Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Педагогларнинг нуфузи ва ойлик иш ҳақи оширилади

Педагогларнинг нуфузи ва ойлик иш ҳақи оширилади

Фото: «Xabar.uz»

Президентнинг «Халқ таълими тизимидаги педагог ходимларнинг ижтимоий мавқеини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори лойиҳаси ҚҲТБТ порталига жойлаштирилди. Бу хақда «Norma.uz» хабар қилмоқда.

Лойиҳа билан ўқитувчиларнинг нуфузини янада ошириш ҳамда уларни ёшларга намуна ва ўрнак даражасига кўтариш мақсадида қатор чора-тадбирлар кўрилиши режалаштирилмоқда, жумладан:

  • энг яхши фан ўқитувчиларини хорижга  малака ошириш учун юбориш;
  • Касаба уюшмаси маблағлари ҳисобидан юртимизнинг тарихий-маданий марказлари ва ноёб табиат гўшаларига саёҳатларини ташкил этиш;
  • педагогларни давлат мукофотларига тавсия этиш салмоғини ошириш, тармоқда мукофотлар сонини кўпайтириш;
  • 1 йилда бир маротаба кенг қамровли бепул тиббий кўрикдан ўтказиш;
  • санаторий-соғломлаштириш муассасаларида дам олишлари кўламини кенгайтириш;
  • педагоглар сулолаларининг фаолиятини кенг оммалаштириш, улар орасида танловлар ўтказиш;
  • жамоавий танлаш ҳуқуқини инобатга олган ҳолда педагог ходимлар учун кийиниш стандартларини ишлаб чиқиш;
  • педагог ходимларни уларнинг лавозим вазифасига тааллуқли бўлмаган ишларга жалб этишни қатъиян тақиқлаш;
  • арзон уй-жойлар қурилиши дастури доирасида уй-жой сотиб олишлари учун узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредитлари бериш кабилар кўзда тутилган.

Ойлик иш ҳақи оширилади

2018 йил 1 сентябрдан бошлаб  умумий ўрта таълим муассасаларининг:

  • юқори синф ўқитувчилари ойлик иш ҳақларини - 24 фоизга,
  • бошланғич синф ўқитувчилари ойлик иш ҳақларини - 10 фоизга ошириш таклиф этилмоқда.

Бундан ташқари ташаббускор, маҳоратли, ўқувчилари фан олимпиадаларида совринли ўринларни қўлга киритган педагогларни ЭКИҲнинг 3 дан 20 бараваригача бир марталик моддий рағбатлантириш тартибини жорий этиш режалаштирилган.

Яна бир муҳим янгиликлардан бири  улардан ортиқча ҳисоботлар ва қўшимча маълумотларни талаб қилиш амалиёти қатъиян тақиқланади.

Директор жамғармаси маблағларини шаффофлик, ошкоралик ва адолатлилик принциплари асосида сарфлаш имконини берувчи янги тартиб ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилади.

Халқ таълими вазирлигига таълим муассасалари педагог кадрларининг ўқув юкламаларини  қайта кўриб чиқиш, таълим-тарбия сифатини ошириш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш ва 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб жорий этиш топширилади.

Педагогика йўналишидаги олий таълим муассасаларига қабул жараёнида абитуриентлар учун тест синовлари билан бирга битта фан блоки ўрнига ижодий имтиҳон киритилиши мумкин. Қолаверса, педагогика соҳасидаги таълим йўналишларига давлат гранти асосида қабул квоталарини кўпайтириш ҳам таклиф этилаётир.

Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг