Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Таълим муаммолари дарсликлардан бошланмоқда

Таълим муаммолари дарсликлардан бошланмоқда

Фото: «Uz24.uz»

Мақолани ёза бошлаганимда бир воқеа эсимга тушиб кетди.

2017 йил июл ойи охирлари эди. «Ўзбекистон» телеканали орқали «Муносабат» кўрсатуви тўғридан-тўғри эфирга узатилаётган пайтда таниқли адабиётшунос олим Омонулла Мадаев кириш имтиҳонлари учун она тили фанидан тузилган битта тестни муҳокама қилиб, унинг ўта мураккаб эканини таъкидлади ва «Тест тузаётганларнинг фарзанди борми? Агар бўлганда, бундай мужмал тестларни тузмасди», — деб ёниб-куйиб гапирди.

Мен ҳам шу устозникига ўхшаган фикр айтмоқчиман, яъни дарсликларни яратаётган муаллифлар орасида мактабда дарс берадиган (қачонлардир ишлаб кетган эмас), амалиётни тушунадиган, ўқувчининг психологик-физиологик хусусияти билан ҳисоблашадиган мутахассислар борми?

Алишер Навоийнинг «Хамса» асаридаги «Лайли ва Мажнун» достонини ҳаммамиз севиб мутолаа қилганмиз. Айримлар ҳазрат Навоийга «Лайли унчалик гўзал эмас-ку ҳажрида мажнуну девона бўлишга арзигулик?» дейишганда, улуғ шоир Лайлининг гўзаллигини пайқаш учун унга Мажнуннинг кўзи билан қарамоқ жоизлигини айтган экан.

Мактаб дарслигига ҳам олим кўзи билан эмас, балки мактаб ўқитувчисининг кўзи билан қараш керак. Профессор мустақил ҳолатда талаба учун чиройли дарслик яратиши мумкин, мактаб ўқувчиси учун эса...

Дарсликларни тажриба синов майдончаларида икки юз-уч юз ўқувчида синаб кўриб минглаб ўқувчига татбиқ қилиш адолатданми? Яна бундай тажрибалар Тошкент шаҳрининг энг кўзга кўринган аълочилар ўқийдиган мактабида ўтказилса!

Мактаб дастури қанчалик мураккаблашса, ўзлаштириши қийин бўлган ўқувчилар сони шунчалик ортиб, билим сифати «манфий»га ўтиб кетади. Иқтидорли ўқувчилар масаласига келсак, улар учун алоҳида дарслик ва адабиётлар мавжуд-ку?

Биз институтда ўқиган пайтларимизда ўзи ёш, лекин билими зўр бир домла бор эди. Шу домла кучли билими бўлгани билан мавзуни тушунтиришга қийналарди. Тўғри, ҳозир ҳам салоҳиятли ўқитувчиларимиз кўп, лекин ўқувчи миясининг 90 фоизи телефон ва компютерлардаги электрон манбалар билан тўлган. Истаймизми-йўқми, шундай.

Ҳозирги 10-синф математика дарслиги, тўғриси, биз институтда ўрганган мавзулар билан бойитилган, унда она тилиям бор, информатикаям бор...

Мисол тариқасида 10-синф математикасининг «Алгебра» қисмини олайлик.

  1. Мулоҳазалар. Инкор, конъюнкция ва дизъюнкция.
  2. Мантиқий тенгкучлилик, мантиқий қонунлар.
  3. Имликация, конверсия, инверсия, контрапозиция.
  4. Предикатлар ва кванторлар.
  5. Тўғри фикр юритиш (аргументация) қонунлари.

Ўқувчиларимиз математикани аниқ фан сифатида билишади. Юқоридаги мавзуларни киритишда муаллифлар нимани назарда тутишган?!

Геометрия қисми эса физикадаги «Броун ҳаракати»нинг ўзгинаси.

Президентимиз 10—11-синфларга қайтиш бўйича фикр билдирганида дарсликларни шошиб, пала-партиш ёзиб ташлашни назарда тутмаган-ку?!

Дарслик муаллифларига илгариги 10—11-синфлар учун тузилган дарсликларнинг қайси жиҳатлари номаъқул келдики, уларни бутунлай ўзгартириб юборишга сабаб бўлса?!

Муаллифларнинг таъбири бўйича республикамизда улар келтирган мавзуларни ўқувчиларга қойилмақом қилиб етказиб берадиган профессионал ўқитувчилар етарлидай. Ваҳоланки, 408 мингдан ортиқ ўқитувчидан 3 фоизи олий тоифали, 12 фоизи 1-тоифали, 50 фоизи мутахассис, қолганлари...

Ўқитувчи ва шифокор хато қилиши мумкин эмас. Шифокорнинг хатоси ногиронликка ёки ўлимга олиб келса, ўқитувчининг хатоси ўқувчи келажагини барбод қилиши мумкин.

Ҳурматли муаллифлар, дарслик яратаётганингизда мамлакат бўйича ҳар бир синфда беш юз мингдан ортиқ ўқувчи таҳсил олаётганини, улар тақдирининг бир қисми сизга ҳам боғлиқ эканини асло унутманг.

Муроджон Хўжаниёзов,
м
атематика фани ўқитувчиси.
Тўрткўл тумани.


Таҳририятдан: юртдошларимиздан ушбу мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини электрон почтамиз ([email protected]) ёки «Telegram»даги (+99890) 357-97-00 рақамига ёзиб юборишларини сўраймиз. Ислоҳотлар жараёнига Сиз ҳам ўз ҳиссангизни қўшинг!

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг