Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Зилзила ҳақида телефонга олдиндан хабар келадиган қилса бўладими?

Зилзила ҳақида телефонга олдиндан хабар келадиган қилса бўладими?

Сўнгги кунларда содир бўлган ер силкинишларидан кейин кўпчиликнинг телефонига зилзила ҳақида 1 дақиқа олдин огоҳлантириш келгани ҳақида хабарлар тарқалди. 

Гап шундаки, Google бир неча йил аввал зилзиладан огоҳлантирувчи функцияни тақдим этганди.

Дастлаб, ушбу функциядан Янги Зеландия ва Грецияда фойдаланиш мумкин бўлган, аммо кейинчалик юқори сейсмик фаолликка эга мамлакатлар рўйхати кенгайтирилган. Улар қаторига Ўзбекистон, Филиппин, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон,Туркманистон ва Туркия ҳам киритилган.

Тизим зилзилани оддий зарбадан осонгина ажрата олади. Шунингдек, бир нечта смартфонлардан маълумотларни тўплаш орқали тизим зилзила эпицентри ва зилзила кучини аниқлай олади.

Бу функцияни 100 фоиз аниқ деб бўлмайди, лекин, аксарият ҳолларда ишончли маълумотлар юборилади. Телефонингизга олдиндан зилзила ҳақида огоҳлантириш келадиган функцияни ёқиш учун қуйидагиларни амалга оширинг.

Android телефонларда:

  1. «Созлама»ни очинг
  2. «Хавфсизлик ва фавқулодда вазиятлар»ни танланг (бўлмаса «Кенгайтирилган жойлашув»)
  3. «Зилзиладан огоҳлантиришлар»ни танланг ва учирилган бўлса «Ёқиш»ни босинг.

Xaomi телефонларда:

  1. «Созлама»ни очинг
  2. «Жойлашув»ни танланг
  3. «Зилзиладан огоҳлантиришлар»ни танланг, учирилган бўлса «Ёқиш»ни босинг.

Эътибор беринг: огоҳлантириш келиши учун телефонингизда интернет  ёки «локация» тизими ёниқ турган бўлиши лозим.

iOS телефонларда:

Бугунги кунда iPhone телефонларда фавқулодда вазиятлар ҳақида огоҳлантириш тизими Ўзбекистонда ишламайди, шунинг учун қўшимча дастур ўрнатиш лозим.

Бунинг учун LastQuake бепул ва Earthquake пуллик дастурларини ўрнатиб олишингиз мумкин.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг