Огоҳ бўлинг! Масофадан ўқитилган ва 3 йиллик сиртқи таълим дипломлари Ўзбекистонда тан олинмайди!
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспексияси Ўзбекистонда хорижий ОТМ томонидан берилган масофадан ўқитилган ва 3 йиллик сиртқи таълим дипломлари тан олинмаслигини маълум қилди.
Қайд этилишича, айни пайтда Ўзбекистонда олий таълим, кундузги, кечки ва сиртқи шаклда олиб борилади. Амалдаги қонунчиликда олий таълим олиш учун масофавий таълим шакли назарда тутилмаган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 24 июлдаги 620-сонли қарори билан билан тасдиқланган Низомнинг 5-боб 36-бандида маълумот Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида назарда тутилмаган таълим шаклида олинган бўлса тан олишни рад этишга асос бўлиши белгиланган.
Юқоридагиларга асосан хорижий ОТМларда масофадан туриб ўқигани учун берилган дипломлар Ўзбекистонда тан олинмайди.
Бундан ташқари, бир қатор хорижий ОТМлари томонидан бакалавриат учун 3 йил ёки ундан кам муддатга сиртқи таълим шакли бўйича ўқишга таклиф этилмоқда.
Юртимизда сиртқи таълимда ўқиш муддати 5 йил этиб белгиланган бўлиб, хорижий давлатларда касбий маълумот тўғрисида ҳужжат берадиган таълимнинг умумий меъёрий даври (тўлиқ умумий ўрта ёки ўрта маълумот олингандан кейин) Ўзбекистон таълим стандартларида назарда тутилган даврдан икки йилдан кам бўлса ҳужжатларни тан олиш рад этилиши белгиланган.
Шундай қилиб, хорижий ОТМларнинг бакалавриат йўналиши бўйича сиртқи таълим шаклида 3 йил ёки ундан кам муддатда ўқиб олинган дипломлари Ўзбекистонда тан олинмайди.
Қуйидаги ҳолатларда хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатлар махсус синовларсиз тан олинади:
- Ўзбекистон ҳудудида филиаллари мавжуд ОТМларни тугатганлар;
- Дунё университетлари рейтингида ТОП-1000таликка кирган ОТМларни тугатганлар;
- Мутахассисларни мақсадли тайёрлаш учун хорижий давлатлар томонидан ажратилган квоталар ҳисобидан хорижий ОТМларни тугатганлар;
- 1992 йил 1 январгача хорижий ОТМларга ўқишга кирганлар;
- Европа сифат кафолати ассоциацияси (ENQA) томонидан аккредитацияланган ОТМларни тугатганлар;
- АҚШ, Австралия, Исроил, Канада, Сингапур, Жанубий Корея, Япония давлатларининг ваколатли органлари томонидан аккредитацияланган ОТМларни тугатганлар;
- Мутахассисларни мақсадли тайёрлаш учун Ўзбекистон вазирлик ва идоралари томонидан ажратилган маблағлар ҳисобидан хорижий ОТМларни тугатганлар;
- Ўзбекистон Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлар бўйича хорижий ОТМларга мақсадли ўқишга юборилганлар.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter