Учинчи ренессанс даврига замин
Ҳар қандай жамиятнинг иқболи ва истиқболи ёш авлодга бўлган эътиборга боғлиқлиги аён. Президентимиз фаолияти ва қарашларининг муҳим йўналиши ҳам шунга қаратилгани бежиз эмас. Келажакнинг бунёдкори, эртанги куннинг ҳал қилувчи кучи — ёшларга муносабат масаласи давлатнинг устувор сиёсатига айлангани рост.
Мактабгача таълим, Халқ таълими ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари зиммасига юкланган вазифалар ҳам ана шу мақсадга қаратилган. Ёшлар борасидаги сиёсат таълимнинг узлуксизлигигагина эмас, балки узлуксиз тарбияга ҳам йўналтирилгани эътиборлидир. Биргина мисол сифатида Президент мактабларининг, атоқли адиблар номи билан боғланган ижод мактабларининг очилишини келтириш мумкин.
Президент Шавкат Мирзиёев «Янги Ўзбекистонни, албатта, ёшлар билан бирга қурамиз. 2020 йил ёшларга оид давлат сиёсатида туб бурилиш йили бўлади» — деганида қатъий ишонч ва аниқ режалар борлигини назарда тутаётгани сир эмас. Аниқ мақсадлар сари интилганда, шунга мос бўлган интеллектуал, салоҳиятли ёшлар ва баркамол авлод зарур.
Шавкат Мирзиёев 27 декабрь куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда ёшлар билан учрашувида ана шу масалаларни кўндаланг қўйгани ҳам бежиз эмас. Бунинг учун ўзи ва сўзи ибрат, илм-у амали билан ўрнак бўладиган ёшлардагина ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси, фуқаролик бурчини англаш ҳисси устувор бўлади. Бу эса келажак авлодга оид давлат сиёсатининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланиб, Ёшлар масалалари бўйича республика идоралараро кенгаши тузилишига имкон туғдирди.
Президент нутқида келтирилганидек, ҳозирда Ёшлар Иттифоқининг 7 миллион 690 минг нафар аъзоси мавжуд экан, бу рақам янгиланаётган, чин маънода ўзгараётган Ўзбекистоннинг истиқболини белгилайдиган катта куч эканини унутмаслик керак.
Президентимизнинг уч йил олдин ёшларга ишонч билдириб айтган ушбу сўзлари ҳамон қулоғимиз остида жаранглайди. «Халқ денгиз бўлса, ёшлар унинг тўлқинидир». Демак, ёшлик — умрнинг авжи ва мавжига қиёс.
Яқинда бўлиб ўтган видеоселекторда ана шу қудратли тўлқинга умид ва ишонч билан қараб шундай деди: «Ёшлар орасида «Мен Сизнинг ёнингизда туриб, камарбаста бўламан!» деб кўзи ёниб турган, билимли, жасоратли йигит-қизлар борлигига ишонаман. Етакчиликнинг, ўз ортидан эргаштиришнинг энг тўғри йўли шахсий ўрнак ва намуна бўлишдир».
Эргашувчи бўлиб юриш лидерлик, етакчилик нисбати эмас, балки эргаштирувчилик унинг сифатидир. Эргаштирувчи бўлиш учун ҳар томонлама ўрнак ва ибратли бўла олиш зарурдир. Ўзи ўзгаларга намуна бўлмаган инсонда лидерлик салоҳияти бўлмайди.
Учрашувда ёшлар ҳаётидаги муаммолар, долзарб вазифалар муҳокама қилиниши асносида уларнинг ечимига дахлдор бўлган муҳим ва ўзак масалалардан бири тилга олинди. «Бу ишларнинг барчаси тилимизга эътиборни кучайтириш, ёшларимизни миллий анъаналаримизга ҳурмат ва садоқат руҳида тарбиялашга қаратилиши»дир.
Президент айни пайтда бунинг жавобини ҳам ўзи келтириб ўтди. «Бу борада ёшларимизда нутқ маданияти ва нотиқлик маҳоратини ошириш учун ресублика ёш бадиий сўз усталари танловини ўтказиш бугунги давр талабидир».
Дарҳақиқат, ёшларнинг маънавий ва маърифий саводхонлиги ҳамда ўз фикрини эркин ва фаровон ифодалаш қобилияти бўлмаса, кўзланган мақсадга эришиш мушкуллиги аён.
Тасаввур қилинг, ўз ғоясини тушунтира олмаган лидернинг, тадбиркорнинг, фермернинг ҳамда режаси ва йўл харитасини равон баён эта олмаган ўқитувчи ёхуд раҳбарнинг, шунингдек, бошқа соҳа вакилларининг ҳаракати самараси, иш натижаси қандай бўлиши мумкин? Шунинг учун ҳам, иқтисоднинг, сиёсатнинг, халқаро майдонлардаги муносабатларнинг, молиявий, маънавий ва маърифий масалаларнинг алифбоси ҳам, ибтидоси ҳам нутқ маданияти ва нотиқлик маҳоратидир.
Юқорида таъкидлаганимиздек, лидер эргаштирувчи бўлиши керак экан, хўш, эргаштириш ниманинг бадалига бўлади? Албатта, қизиқтириш, ўзаро манфаат ҳосил қилиш эвазига шаклланади. Бу эса, ўз навбатида, нутқ маҳорати орқали рўёбга чиқади. Шундай экан, муаммолар ечими, масалалар бичими ҳам нотиқлик санъати билан. Таълимнинг калити нутқ билан, тарбиянинг калити хулқ билан бўлгани каби мулоқотнинг ҳам очқичи нутқ, муомаланинг тутқичи хулқдир.
Ана шунинг учун ҳам ёш раҳбарларнинг нутқ маданияти ва нотиқлик маҳоратини ошириш замон тақозосидир. Шу онда халқимизнинг «Ўзингга қараб кутарлар, сўзингга қараб кузатарлар» деган нақли беихтиёр ёдга келади.
Бугунги таҳликали замонда, глобаллашув даврида, айниқса, ғоялар кураши кескин тус олган пайтда мазмундор моҳиятга эга нутқ ҳам, маҳоратли, фикри теран, сўзга чечан нотиқлар ҳам сувдек, ҳаводек зарур. Чунки асосли, ҳаётий, самарали тарғибот ва ташвиқотгина халқни ишонтиради, руҳлантиради, улуғ ва қутлуғ мақсадлар сари илҳомлантиради. Акс ҳолда, душман ундан устомонлик билан фойдаланиб омма онгини заҳарлаши, турли оқимлар томон оғдириши, асосий мақсаддан чалғитиши, йўлдан оздириши ҳеч гап эмас. Жангда сен душманни отмасанг, у сени отади. Бу оддий мантиқ. Нотиқлик маҳоратидан унумли фойдалана олсак, биз ҳамиша ғолибмиз.
Ҳозирги замонда халқ қалби ва онги учун кураш кетаётган пайтда муҳим мафкуравий қурол - нотиқлик маҳоратини чуқур эгаллашимиз керак. Ушбу жаҳолатга қарши маърифат яроғидан, мафкуравий механизмдан айниқса, ёшлар тўла ва тўғри фойдалана олиши керак. Шунинг учун ҳам Президентимиз нутқ маданияти ва нотиқлик маҳоратини шунчаки мулоқот ва муомала манбаи эмас, балки маърифат ва маънавиятнинг, тарғибот ва ташвиқотнинг қуроли сифатида ҳис этиб, бундан фойдалана олиш миллий ғоямиз ҳимоясига дахлдор эканини уқтираётган бўлсалар ажаб эмас. Чунки ғоямиз — ҳимоямиз, ҳимоямиз эса ғоямиздир. Бу эса мафкуранинг маёғи, ғоямизнинг байроғи ва яроғи нотиқлик маҳоратини эгаллаш билан амалга ошади.
Президент ўз нутқларида маърифатпарвар адиб Фитратнинг «Бу дунё кураш майдонидир. Соғлом тан, ўткир ақл ва яхши ахлоқ бу майдон қуролидир», — деган сўзларини ҳам бежиз эслатмади. Ақлан, руҳан ва жисмонан соғлом авлод баркамол бўлганидек, хулқий ва нутқий маданиятга эга бўлган инсон комил инсон саналади.
Президент ишонч билдириш асносида юртимизда иқтидорга, лидерлик салоҳиятига эга ёшлар кўплиги учун ҳам мамлакатимизда учинчи ренесанс даврига замин борлигини рўйи рост эътироф этди. Эришилаётган ютуқларимиз кўп, лекин улар ҳали етарли эмас. Давлат раҳбари ёшлар билан учрашувда айтганидек, ёшларимиз замонавий билим ва тараққиёт чўққиларини эгаллаб, ўз маънавияти ва тафаккури билан барчага ибрат ҳамда намуна бўлиши керак. Бунинг учун улар ватан равнақини ўз ҳаётининг мазмуни деб билишлари, ёшлик умрнинг беғубор, улкан орзу-умидлар ва имкониятлар даври эканини теран ҳис этишлари лозим.
Учрашув жараёнида Президентнинг ҳароратли ва мазмундор нутқида юксак ишонч, ҳамжиҳатликка чорлов, елкадош бўлиб, белни маҳкам боғлаб, қўлни қўлга, дилни дилга бериб ишлаш туйғуси уфуриб турди. Буларнинг барчаси тарғибот ва ташвиқотнинг таъсирчан механизми, саводхонлик мезони оғзаки ва ёзма нутқ маданияти, нотиқлик маҳоратига бориб боғланишини англамаслик мумкин эмас. Ваҳоланки, тил тактикаси тараққиёт стратегиясининг таъсирчан ва инновацион механизмидир.
Раҳимбой Жуманиёзов,
ТИҚХММИ матбуот хизмати раҳбари, филология фанлари номзоди
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter