Тошкентда Япония рақамли университети ташкил этилмоқда
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 2 декабрда «Тошкент шаҳрида Япония рақамли университетини ташкил этиш тўғрисида»ги 762-сон қарори қабул қилинди.
АКТ, дастурий таъминотни ишлаб чиқиш, ахборот тизими ва компьютер тармоқларини бошқариш бўйича олий маълумотли рақобатбардош кадрларни тайёрлаш ҳамда бошқалар университетнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланди.
Қарорга мувофиқ, Тошкент шаҳридаги Япония рақамли университети нодавлат олий таълим муассасаси ҳисобланади.
Университетда ўқитиш Япониянинг Отемае университети, Токио онлайн университети ва бошқа нуфузли ОТМ ҳамда ЎзР давлат таълим стандартлари талаблари инобатга олинган ҳолда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган ўқув режалари ва фан дастурларига мувофиқ япон ва ўзбек тилларида тўлов-контракт асосида амалга оширилади.
Университетда бакалавриат таълим йўналишлари бўйича кундузги ва масофавий таълим шаклларида кадрлар тайёрланади.
2020/2021 ўқув йили ҳамда кейинги ўқув йилларида университетга қабул қилиш параметрлари Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланади.
«Муҳандис-дастурчи» бакалавриат таълим йўналиши бўйича университетга талабаларни қабул қилиш 2020/2021 ўқув йилидан, «Компьютер графикаси ва дизайн» бакалавриат таълим йўналиши бўйича – кейинги ўқув йилидан бошлаб амалга оширилади.
Ҳар йили ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг қобилиятли, иқтидорли ҳамда ўзлаштириш кўрсаткичлари юқори бўлган фарзандлари танлов асосида бепул (университет гранти асосида) 10 нафардан кам бўлмаган абитуриентлар ўқишга қабул қилинади.
Битирувчиларга олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган Япония университетлари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг белгиланган намунадаги дипломлари берилади.
Университет Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Тошкент шаҳар, Учтепа тумани, Кичик халқа йўли кўчаси 21-а уй манзилидаги 3-ўқув биносининг биринчи қаватига жойлаштирилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter