Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ўзбекнефтгаз: Бошқарув раиси соҳада рақамли технологияларнинг тадбиқ этилиши ва конларни рақамлаштириш ишлари ҳолати ва диспетчерлик хизмати фаолияти билан танишди (фото+видео)

«Ўзбекнефтгаз: Бошқарув раиси соҳада рақамли технологияларнинг тадбиқ этилиши ва конларни рақамлаштириш ишлари ҳолати ва диспетчерлик хизмати фаолияти билан танишди (фото+видео)

Фото: «Ўзбекнефтгаз»

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев Жамиятнинг Бошқарув аппаратида ташкил қилинган замонавий марказлашган ишлаб чиқариш диспетчерлик хизмати фаолияти билан яқиндан танишди.

Компания матбуот хизмати хабар беришича, қисқа вақт давомида амалга оширилган автоматлаштирилган газ ҳисобини назорат қилиш АСКУГ лойиҳаси ҳамда лойиҳа доирасида бажарилган ишлар юзасидан масъуллар ахбороти тингланди.

Бунда, газ ҳисобини назорат қилиш автоматлаштирилган ахборот тизими қазиб чиқариш ва уни қайта ишлаш бошқарма ва заводларидан «Ўзтрансгаз» АЖга тижорат газ узелларидан узатилаётган газ сарфини онлайн тарзда назорат ҳамда бошқарувини олиб бориш борасида амалга оширилган ишлар ҳолати ўрганилди.

Бошқарув раиси қазиб чиқариш ва қайта ишлаш бошқармалари ва заводларидаги технологик қурилмалардаги жараёнларни реал вақт режимида назорат қилиш мониторингини олиб бориш бўйича яратилган автоматлаштирилган тизимга оид кўрсатмалар берди.

Юқоридаги ишларни амалга ошириш натижасида тизимдаги тезкор маълумотларнинг шаффофлиги ошиб, инсон омили билан боғлиқ бўлган факторларнинг олди олиниши учун ушбу автоматлаштирилган тизим зарурлиги қайд этиб ўтилди.

Бундан ташқари, хориж тажрибасини ўрганган ҳолда, ушбу тизимни янада такомиллаштириш, кенгайтириш ҳамда барча корхона ва ташкилотлар бўйича маълумотларни ягона базада шакллантирган ҳолда назоратни олиб бориш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.

Хусусан, Ахборот коммуникация технологиялари департаменти фаолиятини янада ривожлантириш, мавжуд муаммоларни тизимли равишда ҳал этиш, департамент тасарруфида дастурчилар марказини яратиш, ташкилот фаолиятини янада автоматлаштириш юзасидан тегишли дастурлар, ахборот тизимлари, платформаларини яратиш, янги инновацион технологияларни қўллаш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш кераклиги белгиланди.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев соҳага рақамли технологияларни тадбиқ этиш, углеводород конларини рақамлаштириш ва қазиб чиқариш жараёнларини автоматлаштириш борасида олиб борилаётган ишларни ҳам кўздан кечирди.

Жумладан, Конларни ишлатиш департаменти қошида ташкил этилган «Углеводород конларини моделлаштириш ва маълумотлар базасини юритишни мониторинг қилиш бўлими»нинг фаолиятига доир масалаларни муҳокама қилиб, бўлим мутахассислари билан улар томонидан амалга оширилаётган ишлар борасида суҳбатлашди.

Ушбу марказ ҳозирда Республикада янгидан барпо этилган нефть ва газ конларини рақамли 3Д форматда моделлаштириш бўйича ягона марказ бўлиб, у энг замонавий компьютерлар, дастурий таъминотлар ва серверлар билан жиҳозланган.

Марказда ушбу тизим имкониятларидан оқилона фойдаланиш ҳамда олинган натижаларни ишлаб чиқаришга самарали тадбиқ этишни ташкиллаштириш мақсадида юқори даражада қулай шарт-шароитлар яратилган.

2020 йилда ушбу марказ мутахассислари томонидан 5200 дан ортиқ қудуқлар бўйича 350 мингдан ортиқ маълумотлар, 1300 км. дан ортиқ 2D ҳамда 2500 км.кв ҳажмдаги 3D сейсмик-қидирув ишларининг маълумотлари рақамлаштирилди ва ягона миллий маълумотлар электрон базасига киритилди.

Рақамлаштирилган маълумотлар асосида 100 та коннинг рақамли 3D-геологик ҳамда 10 та коннинг 3D-гидродинамик моделлари яратилди ва ҳозирда улар босқичма-босқич ишлаб чиқаришга тадбиқ этилмоқда.

Ушбу ишларни амалга ошириш мақсадида PETREL, TECHLOG, ECLIPSE, INTERSECT, МЕРО, PIPESIM, IAM ва PROSOURCE каби энг замонавий дастурий таъминотларининг имкониятларини кенг кўламда жалб этиш орқали амалга оширилмоқда.

Ушбу жараёнларда нефть ва газ қудуқларининг иш режимини тартибга солиш, бурғуланадиган янги қудуқларнинг ўрнини аниқлаш, махсулдор қатламлар иш самарадорлигини ошириш каби бир қатор долзарб масалалар тезкор равишда ўз ечимини топмоқда.

Шунингдек, Бошқарув раиси Устюрт ҳудудида жойлашган «Қуйи Сургил» ва «Шарқий Бердах» конларнинг янги рақамли-геологик моделларини яратиш жараёнлари ва улар асосида «Қуйи Сургил» конидаги 20-, 21- ҳамда «Шарқий Бердах» конидаги 96 сонли қудуқларини бурғилаш ўрнини аниқлаш бўйича амалга оширилаётган тадқиқотлар билан яқиндан танишди.

Меҳриддин Абдуллаев моделлаштириш ишларини конлардаги мавжуд барча геологик маълумотлар, шу жумладан 3Д сейсмик маълумотлар, қудуқлардан олинган бурғилаш ва геофизик таҳлиллар натижалари асосида яратиш лозимлигини ва бу орқали углеводород қазиб чиқаришни кўпайтиришга қаратилган қудуқларни бурғилаш борасидаги янги таклифлар ишлаб чиқиш масалаларига алоҳида эътибор бериш зарурлигини таъкидлади.

Ўрганишлар якунида «Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқарув раиси соҳа мутахассисларига бу борада бошланган ишларни жадаллаштириш мақсадида жорий йилда 5 та коннинг 3D-геологик, 24 та коннинг 3D-гидродинамик ва 19 та коннинг янги 3D-тармоқ моделларини яратиш борасида зарур кўрсатмаларни берди.

Белгиланган рақамлаштириш ишларининг самарали амалга оширилиши Республика аҳолиси ва иқтисодиёти тармоқларининг ёқилғи-энергетика ресурсларига нисбатан тобора ошиб бораётган талабини қондириш мақсадида углеводород қазиб чиқариш ҳажмларини оширишга катта ҳисса қўшиши алоҳида таъкидланди.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан соҳани рақамлаштириш ва бу орқали углеводород хомашёсини қазиб чиқаришни қўпайтириш йўналишларида амалий ишлар давом эттирилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг