Ёшларнинг халқаро IT-сертификатларини олиш харажатларининг 50 фоизгача қисми қоплаб берилади
«Халқаро IT-сертификатларга эга ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ҳукумат қарори (310-сон, 19.05.2021 й.) қабул қилинди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» каналида хабар берилди.
Қарорга кўра, 2021 йил 1 июндан ёшларнинг халқаро IT-сертификатларини олиш харажатларининг 50 фоизгача бўлган қисмини қоплаб бериш тартиби жорий этилади.
Қарор билан Халқаро IT-сертификатларга эга ёшларни ўқиши ҳамда уларнинг халқаро IT-сертификатларни олиши учун сарф қилган харажатларининг 50 фоизгача бўлган қисмини молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Унга кўра, талабгорлар бу юзадан «Ўзбекистоннинг IT-истеъдодлари» порталида электрон ариза бериб бепул рўйхатдан ўтади.
Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки дирекцияси (Ишчи орган) талабгорнинг аризасини зарур ҳужжатлари билан бирга 5 иш кунида кўриб чиқади ҳамда тақдим қилинган халқаро IT-сертификатни верификациядан ўтказади.
Муқаддам халқаро IT-сертификатларнинг бир тури бўйича халқаро IT-сертификат олиш харажатининг 50 фоизгача бўлган қисми қопланган талабгор халқаро IT-сертификатларнинг бошқа тури бўйича минимал кўрсаткич ёки ундан юқори натижа қайд этса, унга халқаро IT-сертификат олиш харажатининг 50 фоизгача бўлган қисми тўлаб берилади.
16 ёшга тўлмаган фуқароларнинг халқаро IT-сертификат олиш харажатининг 50 фоизгача бўлган қисми қоплаб берилишини сўраб ушбу фуқароларнинг қонуний вакиллари мурожаат қилишлари мумкин.
Ишчи орган талабгор ҳужжатларини умумлаштириб, молиялаштириш юзасидан таклифларни 5 иш куни ичида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (ваколатли орган)га киритади.
Халқаро IT-сертификатга эга бўлмасдан туриб талабгорнинг халқаро IT-сертификати олиш учун ўқув курсига тўлаган харажатлари қопланишига йўл қўйилмайди.
Ишчи орган томонидан киритилган таклифлар ваколатли орган томонидан 3 иш куни ичида келишилади.
Шунга кўра, ишчи орган томонидан 3 иш куни мобайнида халқаро IT-сертификатларни олиш учун сарфланган харажатларнинг бир қисмини қоплаш учун тегишли пул суммасини талабгор томонидан кўрсатилган тегишли ҳисобвараққа ўтказиб берилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter