Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Туркия ўзбекистонлик иқтидорли ёшлар учун таълим грантларини кўпайтирмоқчи

Туркия ўзбекистонлик иқтидорли ёшлар учун таълим грантларини кўпайтирмоқчи

Абдуллоҳ Эрен ҳамда Иномжон Мажидов.

Фото: «YTB»

Туркия ҳамда Ўзбекистон ўртасида таълим соҳасида жиддий янгиликлар кутилмоқда. Бу ҳақда Хориждаги турклар ва қардош халқлар бошқармаси (YTB) раҳбари Абдуллоҳ Эрен Тошкентда журналистлар билан учрашувда маълум қилди.

Туркиялик меҳмон сўнгги бир неча кун давомида Ўзбекистондаги давлат ташкилотлари ҳамда таълим муассаларида музокаралар ўтказгани ҳақида сўзлаб берди. Хусусан, Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов билан учрашувда ўзбекистонлик иқтидорли ёшларнинг Туркия давлат олий таълим муассасаларида ўқиши имкониятлари муҳокама этилган. Вазир иқтисодиёт тармоқлари талаб ва эҳтиёжига кўра муҳандислик, техника, кимё, архитектура, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт каби мутахассисликлар бўйича магистратура ва докторантура таълимига эътибор қаратишни тавсия этган.

Абдуллоҳ Эреннинг маълум қилишича, айни пайтда  Туркияда 1000 дан зиёд ўзбекистонлик талаба таҳсил олмоқда, улардан 150 нафарига ҳукумат гранти берилган.

Абдуллоҳ Эрен ташриф давомида Туркияда таҳсил олган ўзбекистонликлар билан ҳам учрашди. Фото: «YTB»

«Биз қардош Ўзбекистондан янада кўпроқ ёшлар Туркияда ўқишини истаймиз. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидаги музокараларда ҳам айни шу жиҳатни муҳокама қилдик. Мамлакатимизда дунёнинг турли ўлкаларидан келган 170 мингдан зиёд хорижлик талаба таҳсил кўрмоқда, улардан 17 минг нафари Туркия ҳукумати стипендияси совриндори саналади. Ҳамкорликдаги ҳаракатларимиз самараси ўлароқ, улар сафида ўзбекистонлик иқтидор эгалари янада кўпайишига ишончим комил», – дейди Хориждаги турклар ва қардош халқлар бошқармаси раҳбари.

Юқори мартабали меҳмон Ўзбекистонда Туркиянинг етакчи олий ўқув юртлари филиалларини очиш имкониятлари ўрганилаётганини ҳам қайд этди.

«Ўзбекистон сиёсий, иқтисодий, маданий ва демографик омилларга кўра Марказий Осиёда етакчи ўрин тутади. Кўҳна маданият ва муаззам тамаддун бешиги бўлган ушбу замин бизнинг ота юртимиз эканини алоҳида таъкидлашни истардим. Шу боис ҳам бир қардош Ўзбекистон билан ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратамиз», – дейди Абдуллоҳ Эрен.

Хориждаги турклар ва қардош халқлар бошқармаси 2010 йил 6 апрелда ташкил этилган. Бошқарма Туркиянинг хориждаги фуқаролари ва қардош халқлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда ҳукумат стипендиялар дастурларини мувофиқлаштириш билан шуғулланади. 2018 йил 27 октябрдан буён тузилмага Абдуллоҳ Эрен раҳбарлик қилиб келмоқда.

С.Салим

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг