«Навоий ворислари» кўрик-танловининг Республика босқичи ўтказилди (фото)
2019 йил 12-13 февраль кунлари Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий кенгаши томонидан Навоий шаҳрида буюк ўзбек шоири Навоий таваллудининг 578 йиллигига бағишлаб «Навоий ворислари» кўрик-танловининг республика босқичи ўтказилди.
Иккинчи бор ўтказилаётган кўрик-танлов Халқ таълими вазирлиги, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази хамда Навоий вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган.
Унда кўрик-танловнинг вилоят босқичларида ғолиб бўлган умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари иштирок этдилар.
Иштирокчилар тўрт шарт — энг кўп ғазал ёд олиш, ғазални бехато ва ифодали ўқиш, ғазал матнининг насрий баёнини ярата олиш, ундаги сўзлар мазмун-моҳиятини изоҳлаб бериш каби шартлар бўйича баҳслашди.
Кўрик-танлов давомида иштирокчиларнинг улуғ шоир ғазалларидан камида 70 тасини ёд олгани ва уларнинг насрий баёнини тақдим эта олиш қобилиятига эътибор қаратилди.
Танловда биринчи ўрин Юқори Чирчиқ тумани 33-умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Шукрулло Зикрияевга, иккинчи ўрин — Навбаҳор туманидаги 34-умумтаълим мактабининг 6-синф ўқувчиси Лобар Давроновага, учинчи ўрин эса — Боёвут туманидаги 29-сонли умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Хуршида Акбарқулова, Нуробод туманидаги 1-сонли умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Дурдона Исароваларга насиб этди.
Тадбир сўнгида кўрик-танлов ғолиблари ва иштирокчиларга Навоий вилояти ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий кенгашининг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Маруса Ҳосилова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter