Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

АҚШ Ўзбекистонда 25 миллион долларлик лойиҳа бошлади

АҚШ Ўзбекистонда 25 миллион долларлик лойиҳа бошлади

АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) 20 февралдан Ўзбекистонда «Барча болалар муваффақиятли» деб номланган лойиҳани ишга туширди. Дастур доирасида беш йил давомида 25 миллион доллар ажратилади.

АҚШ элчихонаси матбуот хизмати хабарига кўра, лойиҳа Creative Associates International, Халқаро таълим бўйича Америка кенгашлари, АҚШнинг Сиракуз университети қошидаги ногиронлик ва инклюзия маркази, Praxis Plus ва «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ҳамкорлигида амалга оширилади. 

Лойиҳанинг расман бошланишига бағишланган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори Мансурбек Оллоёров, Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова, Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов,  USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси директори  Дэвид Ҳоффман ҳамда Creative Associates ташкилоти президенти Лиланд Крувант қатнашди ва нутқ сўзлади.

Нотиқлар ҳар бир боланинг муваффақиятини таъминлаш, салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришда ҳамкорлик, фидойилик ва жамоавий масъулият муҳим ўрин тутишини таъкидлади.

Ўзбекистон ҳукумати ногиронлиги бўлган болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қатъий чоралар ишлаб чиқди. USAIDнинг «Барча болалар муваффақиятли» лойиҳаси инклюзив таълим билан боғлиқ қуйидаги муҳим йўналишларни қўллаб-қувватлайди: қулай  ўқув-методик материаллар, ўқитувчилар учун амалиёт ва мактаб муҳитини яратиш, асосий манфаатдор томонлар, яъни ўқитувчилар ва ногиронлиги бўлган шахслар билан биргаликда ишлаб чиқилган барқарор сиёсатни ривожлантириш. 

Тадбир якунида миллий ва халқаро тузилмалар ўртасида сифатли инклюзив таълимни ташкил этиш ва Ўзбекистондаги болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳамкорлик келишуви имзоланди.  У таълим тизимини янада инклюзив бўлишига асос солади ва ўқувчилар, жумладан ногиронлиги мавжуд ўқувчиларнинг таянч кўникмаларини  ривожлантиришга кўмаклашади.

Аввал хабар берганимиздек, 2023 йил охирида Ўзбекистон адлия вазирлиги ва USAID ўртасида маҳаллий давлат ҳокимиятини ривожлантиришга доир ҳужжат имзоланди.

2023 йил ноябрь ойида АҚШ агентлиги «Силдан холи Ўзбекистон» деб номланган беш йиллик ташаббусга старт берди.

2023 йил 23-24 октябрь кунлари юртимизда меҳмон бўлган USAID администратори Саманта Пауэр Ўзбекистон халқини қўллаб-қувватлаш учун 14,2 миллион доллар ажратилишини маълум қилган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг