Касблар бозорида янги йўналиш: Тошкентдаги коллежда Пучон университети стандартида мутахассислар тайёрланади
Тошкент ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежи (ТАТКҲК) ва Пучон университетининг ҳамкорликдаги янги лойиҳасига асосан абитуриентларнинг илк оқими қабул қилинди. Қабул комиссиясининг якуний хисоботига кўра, «Бошқарув қурилмаларини ишлаб чиқиш ва уларга хизмат кўрсатиш» факультетида 2 та гуруҳ ташкил этилган. Ўқув жараёни бошлаб юборилган.
2019 йил 1 мартидан эътиборан Ўзбекистон учун янги бўлган «Бошқарув қурилмаларини ишлаб чиқиш ва уларга хизмат кўрсатиш» факультетида илк талабаларни ўқитиш жараёни бошланди.
ТАТКҲК ўқув биносининг бир қавати Пучон университети стандартлари ва дизайнига мос равишда жиҳозланди. Амалий машғулотлар учун лабораториялар Жанубий Корея ҳамкорлари томонидан тақдим этилди. Ўқув режаси ҳам Пучон университети томонидан тақдим этилган ва Ўзбекистон Республикаси стандартларига мослаштирилган. Коллеж ўқитувчилари Жанубий Кореяда амалиёт ўтадилар.
2-босқични тамомлаб, корейс тили бўйича III-даражани олган (TOPIK) ҳамда махсус фанларни ўзлаштирган талабаларга маҳаллий намунадаги диплом берилади ва улар ўқишнинг 3 босқич бакалавр йўналишини Пучон Университетида (Жанубий Корея) давом эттирадилар.
Тил синовларидан ўтмаган талабаларга мутахассисликка эгалигини тасдиқловчи ва касби бўйича ишлаш ҳуқуқини берувчи маҳаллий намунадаги диплом берилади. Махсус фанлардан «4» ёки «5» баҳо олган, лекин корейс тилидан 3-даражани (TOPIK) ола олмаган талабаларга келгуси йилда корейс тилидан 3-даражани (TOPIK) олишлари яна бир имконият берилади. Агар талаба имтиҳонни муваффақиятли топширса ва корейс тилидан 3-даражани (TOPIK) олса, у келгусида 3 –босқич бакалавр йўналишини Пучон Университетида (Жанубий Корея) давом эттириш учун ариза бериши мумкин.
«Қурилма-дастурий комплексни ишлаб чиқиш йўналиши бўйича кадрларни ўқитиш яқин кунларда мутахассисларнинг янги тармоғини яратади ва Ўзбекистон Республикасида электроника саноатида профессионалликни сезиларли даражада оширади. Давлатимизнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар кўламини ҳисобга олган ҳолда, ўз лойиҳаларини ишлаб чиқишга ва шунга мос равишда ишлаб чиқарувчи кадрларга бўлган талаб геометрик прогрессия тарзида ўсиб бормоқда», дея изоҳ беради ТАТКҲК директори Дмитрий Ли.
Пучон университетида битирувчиларни ишга жойлаштиришда кўмаклашувчи махсус бўлим фаолият юритади. Ўзбекистондан Кореяга борган ТАТКҲК талабаларига ҳам тегишли ёрдам берилади. Университет малакали кадрларга қизиққан йирик корпорациялар ва фирмалар билан яқиндан ҳамкорлик қилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter