«Uzbekistan Research Online» платформасида чиққан мақолалар хориж нашрларидаги материалларга тенглаштирилади
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Нидерландиянинг «Elsevier» компанияси ҳамкорлигида 2018 йилдан амалга оширилаётган «Илм-фан – 2020» дастури доирасида ишлаб чиқилган «Uzbekistan Research Online» рақамли платформасидаги журналларда инглиз тилида эълон қилинган мақолалар хорижий илмий нашрларда чоп этилган илмий мақолаларга тенглаштирилди.
Бу бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси Раёсатининг 2020 йил 30 июлдаги қарори қабул қилинди.
Эндиликда «Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар ихтисосликлари рўйхатида»ги фан тармоқлари бўйича Digital Commons платформаси негизидаги «Uzbekistan Research Online» рақамли платформасига киритилган республика олий таълим муассасаларининг 41 та журналида етакчи хорижий олим-мутахассислар тақризидан ўтказилган ҳолда инглиз тилида чоп этилган мақолалар диссертациялар асосий илмий натижаларини чоп этиш тавсия этилган хорижий илмий нашрларда эълон қилинган илмий мақолаларга тенглаштирилади.
Мазкур имконият юртимиз ёш олимлари ва тадқиқотчилари ўз илмий ишлари натижаларини эълон қилишда йиллар давомида тўқнаш келган қийинчиликларни бартараф этади ҳамда ОТМлар илмий салоҳиятини оширишга ҳисса қўшади, республикамиз илм-фан ютуқларини жаҳон илмий ҳамжамиятига тақдим этиш ва халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади.
«Uzbekistan Research Online» платформасида юртимиз ОТМларининг 41 та илмий журнали бирлаштирган бўлиб, унда икки марта аноним рецензиядан ўтказиш (double-blind peer review) конфигурациясини қўллаш имкони мавжуд ва халқаро стандартларга жавоб беради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter