Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Замонавий мактаб»: сифатли таълим, намунали бошқарув, малакали мутахассис, қулай инфраструктура

«Замонавий мактаб»: сифатли таълим, намунали бошқарув, малакали мутахассис, қулай инфраструктура

Фото: «Phonoteka.org»

Бугун ҳар бир ота-она фарзандининг таълим сифати ва шарт-шароити юқори мактабда таҳсил олишини истайди. Қолаверса, сўнгги йилларда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга мос равишда таълим муассасаси ҳам ҳар тамонлама ривожланган, қисқача айтганда, замонавий қиёфада бўлиши лозим. Шу ўринда мактаблар ўзи қандай аҳволда, қайси бири қай жиҳатдан кучлироқ ёки аксинча, қай даражада орқада қолаяпти, деган саволлар туғилиши табиий. Яъни бугун ўзига хос умумтаълим муассасалари рейтингига эҳтиёж бор.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Замонавий мактаб»ларни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги (2019 йил 26 ноябрдаги ПҚ-4537-сон) қарорида айнан шундай рейтинг тизимини яратиш вазифаси қўйилган эди. Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида, Ofsted тажрибасини ўрганиб ва Жаҳон банки экспертларини жалб қилган ҳолда ҳамда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси билан ҳамкорликда «Замонавий мактаб»ларга қўйиладиган талаблар ва улар асосида умумий ўрта таълим муассасаларини баҳолаш мезонлари ҳамда методикаси» ишлаб чиқилди.

Дастлаб «Замонавий мактаб»ларга қўйиладиган талаблар ҳақида сўз юритамиз. Талаблар асосий 4 та соҳа, 11 та бўлим ва 38 та мезонга бўлинган бўлиб, умумий ўрта таълим муассасалари тўплаши мумкин бўлган жами балл – 1000 балл деб белгиланган. Ҳар бир мезон алоҳида индекс сифатида ҳисобланиб, якунда тўплаган баллга қараб муассасалар рейтинги тузилади.

«Замонавий мактаб»ларга қўйиладиган талабларнинг асосий соҳалари ва уларга ажратилган баллар

1-жадвал

Умумий ўрта таълим муассасаларини «Замонавий мактаб»ларга қўйиладиган талаблар асосида баҳолаш электрон платформа орқали ҳамда эксперт баҳолаш методлари ёрдамида аниқланиб, маълумотларни махсус яратилган электрон платформага киритиш, мутахассислар томонидан жойига чиққан ҳолда ўрганиш орқали амалга оширилади.

«Замонавий мактаб»ларга қўйиладиган талаблар асосида баҳолаш метододикаси»да асосан 3 турдаги балл ҳисоблаш мавжуд. Булар – кўрсаткичли (бунда белгиланган кўрсаткичларнинг мавжудлиги ва ҳолатига қараб баллар йиғилади), фоизли (бунда баҳоланаётган мезонлар нисбат орқали аниқланиб, натижага қараб баллар тақсимланади) ва пропорцияли (бунда кўрсаткичлар формула орқали ҳисобланганда, энг кўп балл тўплаган муассасага кўрсаткич учун ажратилган максимум балл берилади, қолган мактаблар биринчи ўриндаги мактаб тўплаган баллга нисбатан ўз тўплаган балларига мувофиқ пропорцияда максимумга нисбатан камайиш тартибида баҳоланади).

Бундан ташқари, умумий ўрта таълим муассасаларини «Замонавий мактаб»ларга қўйиладиган талаблар асосида баҳолаш тартиби ҳам белгиланган бўлиб, унда иш жараёнини ташкил этишнинг барча босқичлари батафсил ёритилган.

«Замонавий мактаб»ларга қўйиладиган талабларнинг бўлимлари ва уларга ажратилган баллар

2-жадвал

Умуман олганда, белгиланган мезонлар умумий ўрта таълим муассасаларини комплекс баҳолашга, уларни «Замонавий мактаб»га қўйилган талабларга қанчалик мослигини аниқлашга қаратилган. Баҳолаш натижалари «Замонавий мактаблар»га қўйиладиган талабларга мос келадиган муассасаларга тегишли даражадаги мувофиқлик сертификати бериш, шунингдек, умумий ўрта таълим муассасаларини «Замонавий мактаб» талабларига мувофиқлаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш учун ҳам асос бўлиб хизмат қилади.

Лойиҳанинг амалда татбиқ этилиши

Белгиланган талаблар 2 босқичда тажриба-синовдан ўтказилди. Дастлабки босқичда республикамизнинг турли ҳудудларидан 11 та мактаб танлаб олиниб, қўйилган талаблар асосида баҳоланди. Апрабацион баҳолаш натижаларига кўра, «Замонавий мактаб»ларга қўйиладиган талаблар такомиллаштирилди. Кейинги босқичда Шайхонтоҳур туманидаги 4та мактабда баҳолаш амалга оширилди. Бунда анкета-сўровнома, дастлабки ўрганишдан ўтказиш ҳамда «Экспертлар гуруҳи» тузган ҳолда жойида ўрганиш каби босқичлар асосида натижалар таҳлил қилинди.

Биринчи баҳолашни ўтказиш учун барча ҳудудлардан 3 тадан турли катталик ва турли ҳолатдаги жами 42 умумтаълим муассасалари танлаб олинди, бу орқали ишлаб чиқилган методика барча турдаги мактабларда қўлланиши мумкинлиги ҳам синовдан ўтказилди.

Натижада, ушбу 42 та мактабдан 8 та (19%) мактаб «Замонавий мактаб» мақомига эга бўлди, 34 таси (81%) эса мезонларга тўлиқ жавоб бермагани аниқланди.

«Замонавий мактаб» мақомига эришган мактаблар ва уларнинг натижалари қуйидагича:

– 1 та мактаб – «2-даражали «Замонавий мактаб» мақоми;

– 7 та мактаб – «3-даражали «Замонавий мактаб» мақоми.

Баҳолаш натижасида ҳар бир мактабга 38 та мезон бўйича кўрсаткичларни яхшилаш бўйича тавсиялар берилади ва «Замонавий мактаб» даражасига олиб чиқиш бўйича манзилли чора-тадбирлар белгиланади.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, янги рейтинг тизими анологи мавжуд бўлмаган, мактаб фаолиятининг барча йўналишларини қамраб олишга қаратилган. Жорий этилганда юзага келиши мумкин бўлган камчиликларни бартараф этиш механизмлари ҳам белгилаб берилган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, «Замонавий мактаб»ларга қўйиладиган талаблар ҳамда улар асосида умумий ўрта таълим муассасаларини баҳолаш методикаси ва тартиби»ни амалиётга жорий этиш орқали юртимиздаги умумтаълим муассасаларини ҳозирги ҳолатини тўлиқ ўрганиш, уларни «Замонавий мактаб»ларга қўйиладиган талабларга мослаштириш бўйича амалий ишларни аниқ белгилаб олиш имкони туғилганлигидан келиб чиқиб, йил якунига қадар республика бўйлаб 751 та умумтаълим мактаблари «Замонавий мактаб»лар мезонлари асосида баҳоланиши режалаштирилган.

Хулоса ўрнида...

 Ушбу тизим ота-оналар учун фарзандларини умумий ўрта таълим муассасасига беришда ўзларига мос мактабни танлашда кўмакчи бўлади, деган умиддамиз. Зеро, яратилаётган махсус платформада мактаблар ҳақида барча керакли маълумотлар жамланиши кўзда тутилмоқда. Юртимизда замонавий мактаб мақомига сазовор мактаблар сони эса йилдан-йилга кўпайиб, келажак авлодларимиз юртга муносиб фарзанд бўлиб улғайишса ажаб эмас.

Сардор Раҳимбоев, Инновация, технология ва стратегия маркази Замонавий мактабларни баҳолаш ва сертификатлаш хизмати бошлиғи

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг