Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Аҳолини уй-жой билан таъминлаш: соҳада ўзгаришлар қандай кетмоқда?

Аҳолини уй-жой билан таъминлаш: соҳада ўзгаришлар қандай кетмоқда?

Фото:«Xabar.uz»

Молия вазирлиги давлат бюджети ҳисобидан субсидиялар тўлаш ва ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш тўғрисида маълумотларни тақдим этди. 

Жорий йилда республикамизда 54 минг оилаларни уй-жой билан таъминлаш учун давлат Ипотека дастури доирасида жами 45 мингта ёки ўтган йилга нисбатан 2 баравар кўп уй қуриш ва аҳолига янги тартибдаги ипотека кредитларини ажратиш режалаштирилган.   

Хусусан, Президентнинг 2019 йил 28 ноябрдаги «Ипотека кредит механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига кўра Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан даромади юқори бўлмаган ҳамда уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган аҳоли учун ипотека кредити бўйича бошланғич бадал ва (ёки) фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2020 йил 25 мартда «Уй-жой сотиб олиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» қарор қабул қилинган. Шунга кўра, Давлат бюджети ҳисобидан субсидиялар тўлаш тизими жорий этилди.

Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 25 мартдаги 182-сон қарорининг 7-банди ижроси бўйича вазирликнинг мутахассислари томонидан «Уй-жой сотиб олиш учун субсидия тўланадиган шахсларни баллар асосида баҳолаш дастурий таъминот тизими» ишлаб чиқилди.

Дастурий таъминот, ягона интерактив давлат хизматлари портали билан интеграция қилиш масалалари тўлиқ якунланиб, бугунги кунда аҳолидан ариза қабул қилиш ва уларни баҳолаш тўғридан-тўғри тизим орқали амалга оширилмоқда.

Шунга кўра, фуқаролар давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали йил давомида бир марта мустақил равишда ариза тўлдиради.

Ушбу ариза тўлдирилган вақтдан бошлаб бир соат мобайнида  қуйида келтирилган масъул ташкилотларга, яъни тиббиёт бирлашмаси, ички ишлар бўлими, молия бўлими, давлат солиқ инспекцияси, аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази, ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси, туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг туман (шаҳар) кенгаши, туман (шаҳар) ҳокимлиги ҳамда иштирок этувчи тижорат банкларига белгиланган тартибда баҳолаш учун электрон тарзда  юборилади.

Комиссия икки иш куни мобайнида талабгорларни аниқлаш бўйича тақдим этилган ҳужжатлар ва масъул ташкилотларнинг баҳолаш натижаларини ўрганиб чиқиб, субсидия бериш ёки рад этиш тўғрисида хабарнома беради.

Ҳозирда электрон аризаларнинг 9 584 таси масъул ташкилотлар томонидан ўрганиш жараёнида, 6 142 таси субсидия тайинлаш комиссиясига киритилган, шундан:

- 3 762  таси комиссия томонидан кўриб чиқиш жараёнида;

- 1 360 та аризалар тегишли мезон талабларига жавоб бермаганлиги сабабли рад этилган;

- 1 020  та ариза бўйича ижобий қарор қабул қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 мартдаги «Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитларини ажратиш орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ–6186-сон Фармони қабул қилинди.

Фармонда белгиланганидек, кўп квартирали уй-жойлар Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларнинг қишлоқ жойларида (шаҳарларга ва туман маъмурий марказларга туташ ҳудудларда) қурилади. Бу квартиралар уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқаролар, шунингдек хотин-қизлар сотиб олинган уй-жойларга давлат уй-жой фондидаги турар жойларниижарага бериш тартибига мувофиқ жойлаштирилади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-6186-сон Фармони билан 2021 йил 1 июндан бошлаб ипотека кредити бўйича дастлабки бадал ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар тўлашнинг соддалаштирилган тартиби жорий қилинади.

Фармон билан тасдиқланган мақсадли параметрлар доирасида 2021 йилда янги тартиб доирасида 33 114 та уй-жой учун, жумладан шаҳарларда – 17 354 та квартира, қишлоқларда – 9 260 та квартира ва 6 500 та якка тартибдаги уй-жойлар учун ипотека кредитлари ажратилади.

Шунингдек, уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож ва даромади юқори бўлмаган 23 460 нафар фуқарога Давлат бюджетидан 960,4  млрд. сўм субсидия ажратиш белгиланган.

Ҳозирда Молия вазирлиги томонидан янги тартиб доирасида аҳолига ипотека кредитлари ажратиш мақсадида тижорат банкларига 2020–2021 йилларда жами 2 968 млрд. сўм (2020 йилда 1 778 млрд. сўм ва 2021 йилда 1 190 млрд. сўм) ресурслар жойлаштирилди. Ушбу ресурслар ҳисобидан тижорат банклари томонидан 2021 йил 1 апрель ҳолатига аҳолига жами 2533 млрд. сўмлик (2020 йилда 1 746 млрд. сўм ва 2021 йилда 787 млрд. сўм) ипотека кредитлари берилди.

Ушбу ресурслар ҳисобидан тижорат банклари томонидан 2021 йил19 апрель ҳолатига 12 138 нафар фуқарога жами 2 638 млрд. сўмлик (2020 йилда 1 747 млрд. сўм ва 2021 йилда 891 млрд. сўм) ипотека кредитлари ажратилди.

2021 йил учун уй-жойнинг ҳисобланган қиймати – қишлоқ жойларида 280,0 млн. сўм, шаҳарларда 364,0 млн. сўм, Тошкент шаҳрида 399,0 млн.сўм, бир қарз олувчига ипотека кредитининг энг кўп миқдори қишлоқ жойларида 238 млн. сўм, шаҳарларда 309,4 млн. сўм, Тошкент шаҳрида 339,1 млн. сўм, дастлабки бадалнинг бир қисми учун субсидияларнинг энг кўп миқдори – қишлоқ жойларида 28,0 млн. сўм, шаҳарларда 36,4 млн. сўм, Тошкент шаҳрида 39,9 млн. сўм қилиб белгилаб берилган эди.

2020–2021 йилларда  шаҳарларда ва қишлоқ жойларда даромади юқори бўлмаган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилаларга уларнинг ипотека кредитлари бўйича бошланғич бадал ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун 3 750 нафар оилаларга Давлат бюджетидан 126 млрд. сўмлик субсидиялар тўлаб берилди.

Давлат бюджетидан янги тартиб доирасида даромади юқори бўлмаган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилаларга 2020 йил дастури доирасида 2021 йилда  3 226 та оилалар учун 60 млрд.сўм субсидия тўланган бўлиб, бошланғич бадал учун 14 млрд.сўм, фоиз тўлови учун 46 млрд.сўм маблағлар тўлаб берилган.

Шундан, биргина жорий йилда 583 нафар оилаларга ипотека кредити бошланғич бадалининг бир қисмини қоплаш учун 14 млрд. сўм ва 755 нафар оилаларга ипотека кредити фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун 11 млрд. сўм субсидия маблағлари ажратилди.

Шунингдек, Президент Фармонида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ижтимоий ҳамкорликни янада кучайтириш, компенсация, субсидиялар ва давлат томонидан тақдим этиладиган бошқа имтиёзларни адолатли тақсимлаш ҳамда улардан самарали фойдаланиш мақсадида ҳудудларда сенаторлар, депутатлар ва жамоат фаоллари иштирокида «Халқпарвар» комиссияларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланган.

«Халқпарвар» комиссияларига маҳаллий ҳокимликлар ҳамда масъул давлат идораларининг уй-жойлар қуриш учун ер участкаларини ажратиш, қурилиш ишларини ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, субсидия тўланадиган фуқароларни танлаб олиш, уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқаролар рўйхатини шакллантириш фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш ҳамда мазкур соҳада бюрократия, сансалорлик ва бошқа маъмурий тўсиқларнинг олдини олишга қаратилган аниқ чораларни амалга оширади.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг