Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Скрипка чалишдан шифокорликкача» — АҚШдаги жарроҳ Қудрат Раҳимходжаев ҳикояси

«Скрипка чалишдан шифокорликкача» — АҚШдаги жарроҳ Қудрат Раҳимходжаев ҳикояси

«Хориждаги ватандошлар»да бу сафарги суҳбатдошимиз АҚШда жойлашган «St. Francis Memorial Hospital Dignity Health Group» клиникаси жарроҳлик бўлими мудири Қудрат Раҳимходжаев бўлди. Қаҳрамонимиз Фарғона вилоятида туғилган. 2004 йил Қўшма Штатларга кўчиб ўтган.

 3 йил скрипка чалиш бўйича дарслар олганман

Марғилон шаҳрида зиёлилар оиласида туғилганман. 7 ёшимдан 15 ёшгача Марғилондаги, аниқроғи Ёвқочар маҳалласи қошидаги ўрта таълим мактабида таълим олганман. Биз таълим олган пайтлар ўқувчилар учун икки имконият бериларди, яъни сиз саккизинчи синфни битириб маҳаллий 2-3 йиллик техникумларга кириб касб ўрганишингиз ёки ўнинчи синфни бира тўла тамомлаб ОТМга киришингиз мумкин эди.

Мен саккизинчи синфни аъло баҳога битириб 1988 йил Марғилон тиббиёт билим юртига ўқишга кирдим. У ерни 3 йилда қизил диплом билан тамомладим. Ўша вақтлар шифокор бўлиш орзуим бўлиб, 1991 йил Андижон давлат тиббиёт институти талабасига айландим.

Ёдимда бола пайтларим 3 йил скрипка чалиш бўйича дарслар олганман, лекин бу йўналишда ўз илҳомимни топмадим, скрипка чалишимдан кўра оддий ўзбек ғижжагининг куйи одамларга маъқулроқ эди. Мактаб йиллари, айниқса ёз фасли 2 ёки 3 ой Шоҳимардондаги Атлас фирмасига қарашли болалар оромгоҳида дам олардим, отам раҳматли ана шу йиллар ва кейинги йиллар Фарғона Ипак ишлаб чиқариш институти директори бўлиб ишларди, онам эса умрлари узоқ бўлсин, фармаколог бўлиб, Фарғона вилояти сил касаллиги диспансери дорихонаси мудири лавозимида меҳнат қилган.

Онам, 4 тоғам фармаколог, яна бир тоғам стоматолог бўлган

Тиббиёт йўналишини танлашимда онам ва тоғаларим ижобий таъсир кўрсатишган. Аниқроғи, онам, 4 тоғам фармакологлар, яна бир тоғам эса стоматолог бўлган. Ёшлигимда ҳар бирларининг ишхоналарига борар, меҳнат фаолиятларини ўрганардим. Беморлар билан биргаликда мулоқотда бўлишлари, оғирларини енгил қилишлари ва беморларнинг бундан жуда мамнун қиёфаларини кўриб хурсанд бўлардим. Шу тариқа, шифокор бўлиш, беморларни даволаш ва энг асосийси оила аъзолари бағрига соғлом бўлиб қайтишларини таъминлаш мен учун жуда олийжаноб мақсадга айланган.

2004 йил АҚШга кўчиб келдик

АҚШга келишимиз, ўзига хос тарихга эга. 2002 йил рафиқам Нозимахон Тожиматова билан турмуш қурдик. Турмуш ўртоғим 2004 йил АҚШнинг Калифорния штатидаги компанияларидан бирига ишга таклиф қилинди ва ана шу йил биз оилавий 3 киши (унда катта қизим 1,5 яшар эди) АҚШга келдик.

Қўшма Штатларга келиб шуни билдимки, олган билимларимни мамлакатда қўллашим мумкин. Шундай қилиб тиббиёт соҳасида иш бошладим.

2007 йилдан ҳозирга қадар «St. Francis Memorial Hospital Dignity Health Group» жарроҳлик бўлими мудири лавозимида ишлаб келмоқдаман. Шифохонамиз замонавий ускуналар ва технологиялар билан жиҳозланган, 10 та жарроҳлик хоналарига эга.

Жарроҳлик бўлими мудири сифатида вазифаларимга қуйидагилар киради:

Жарроҳликдаги тартиб ва қоидаларни режалаштириш, интизомий масалаларга расмий жавоблар тайёрлаш, шунингдек, лицензиялаш, аккредитация, тартибга солиш стандартларига мувофиқлигини назорат қилиб бораман ва баҳолайман.

Қийинчиликларни кўпинча олдиндан айтиб бўлмайди

Чет элга чиқиш ёки кўчиб бориш учун фикримча қандайдир жасоратга эга бўлиш керак. Чунки одам номаълум ерга, мамлакатга қадам қўяди ва бундай ҳолатларда ноаниқликлар пайдо бўлиши ҳам табиий. Сизнинг кундалик одатларингиз қийинлашади, қийинчиликларни кўпинча олдиндан айтиб бўлмайди.

Хорижда яшаш ўзингизга нисбатан ва атрофингиздаги ҳаётга янги дунёқарашларингизни шакллантиради. Ўзингизни бегонадек ҳис этиш – бу, чет элда яшашнинг асосий қийинчиликларидан бири.

Янги таомлар – АҚШнинг, айниқса шарқий ва ғарбий қирғоқдаги шаҳарларда турли миллат вакиллари истиқомат қилишади. Шу билан бирга мана шу ҳар бир миллат вакиллари ўзларининг турфа таомларига бой ресторан ва кафелари одамларга хизмат қилади.

Бошқа меҳнат маданиятига мослашиш ва қоғозвозлик – мен буни шундай айтишим мумкин: Хорижий давлат - Янги иш - Янги маданият.

Ўзга юртда яшашни бошлар экансиз, энг асосий қийинчиликлардан бири бу моддий ҳолатингизни мунтазам ушлаб туришни таъминлаш. Агар чет тилини яхши билмасангиз, даромадли ишга кира олмайсиз, чет тили заифлиги сизнинг маошингизга ҳам жуда қаттиқ таъсир қилади. Қоғозбозлик борасида - сизга визалар, ишлаш учун рухсатномалар, самолёт чипталари, суғурта, тиббий кўрикдан ўтганлик тўғрисида гувоҳнома ва бошқа нарсалар зарур бўлади.

Мени ҳайратда қолдирган нарса – бу ерда ойлик маош ҳақида сўраш ноўрин эканлиги бўлган. Маошни бир йил ичида қанча олиш тахминан рақамларда айтилади. Ишга доим ўз вақтида бориш лозим, йил мобайнида фақат 7 маротаба касаллик бўйича ишга бормасангиз бўлаверади. Эътиборлиси, иш куни белгиланган вақтдан ортиқча ишласангиз, автоматик равишда 1,5 баравар кўп ҳақ тўлана бошлайди.

Яна бир муҳим жиҳат АҚШда имкон қадар тиббий суғуртага эга бўлиш керак. Боиси мамлакатда тиббий хизмат жуда қиммат. Тиббий суғурталар одатда иш берувчилар томонидан ходимларга тақдим этилади.

Хорижда яшашнинг ҳам ижобий жиҳатлари бор. Масалан, янги дўстлар орттирасиз, тил ўрганасиз, нотаниш бўлган турли хил янги таомлардан баҳраманд бўласиз, ўзингизга бўлган ишонч янада кучаяди, кўпроқ саёҳат қилиш имкониятлари пайдо бўлади, мустақил бўлишга эришасиз, ҳар бир кунингиз янги бир саргузаштдек ўтади.

Кечаги кундан сабоқ ол...

Саволингиз албатта ўринли, қаерда истиқомат қилишингиздан қатъий назар ҳаётда ютуқлар ва мувафаққиятcизликлар учрайди ва ўйлайманки ҳар бир инсон ўз мувафаққиятcизликларининг ечимини топишда алоҳида ёндашади. Мен ҳам ҳаётимда учрайдиган мувафаққиятcизликларимни ҳал қилишда қуйидагича ёндашишга ҳаракат қиламан. Биринчидан, аслида нима хоҳлаётганимни аниқлаб олишим ва ўзим учун ростгўй бўлишим керак бўлади. Ўзимнинг муаммоларимни ҳал қилиш учун бошқа одамларга қарам бўлмаслик, қилган ҳаракатларим ҳақида ўйлайман ва қаерда хато қилганимни ўрганаман. Ўйлашимча, ғазабланганда ёки хафа бўлганда қарор қабул қилмаслик, ҳеч қачон ўз қобилиятингизга шубҳа қилмаслик, агар одамлар сизга ёрдам қўлини чўзар экан рад қилмаслик лозим. Қуйидаги, япон мақолини ёқтираман: «Кечаги кундан сабоқ ол, бугун учун яша, эртанги кунга умид қил».

 Миллий байрамларимизни нишонлаймиз

2004 йили АҚШнинг Сан Франциско шаҳрига кўчиб келганимизда, шаҳар ва унга яқин шаҳарларда ўзбекистонлик юртдошларимиз саноқли эди. Йиллар ўтиб, ватандошларимиз сони орта бошлади, нафақат АҚШнинг шарқий қирғоғи, балки Калифорния, Вашингтон ва Орегон штатларида ҳам ҳамюртларимиз кўпайди.

2019 йили феврал ойида Сан Франциско ва кўрфаз атрофидаги шаҳарлараро ўзбекистонликлар жамияти маркази ташкил қилдик ва ҳозиргача мана шу жамият маркази раҳбари сифатида ишлаб келмоқдаман.

Жамиятимизнинг асосий мақсади cанъат, таълим ва спорт орқали ўзбек маданияти, тили ва қадриятларини ўсиб бораётган авлодларимиз ўртасида сақлаш, тарғиб қилиш ва мустаҳкамлашдир. Будан ташқари, юртдошларимиз билан кўплаб бошқа соҳаларда, жумладан тиббиёт, тиббий суғурта, ахборот технологиялари борасида юзма юз ёки онлайн учрашувлар қиламиз. Ижтимойий тармоқларда ҳам фикрлар ва янгиликлар алмашиб борамиз, миллий байрамларимизни нишонлаймиз.

Шахсий тиббий суғурта пакетларига эга

Қўшма Штатлардаги соғлиқни сақлаш модели тўғридан-тўғри тўлов тизимига таянади. Миллий тиббий суғурта моделлари мавжуд Ғарб давлатларининг аксариятидан фарқли ўлароқ, АҚШда одамлар шахсий тиббий суғурта пакетларига эга. Аксарият ҳолларда одамлар ўзларининг иш берувчилари орқали тиббий суғурта олишлари ҳам мумкин. Албатта тўловларни беморлар ўз чўнтакларидан эмас, балки тиббий суғурта томонидан амалга оширилади. Масалан, бемор шифокор қабулига борди ёки жарроҳлик муолажаларини олди. Шифокор офиcида суғурта компаниялари билан ишлайдиган махсус ходим беморга кўрсатилган тиббий кўрик ёки муолажа хизмати сумма миқдори ҳақидаги маълумотни суғурта компаниясига тақдим этади. Улар ана шу тўловларни шифокор офиcига жўнатади.

АҚШ тиббиёт тизимининг ижобий томонлари

- Сифатли тиббий хизматлар – агар премиум тиббий суғурта пакетини тўлаш имкониятингиз бўлса, соғлиғингиз билан боғлиқ муаммога дуч келганингизда сизга юқори даражадаги тиббий хизмат кўрсатилади.

- Муҳим ва шошилинч муолажалар учун минимал кутиш вақти –сизнинг соғлиғингиз ҳолати жуда жиддий бўлса мутахассис билан кўришиш учун узоқ вақт кутишингиз шарт эмас. Бундан ташқари, АҚШда тез ёрдам ходимлари томонидан бирламчи тиббий кўрик 20 ёки 15 дақиқа ичида амалга оширилади ва бирламчи кўрикдан сўнг сизни умумий ҳолатингизни баҳолаб керакли мутахассис бор шифохонага олиб боради. Қизиғи шундаки, агар бемор тез ёрдамни телефон орқали чақирса ва беморнинг манзилига тез ёрдам ходимларидан ташқари ўт ўчирувчилар ёки полиция ходими яқинроқ бўлса, шулардан бири етиб боради ва бирламчи тиббий ёрдам кўрсатади. Ўт ўчирувчилар ва полиция ходимлари доимий равишда шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича таёргарлик ўташади.

Етарли ресурслар – дунё бўйлаб аксарият мамлакатларда беморлар учун тиббий воситалар eтарли эмас. Қўшма Штатларда тиббий суғуртаси бўлган ҳар бир бемор зарурий тиббий ёрдам олиши учун eтарли ресурслар мавжуд.

Фармакология тизими жуда қаттиқ назоратда – АҚШда аҳолига шифокор кўрсатмалари орқали бериладиган дори-дармонлар қаттиқ назоратда олиб борилади. Яқинда Ўзбекистонга бориб шуни гувоҳи бўлдимки, кўплаб антибиотиклар дорихоналарда шифокор кўрсатмаларисиз аҳолига сотилар экан, албатта антибиотикларни нархи қиммат эмас, лекин бундай йўл ижобий натижаларга олиб келмайди.

Тушунтириб беришга ҳаракат қиламан, Ўзбекистонда, умуман МДҲ давлатларида туғилиб яшаб келаётган аҳоли кўп ҳолатларда ўзларига ўзлари шифокорлик қилишади. Яъни, оилада кимдир бетоб бўлса, вирус инфекцияси ёки микроб қўзғатувчилари бўлишидан қатъий назар, одамлар бир бирига ўзлари билган ёки ичган антибиотикларни тавсия қилишади. Биринчи навбатда бундай ҳолда организмда лаборатория усулида антибиотикларга сезувчанликка текширув қилиниши лозим. Мисол учун, нафас йўллари касаллигига бўғим касалликлари антибиотиклари ичилади. Ёки оддий гуруҳдаги антибиотик эмас, бирданига кучли антбиотик истеъмол қилинади. Бу одам организмидаги бактерия, вирусларга қарши янада кучлироқ антибиотиклар ичиш заруриятини пайдо қилади. Натижада одам организмидаги асосий тана аъзолари секин-аста ишдан чиқади.

АҚШда эса, шифокор қабулига борсангиз у сизни текшириб, антибиотик тавсия қилса, албатта оддий гуруҳга хос антибиотик тавсия қилади. Бу кўрсатмани сизнинг яшаш жойингизга яқин бўлган дорихонага электрон факс орқали жўнатади. Умуман, дорихона ходими шифокор кўрсатмасисиз ҳеч қандай антибиотик бермайди. Шифохоналарда айрим юқори назоратдаги дориларни беморларга беришдан олдин ҳам 2 ҳамшира дорининг номи, дозаси ва амал қилиш мудаттини қайтадан текшириб кейин беморга беради.

Шуҳратпарастлик туфайли оиласини йўқотади

Саволингиздан келиб чиқиб қуйидаги китобларни китобхонларга тавсия қилган бўлар эдим. Саймон Синекнинг «The Infinite Game» («Абадий ўйин»), Крис Воснинг «Never Split the Difference: Negotiating As If Your Life Depended On It» («Ҳеч қачон фарқликни ажратманг: ҳаётингиз бунга боғлиқ бўлгандек музокаралар олиб боринг»), Мэл Робинснинг «The 5 Second Rule: Transform your Life, Work, and Confidence with Everyday Courage» «Беш дақиқа қоидаси: ҳаётингизни, ишингизни ва ишончингизни жасорат билан ўзгартиринг»).

Киноларга тўхталадиган бўлсам, режиссёр Тайлор Хакфорднинг «The Devil's Advocate» («Шайтон адвокати») филмини тавсия бера оламан. Филм ахлоқий сабоқларга ўргатади. Унда шуҳратпарастлик туфайли бош қаҳрамон хотини, дўстлари ва оиласини йўқотади.

Келажакдаги режаларим ҳақида шуни айта оламанки, қаерда яшасам ҳам ўзбекистонлик эканимни ёдда сақлайман. Ўзим раҳбарлик қилаётган ўзбек жамияти орқали мамлакатимиз, тилимиз ва маданиятимиз тўғрисида Қўшма Штатдагиларга кўпроқ маълумот бериш, бу ерга келиб қийинчиликка учраган ҳамюртларимизга ҳар томонлама кўмак кўрсатиш борасидаги ишларимни давом эттирмоқчиман.

Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг