Ўзбекистонлик ёш тадқиқотчи саратон хасталигини эрта аниқлайдиган дастур яратди
Мамлакатимизда ёшлар ўртасида «Энг фаол ёш дастурчи» танлови ташкил этилди. Кеча, 29 июн куни Тошкентдаги Инҳа университетида ғолибликни қўлга киритган ёш дастурчиларни тақдирлаш маросими ўтказилди.
Маросимда Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси А.Эшонхўжаев сўзга чиқиб, ғолибларни табрикди.
Танловнинг республика босқичида мутлоқ ғолибликни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг «Дастурий таъминот» кафедраси доценти в.б. Ортиқ Рўзибоев эгаллади. Унинг Республика онкология ва радиология ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт маркази билан ҳамкорликда яратилган «Маълумотлар интеллектуал таҳлили усуллари асосида кўкрак бези ва бачадон бўйни саратонини ташхислаш алгоритмлари ва дастурий таъминоти» ишланмаси бу йилги танловнинг энг долзарб муаммоларни ҳал этувчи лойиҳа деб тан олинди.
ТАТУ Қарши филиали мустақил тадқиқотчиси Фируза Ачилова иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, университетнинг Нукус филиали ассистент-ўқитувчиси Азизбек Қодировга учинчи ўрин насиб этди. Ғолибларга диплом, пул мукофотлари ва эсдалик совғалари топширилди. Қолган иштирокчилар ҳам диплом ҳамда совғалар билан тақдирланишди.
Ортиқ Рўзибоев, «Энг ёш фаол дастурчи» танлови республика босқичи 1-ўрин соҳиби:
— Ишланмам аввалига Тошкент шаҳридаги поликлиникалар базасида жорий этилиб, синовдан ўтказилиши, кейинчалик эса оилавий шифохоналарда тиббий муаммоларни ечиш учун яратилган дастурий таъминот асосида кўкрак ва бачадон бўйни саратони касаллигини эрта аниқлаш ва ечимини топишга қаратилган. Шунингдек, маълумотлар намуналарини ҳисоблаш ва дастурий таъминотдан фойдаланиш даражасини кенгайтириш мақсадида фойдаланувчилар учун мазкур дастурий таъминотнинг батафсил тавсифи юзасидан методик қўлланмани нашр этиш кўзда тутилган.
Усмонжон Йўлдошев,
«Xabar» мухбири
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter