Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Роботдан тортиб инкубаторгача... АКТ вазири Бойсундаги IT-марказда бўлди (фото)

Роботдан тортиб инкубаторгача... АКТ вазири Бойсундаги IT-марказда бўлди  (фото)

Фото:«Xabar.uz»

Куни кеча, 26 июнь куни Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов соҳа корхона, ташкилот ва муассасалари раҳбарлари билан биргаликда Сурхондарё вилоятида бўлди.  АКТ вазири раҳбарлигидаги жамоа Бойсун тумани ҳокими Асқарали Жўраев ҳамроҳлигида  Бойсундаги IT-марказ фаолияти билан танишди.

Фото:«Xabar.uz»
Фото:«Xabar.uz»

Бойсун телекоммуникациялар боғламасида АКТ вазирлиги Ишчи гуруҳининг аввалги ўрганишларидан сўнг анча ўзгаришлар бўлибди. Боғлама биноси таъмирдан чиқарилган. Эътиборимизни, боғлама ҳудудида қанча дарахт экилгани ҳақидаги панно ўзига тортди. Бу ерда жами 256 та дарахт бор, уларнинг ҳаммаси назоратга олинган ва жавобгар шахслар белгиланиб, телефон рақамларигача ёзиб қўйилган. Ҳар қанча тарғиб қилишга арзийдиган ибратли ташаббус. Мижозларга почта ва барча телекоммуникация хизматлари шу ернинг ўзида кўрсатилади. Боғлама бошлиғи Ғайратжон Ғаффаров етакчилигидаги жамоа  сифатли хизмат кўрсатишга интилмоқда.

Фото:«Xabar.uz»
Фото:«Xabar.uz»
Фото:«Xabar.uz»

IT-марказда ҳаёт қайнайди. Айтиш мумкинки, ушбу марказнинг очилиши бойсунлик ёшларнинг ғайратига ғайрат қўшиб юборди. Марказда ёшлар тил ўрганиши, роботехника билан шуғулланиши, киберспорт ўйинларини ўзлаштириб, танловларда қатнашишлари, дастурчи, фрилансерлик сингари илмларини эгаллаб, «айти» соҳасида ўз ўринларига, маблағ топиш имкониятларига эга бўлишлари мумкин.

Очилганига кўп бўлмаса-да, марказда 96 нафар талабгорлар замонавий касб сирларни ўрганишга улгуришди. Марказ менежери Санжар Обидов қисқа вақт давомида амалга оширилган ишлар тўғрисида гапириб берди. Тумандаги 2-мактабнинг 10-синф ўқувчиси, IT-марказ фаолларидан бири Бобур Исмоилов ташаббускорлигида бир гуруҳ ёшлар уч тилда маълумот берадиган робот ясашган. Ҳозир уни такомиллаштириш устида изланишмоқда.

Фото:«Xabar.uz»

Бойсунлик Ҳусан Абдуқаҳҳоров ҳам ихтирочи ёшлардан. Унинг айтишича, 7-синфида ўқиб юрган кезларидан бошлаб инкубатор ясашга қизиқиши баланд бўлган. Ҳозирда эса 50 тадан тортиб 1000 тага тухумни очтирадиган инкубатор ускуналарини ясамоқда. Ускуна ҳароратни 37,8 даражада ушлаб туради, мабодо свет ўчиб қолса, аккумлятори олти соат вақт давомида электр энергия билан таъминлайди.

- Кейинги икки ой давомида буюртмалар сони сезиларли ошди, - дейди Ҳусан.- Оилавий корхона очдик. Туман ҳокимлиги ёрдам бераётганди бу ишларда. Мана бугун АКТ вазирлиги раҳбарияти биз ясаган ускуналар билан танишди, айрим бутловчи қисмларни олишимизда кўмак бермоқчи.

Фото:«Xabar.uz»

Танишув давомида АКТ вазири Шуҳрат Содиқов марказ ўқувчилари билан суҳбатлашди, уларга яна қандай ёрдам керак бўлса, тайёрлигини билдирди. Марказ фаолиятини янада самарали ташкил этиш юзасидан тегишли тавсиялар берилди.

Бойсун тумани ҳокими Асқарали Жўраев марказ фаолиятидан хурсандлигини яшириб ўтирмади. Марказ ёрдамида «Ёшлар дафтари»га кирганлар ёшлар, ногиронлиги борлар беминнат ўқилаётгани, айниқса, патронаж ҳамшираларининг «айти» жиҳозларидан фойдаланишни ўргатишгани учун марказ ходимларига миннатдорлик билдирди.

Фото:«Xabar.uz»
Фото:«Xabar.uz»

Шу ернинг ўзида Сурхондарё вилояти электромагнит мослашув хизмати ўзининг тақдимотини ўтказди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг