Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Хонадонида Ҳиллари Клинтон меҳмон бўлган уста (фото)

Хонадонида Ҳиллари Клинтон меҳмон бўлган уста (фото)

Ғиждувонлик тажрибали кулол ва сополсоз Алишер Нарзуллаев хонадонида кўп бўлганмиз. Унинг ҳовлисига киришингиз биланоқ, ўзингизни бетакрор эртаклар оламига тушиб қолгандек ҳис қиласиз. Баландлиги 3 метрдан зиёд, кенглиги ҳам ундан қолишмайдиган каттакон хумдон ҳовли тўрида салобат билан турибди. Ҳамиша олов гупиллаб турадиган бу хумдоннинг оғзи – қопқоғига етгунингизча, анча-мунча зиналардан кўтарилишингизга тўғри келади.

Энг ажойиби, хумдон ичида худди иссиқ нондек пишишга шай турган турли кўринишдаги юздан ортиқ сопол буюмларга қараб, кўзингиз қувнайди. Тупроқ-олов-сув ва қўл меҳнати номли тўрт «ашё бирикмаси»дан яралаётган бу мўъжизалар ҳайратга сабаб. Хумдон атрофи гулзор. Бир-бирини ўймакор ёғоч устунлар билан боғлаб турган қатор хоналар пешайвонини ўраб турган кашта сўзаналар эса ҳовлига янада кўрк бағишлаб туради.

Бизни елкасига ҳали битмаган каштали нимачани ташлаб, пешонасига танғиб олган ипак рўмолига нинасини қадаганча юзларида нур порлаб турган 95 ёшли онахон – Мубошира Баракаева қарши олди.

«Ўғлим Алишержон ва Абдуллажон раҳматли отасининг устунлари, сулоламиз давомчилари бўлишди. Ҳар иккиси ҳам бири-биридан кўп натижаларга эришишди. Лекин Алишержонимнинг мана бу дипломини ҳамма ютуқларидан хўб кўраман», – дейди онахон бугун 70 ёшли уста ўғлини худди ёш боладек эркалаб сўзлар экан.

Ҳа, умрини кулолчиликка бағишлаган Алишер Нарзуллаевнинг Португалия пойтахти Лиссабон шаҳрида бўлиб ўтган «Халқаро тасвирий санъат кўргазмаси»да бош мукофот – Халқаро Гран-при совринини қўлга киритганини Мубошира ая ҳар куни ўғли худди янги мукофот олгандек қаршилайди. «Мана унинг дипломи», – дейди онахон кўнгли тўла севинч ва ифтихор билан такрор-такрор сўзлаб.

Мубошира аяни бағрига босган кўйи Алишер ака мийиғида кулиб:

«Гран-прига сазовор бўлганимни ҳаммадан кўра онам катта ҳаяжон билан қаршилаганлар. Германия, Франция, Чехия, Исроил, Озарбайжон, Россия, Эрон ва бошқа давлатлардан юздан зиёд ҳунармандлар ўз ижод намуналари билан иштирок этган мазкур кўргазмада Марказий Осиёдан иштирок этган биргина менинг сополсозлик санъати маҳсулотларим юксак баҳоланган эди», – дейди.

Мубошира ая ипак рўмолига қадаб қўйган нинани игнадонга оҳиста қўйиб, «Кел, болам, сенга бир сирни айтай» дейди. Биз онахон ёнига тиззалаймиз.

– Собиқ иттифоқ даври, – сўзида давом этиб онахон, – 1979-1980 йиллар эди, адашмасам. Қадимий анъаналарни тубдан йўқ қилиш сиё­сати кулолчиларни ҳам четлаб ўтмай қолмади. Биргина Ғиждувон туманининг ўзидан қирқдан зиёд кулолчилик устахоналари ёпилди. Ўрни келганда, дўконлар бузилиб, минг-минглаб сопол идишлар эскилик сарқити сифатида синдириб ташланди. Бироқ, ана шундай оғриқли даврларда турмуш ўртоғим, кулоллар сулоласининг бешинчи авлод вакили Ибодулло Нарзуллаев аждодларидан мерос ҳунарни сақлаб қолишга астойдил киришди. Қарийб, 300 йиллик тарихга эга анъанавий кулолчиликни шунчаки ёпиб қўйилишига томошабин бўлиб туролмади.

Курашди. Тўсиқларга, босимларга ҳам дуч келди. Бироқ, даврнинг қалтислигига қарамай, ҳовлимизда устахона қуришдек натижага эриша олди. Устози Усмон Умаров билан биргаликда кулолчилик анъаналарини ривожлантиришга ва авлодларига ҳам ўргатишга ҳаракат қилди. Бунга эришди ҳам. Биз, аёллар эса каштадўзлик, патдўзлик билан шуғулландик. Ўғилларим эса ота касбини бошда кўтарди, юқори чўққиларга олиб чиқди...

Онахон ҳикоясини тинглаб бўлгач, уй-музейни томоша қилишга тушдик. Ота шарафига «Ибодулло Нарзуллаев номидаги уй-музейи» ташкил қилинган. Ушбу мажмуада кулолчилик музейи, кўргазма зали, амалий санъатнинг кулолчилик, каштачилик ва гилам тўқимачилиги йўналишлари бўйича устахоналари, миллий таомларимиз тақдим этиладиган ошхона, меҳмонлар учун мўлжалланган маҳорат дарслари ўтиш хоналари ва меҳмонхона мавжуд. Алишер Нарзуллаевнинг айтишича, оиланинг миллий кулолчилик музей мажмуаси халқаро сайёҳлик маршрутига киритилган.

Кулолнинг хонадонида ташкил қилинган музей ва меҳмон уйи 3 та миллий ҳунармандчилик – каштачилик, гиламдўзлик ва кулолчилик марказлари уйғунлашган ҳунармандчилик академиясига ўхшайди.

– Асосий мақсадимиз ҳунарларимизда анъанани сақлаб қолиш, – дейди суҳбатдошимиз. – Шунинг учун ҳар уч ҳунармандчилик ашёларини ҳам маҳаллий хомашёдан фойдаланамиз ва маҳаллий услубда ишлаймиз. Ота-боболаримиз ҳам асрлар мобайнида кулолчилик чархларида ишлаб келганлар. Улар мана шундай тегирмонларда сир тайёрлаганлар, шу каби хумдонларда ўз асарларини пишириб олганлар. Ҳа, айтмоқчи, икки хил хумдон бор. Кўзагар ва косагар хумдонлар. 4-5 нарвон зина босиб чиқилади. Буюмлар ясаш учун тупроқни Ғиждувон атрофидан оламиз. Соз тупроқни бориб, ўзимиз танлаймиз. Отам раҳматли бизга ўргатган эдиларки, кесакни очиб қуёшга қаратганда, унинг қуми бўлмаслиги керак. Иккинчи белгиси эса кесакнинг ичида ғоваклари бўлса, демак, у соз тупроқ. Албатта, уни танлаб олгандан кейин устахонага олиб келиб, ҳар бир янги тупроқ билан тажрибалар қиламиз. Чунки ҳар бир тупроқнинг ўз феъл атвори бор.

Суҳбатдошимизнинг сўзига кўра, Ғиждувон анъанавий кулолчилиги безак санъатига киради. Маҳсулотларни хорижлик ва маҳаллий харидорлар асосан безак сифатида сотиб олишади. Лекин улардан уй-рўзғор буюмлари сифатида ҳам фойдаланса бўлади.

Ғиждувон кулолчилик мактабининг мустаҳкам таянчларидан бири саналган ҳунарманд томонидан маҳорат билан ишланган сопол буюмлар, ундаги ранглар уйғунлиги, нақшлар нафислигию ва асосан, уларда миллий анъаналар устуворлиги хорижликларда ҳам катта қизиқиш уйғотиб келган.

Алишер Нарзуллаевга бу касб бобомерос. Кулолчиликда иштиёқи ва истеъдоди баланд Алишер Нарзуллаев ўрта мактаб таҳсилини тугатгандан буён Бухоро ҳунармандчилигини ривожлантиришда катта ҳисса қўшиб келмоқда. Моҳир устозлар сабоғи, эътибори ва ўзининг муттасил изланишлари натижасида унинг сополсозликда серқирра ижоди гуркиради. Ўз тили билан айтганда, «Ҳар заррасида зар инган Ғиждувон тупроғи»ни тилга киритиб, сополсозликда гўзаллик яратган кулол ўз истеъдодининг бошқа қирраларини ҳам юзага чиқарди.

Дастлаб, қалб туйғуларини қоғозга кўчирган Алишер Нарзуллаев аста-секин ўзи ясаган сопол буюмларга дид билан нақш ўйиб, уларга нозик безакларни ҳам муҳрлай бошлаган.

Унинг қўлларида оддийгина сопол безаниб, мўъжизага айланади. Инсон тафаккурининг бармоқлар ижросидаги ифодасини кўриб, ҳайратланасан, киши. У сополсозликда ўзи яратган буюмларга янада гўзаллик бағишлаб, манзараларни безак ва нақшларда жонлантиради. Унга рамзийлик юклайди. Яратилган ҳар бир иш тажрибали уста ҳунарманд қалбининг бутун борлиғидан таралган акс-садодек минглаб сополсозлик ишларига кўчган.

Уй-музейга айланган хонадонга дунёнинг тўрт бурчидан сайёҳлар келишади. Хорижлик сайёҳлар учун бу мўъжаз эртакнамо хонадон ҳамиша ҳайратлар олиб келган.

– Музейга ташриф буюраётган сайёҳларга анъанавий кулолчилик, каштачилик ва гилам тўқимачилигининг яратилиш тарихи ҳақида маълумотлар берамиз, – дейди ҳунарманд. –90-йилларда уй-музейимизга АҚШнинг энг машҳур сиёсатчилари қаторида фаолият юритаётган Хиллари Клинтон хоним ташриф буюрган эди. Хиллари хонимга унинг исми туширилган кулолчилик буюмларидан бирини тақдим этдик. Ғиждувон кулолчилик мактаби анъаналари хонимнинг эътиборини тортди. Ва орадан кўп ўтмай, бизни ҳам Америкага таклиф қилди. У ерда ўз санъат асарларимизни намойиш­­ этиб қайтганмиз.

Билдирилишича, Ғиждувон кулолчилиги Ургут, Хоразм, Риштон, Тошкент, Андижон, Самарқанд каби кулолчилик мактабларидан ўзига хослиги билан ажралиб туради. Ҳамма гап ранглар ва безакларнинг ёрқинлигида. Шу боис ҳам тарихда Ғиждувон кулолчилик буюмлари Бухоронинг барча ҳудудларида жуда харидоргир бўлган.

– Бугун сулоламиз давомчиларининг хорижий мамлакатларда ҳам бор, – дейди уста-ҳунарманд. – 2020 йилда Ҳунарманд уюшмаси Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси билан ҳамкорликда соҳада фаолият олиб бораётган қатор ташкилотлар билан онлайн мулоқот ўтказди. Унда ҳар иккала томоннинг ҳунармандчилик салоҳияти намойиш қилинди. Ҳамкорлик натижаси ўлароқ, 2021 йилда Франциянинг ASIE халқаро жамғармаси томонидан 3 нафар талаба Ўзбекис­тонга, кулолчилик сирларини ўрганишга келди. Бу талабалар бизнинг хонадонимизда бўлишди. Улар акам Абдулло Нарзуллаев ҳамда менга шогирдликка тушишиб, тажриба орттиришди.

Маълум бўлишича, кишиликнинг илк ашё-анжомлари сополдан тайёрланган. Аждодларимиз бундан уч минг йил ва ундан илгари ҳам сополдан ажойиб идиш-товоқлар ва бошқа уй анжомлари ясашган. Чунончи озиқ-овқат маҳсулотлари ва сув сақлаш учун кўза, офтоба, хурмача, гупи, хум, машфара, жомашов, шунингдек, қозон-товоқ, пиёла, коса, лаган, гулдон, шамдон, мусиқа асбоблари, меъморчилик безакларидан – кошин, сополак, сопол қувурлар шулар жумласидандир.

– Бу буюмларнинг узоқ асрлик намуналари уй-музейимиздан ўрин олган, – дейди Алишер Нарзуллаев. – Хорижлик сайёҳларни ҳам қизиқтираётгани шу: замон ўзгарган, экологик вазият анча мураккаб бўлса-да, сопол буюмлар сифатида фарқ, деярли, сезилмайди. Сабаби эса шу – бугун ўлкада экологик жиҳатдан шўрлаш юқори кечаётган бўлса ҳам, лекин Ғиждувон тупроғи кулолчиликда ҳеч ўзлигини йўқотмаган. Бу ҳам, албатта, биз ҳунармандларга табиатнинг берган буюк инъоми. Ҳунармандчилик бизда бобомерос бўлиб келаётгани боис, бугун ўғилларим Олимжон ва Обиджонлар – икки қанотим, қизим Шаҳзодахон эса санъатшунос. Хонадонимизда ҳамма ҳунар билан банд. Онажоним раҳнамоликларида келинлару қиз неваралар каштадўзлик, патдўзлик билан, эркаклар эса кулолчилик билан шуғулланади. Кулолчилик ва каштадўзлик ҳунарини эгаллаш истагида келаётган ёшлар ҳам талайгина. Уларнинг талаб-истаги, жумладан, хорижлик ҳунармандларнинг ҳам кулолчиликка бўлган муносабати ва қизиқишидан келиб чиқиб, икки йилча илгари Ғиждувон тумани марказида жойлашган «Хўжайи жаҳон» истироҳат боғида халқ амалий санъати музейини ташкил этдик. Ҳунармандчиликка иштиёқ билан қизиқиб келаётган ёшлар кўп. Улар орасидан тўққиз нафари бугун соҳада «Лаббай!» деб жавоб бера олишади. Улар ўз устларида ишлаб, изланиб, турли халқаро кўргазмаларда иштирок этиб қайтишмоқда. Ҳасан Шаропов, Миржон Тоғаев, Илҳом Умаров каби шогирдларимдан тажрибали уста кулоллар чиқишига ишонаман. Улар Бухоро кулолчилигини дунёга олиб чиқишга ҳисса қўшишмоқда.

Суҳбатдошимиздан йиллар давомида қўлга киритган бошқа ютуқлари ҳақида ҳам сўраганимизда, камтаринлик билан «Кераги йўқ!» дея ишида давом этаверди. Биз эса тажрибали уста ҳунарманднинг эришган ютуқлари ва муваффақиятлари ўрин олган альбомни бир-бир варақлашни лозим топдик:

«Ўзбекистон Республикаси халқ устаси», «Ташаббус» кўрик-танлови ғолиби, ЮНЕСКО томонидан ўтказилган «Сифат белгиси» лойиҳаси сертификати билан тақдирланган, яна қанчадан-қанча фахрий ёрлиқлар, дипломлар, сертификатлар... Бу муваффақиятлар машҳур кулолнинг ишлари билан танишганимизда унинг яратган мўъжизалари олдида оддийгина баҳодек кўринади, назаримизда.

Лайло Ҳайитова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг