш соҳасини ривожлантириш борасидаги имкониятларни янада кенгайтиришини муҳокама қилдилар.
Izoh qoldirish uchun saytda ro'yxatdan o'ting
Kirish
Ijtimoiy tarmoqlar orqali kiring
FacebookTwitter