Ўзбекистон-Қозоғистон ахборот технологиялари форуми бошланди
Тошкентдаги Инҳа университети(IUT)да 25 октябрь куни Ўзбекистон-Қозоғистон ахборот технологиялари форуми бошланди. Бу ҳақда АКТ вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Форумда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов, Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Асқар Жумагалиев, Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари Олимжон Умаров, мамлакатимиз давлат органлари ва тадбиркорлари вакиллари, Қозоғистоннинг 20дан зиёд компаниялари вакиллари иштирок этди.
Тадбирни очган Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари Олимжон Умаров қатнашчиларни Ўзбекистон-Қозоғистон ахборот технологиялари форуми бошлангани билан қутлади.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов Ўзбекистонда IT-технологиялар ривожланишининг асосий тенденциялари ҳақида сўз юритиб, уларнинг миллий иқтисодиёт равнақидаги аҳамиятига тўхталди. Таъкидланишича, рақамли технологиялар мамлакатимиздаги ижтимоий ва иқтисодий шарт-шароитлар даражасини тубдан ўзгартирди.
Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Асқар Жумагалиевнинг айтишича, бугун — инновацион ривожланишга ёлғиз эришиб бўлмайдиган шароитда, ушбу учрашув АКТ соҳасидаги сермаҳсул ўзаро ҳамкорликка замин яратади.
Тадбир давомида тақдимотлар намойиш қилинди. Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг рақамли иқтисодиётни ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи Азамат Караматов «Ўзбекистонни рақамли ўзгартириш дастури» тақдимотини қатнашчилар эътиборига ҳавола қилди.
«Зерде» АЖ Миллий инфокоммуникация холдинги бошқаруви раиси ўринбосари Жанат Жахметова «Рақамли Қозоғистон» Давлат дастури тақдимотини ўтказди.
Учрашув якунлари бўйича томонлар ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумлар имзоланди. Хусусан, «Universal Bank» АТБ Қозоғистоннинг «Казтелепорт» АЖ ахборот технологиялари компанияси билан ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолади. Шунингдек, «UZINFOCOM Ягона интегратори» ва Қозоғистоннинг «Миллий ахборот технологиялари» акциядорлик жамияти томонидан ҳамкорлик тўғрисидаги битим ва меморандумларга имзо чекилди.
Форум Тошкентдаги Инҳа университетида соғлиқни сақлаш, телемедицина, таълим, ахборот технологиялари йўналишларидаги шўъба йиғилишларида давом этмоқда.
Тадбир доирасида яна қатор битим ва меморандумларни имзолаш режалаштирилган.
Форум 27 октябргача давом этади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter