Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қишлоқ хўжалиги йўналишида янги сиртқи бўлим очилади

Қишлоқ хўжалиги йўналишида янги сиртқи бўлим очилади

Фото: «Darakchi»

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 14 март «Қоракўлчилик соҳасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА сайтида берилган.

Унга кўра, Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институтининг Бухоро филиали, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш марказига қарашли Бухоро чўл-яйлов озуқабоп ўсимликлар уруғчилиги илмий-ишлаб чиқариш маркази ташкил этилади.

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази бош директорига, зарур ҳолларда, Филиалнинг ва Марказнинг тузилмаларига ходимларнинг тасдиқланган умумий чекланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармаси доирасида ўзгартишлар киритиш ҳуқуқи берилди.

Бухоро вилояти ҳокимлигига бир ой муддатда қуйидаги вазифалар юклатилди:

— Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Республика «Қоракўлчилик» уюшмаси билан биргаликда Марказ томонидан чўл озуқабоп ўсимликлар уруғларини етиштириш мақсадида Бухоро вилоятининг тупроқ ва иқлим шароитидан келиб чиқиб 4 та участка ташкил этиб, уларга жами 1 000 гектар яйлов ер майдонлари ажратиб берилади.

Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда Филиал ва Марказ бир бинода жойлаштирилади.

Марказнинг чўл-яйлов ўсимликларнинг уруғликларини етиштириш ва уларни чўл ҳудудларда экиш билан боғлиқ харажатлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан, шу жумладан, 2018 йилда 2,5 миллиард сўм миқдорда ажратиладиган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси инқирозга учраган яйлов майдонларининг тикланиш даврида яйлов сифатида фойдаланилмаслиги устидан доимий назорат ўрнатади.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги йўналишидаги олий таълим муассасаларида 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб қоракўлчи селекционер ва чўл ўсимликлари яйловшуноси йўналишида сиртқи бўлимни ташкил этиш юзасидан асослантирилган таклифлар, шунингдек, Институт тузилмасини мақбуллаштириш ва унинг фаолияти самарадорлигини янада ошириш бўйича Ҳукумат қарори лойиҳаси тайёрланади.

2023 йил 1 январга қадар қоракўлчилик билан шуғулланаётган субъектлар ва қоракўлчилик маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналари қоракўлчилик учун зарур бўлган, республикада ишлаб чиқарилмайдиган, белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхат бўйича импорт қилинадиган материаллар учун божхона тўловлари тўлашдан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этилади.

Қорақўлчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари учун ягона ер солиғи ставкалари 2023 йил 1 январга қадар ўзгаришсиз қолдирилади ҳамда республика ҳудудида қоракўл териси ва жунини тайёрлаш ҳамда харид қилиш «Ўзбекчармпойабзал» ва «Қоракўлчилик» уюшмалари тизимидаги корхоналар томонидан олдиндан 50 фоиз бўнак тўлаш орқали амалга оширилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг