Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

СССРни тиклашга қаратилган лойиҳами? Евроосиё иқтисодий иттифоқи ҳақида мустақил эксперт муносабати

СССРни тиклашга қаратилган лойиҳами? Евроосиё иқтисодий иттифоқи ҳақида мустақил эксперт муносабати

Марказий Осиё минтақасида кечаётган интеграцион жараёнларда Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) фаол иштирок этмоқда. Иттифоққа ҳозирга қадар Россия, Беларусь, Арманистон билан биргаликда қардош қўшниларимиз – Қозоғистон ва Қирғизистон тўлақонли аъзо бўлиб кирган.

Марказий Осиё мамлакатлари йиллар давомида бир ёқадан бош чиқариб, ягона минтақавий ташкилот теграсида бирлаша олмагани сабаб Россия етакчилигида тузилган, чуқур иқтисодий ҳамкорликни тарғиб этадиган, хусусан, товарлар, хизматлар, капитал ва ишчи кучининг эркин харакатланишига асосланган ЕОИИ этагидан тутишга мажбур бўлди. Сўнгги пайтларда Ўзбекистоннинг ушбу иттифоққа аъзо бўлиши борасида ҳам баҳс-мунозаралар кучайди. Келинг, мазкур тузилманинг Ўзбекистон ҳамда минтақа давлатлари учун мусбат ва манфий жиҳатларини таҳлил этиб кўрсак.   

Икки ёндашув: иқтисодми ё геосиёсат?

ЕОИИга нисбатан асосан икки хил ёндашув шаклланган. Биринчи ва кенг тарқалган ёндашувга кўра, мазкур иттифоқ Кремлнинг собиқ СССР давлатларини қайта бирлаштириш, уларни Россия манфаатларига бўйсундиришга қаратилган лойиҳадир. Айни чоғда, Россия раҳбарияти ЕОИИ СССРни қайта тиклаш йўлидаги лойиҳа эканини такрор-такрор рад этиб келади. Аммо аксар тадқиқотчилар Москва раддияларига ишонмайди. Бу ёндашув вакиллари иқтисодий иттифоққа қўшилиш охир-оқибат минтақа мамлакатлари мустақиллиги ва суверенитетини чеклашга олиб келади деб ишонади.

Иккинчи гуруҳ таҳлилчилар эса ЕОИИни фақат иқтисодий мақсадларни кўзловчи ташкилот ўлароқ баҳолайди. Хусусан, Қозоғистон ва Беларусь раҳбарлари иттифоқ фақат иқтисодий тузилма экани, уни ташкил этишдан сиёсий мақсад кўзланмаган, умумий ташқи сиёсат юргизиш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас деб ҳисоблайди. Ушбу ёндашув тарафдорлари ташкилот мақсадларини сиёсийлаштирмай, иқтисодий жиҳатларга кўпроқ аҳамият беришга чақиради.

Янги аъзоларга ёрдам: Қирғизистон тажрибаси

Сир эмас, Россия раҳбарияти бир пайтлар Совет Иттифоқи таркибида бўлган Марказий Осиё мамлакатларини ЕОИИга аъзо бўлишга даъват этиб келади. Бу борада хайрихоҳ мамлакатларга ҳатто иқтисодий ва бошқа характердаги ёрдам ваъда қилинган. Хусусан, Қирғизистон иттифоққа аъзо бўлаётганда, интеграциялашув жараёнида иқтисодиётдаги эҳтимолий структуравий ўзгаришлар оқибатини енгиллаштириш, иқтисодий ва молиявий йўқотишларни компенсация қилиш ва мамлакатнинг божхона, фотосанитар ва бошқа инфратузилмасини иқтисодий иттифоқ стандартларига мослаштириш учун Россия томонидан 200 миллион АҚШ доллари миқдорида молиявий ёрдам кўрсатилган.

Бундан ташқари, мамлакатда тадбиркорликни ривожлантириш ва янги ишлаб чиқариш қувватларини ошириш учун расмий Москва ҳисобидан Қирғизистон–Россия сармоя жамғармаси ташкил этилган. Мазкур жамғарма ҳозиргача ваъда қилинган 1 миллиард АҚШ долларидан 300 миллион АҚШ долларини қабул қилган.

Умуман, янги аъзоларга бундай ғамхўрлик кўрсатиш халқаро тажрибада мавжуд. Масалан, Европа иттифоқи иқтисодий жиҳатдан қолоқроқ янги аъзо мамлакатларга умумий ғазнадан ҳар йили салмоқли иқтисодий-молиявий кўмак кўрсатади. ЕОИИда эса янги аъзоларни қабул қилишга доир харажатларнинг деярли барчасини Россия ўз зиммасига олиб келган.

Арманистон ва Қирғизистон аъзолик истагини билдирганида, дастлаб Беларусь ва Қозоғистон иқтисодий жиҳатдан қолоқ мамлакатларни қабул қилишга қаршилик кўрсатган. Бироқ кейинчалик Қозоғистон ҳам Қирғизистонга фотосанитар лабораторияларни ЕОИИ даражасига етказиш учун 100 миллион АҚШ доллари миқдорида кўмак ваъда қилган. Аввало, бу ёрдамни ажратиш узоқ муддат пайсалга солинган. Қолаверса, 2017 йил кузида Қирғизистонда президент сайлови пайтида Остона томонидан мухолиф номзод очиқчасига қўллаб-қувватланиши натижасида муносабатлар бузилган ва ушбу ёрдам шартномаси ҳам денонсация қилинган.

Қирғизистонда иттифоққа аъзо бўлгач, муайян қийинчиликларга дуч келгани рост. Аммо орадан уч йил ўтиб, мамлакат раҳбарияти ва маҳаллий кузатувчилар якдиллик билан иттифоққа аъзо бўлиш тўғри қарор бўлганини қайд этганлар. Алалхусус, мамлакат иқтисодиётида тебранишлар бўлиши ҳақидаги башорат ўзини оқламади: озиқ-овқат маҳсулотлари нархи  кўтарилиб кетмади, маҳаллий саноат корхоналари янги рақобат муҳитида касодга учрамади. Асосийси, Россия ва Қозоғистонда меҳнат қилаётган 600 мингдан ортиқ қирғизистонлик муҳожир ҳаёти, дейлик, Ўзбекистон ёки Тожикистон ватандошларига нисбатан анча осонлашди ва пировардида улар ватанига жўнатаётган маблағ миқдори ҳам сезиларли ошди.

Иттифоқ ички низолардан холи эмас

2019 йили ташкил топганининг 5 йиллигини катта тантана билан нишонланган ЕОИИ аъзолари ўртасида савдо-иқтисодий жабҳада, кези келганда, сиёсий фронтда келишмовчиликлар ҳам рўй бериб туради. Масалан, Қозоғистон Қирғизистонни Хитой товарларини ЕОИИ қоидаларига зид равишда қайта экспорт қилишда айблайди. Худди шунга ўхшаш зиддият Россия ва Беларусь муносабатларида ҳам кузатилади.

Аслида, бундай кичик «савдо урушлари» ва иқтисодий низолар Европа иттифоқидан тортиб АСЕАНга қадар – дунёдаги бошқа минтақавий интеграцион бирлашмаларда ҳам рўй бериб туради.

ЕОИИ тарафдорлари ҳам ташкилот доирасида кўзда тутилган савдо-иқтисодий механизмлар тўлақонли амалга ошмаётганини тан оладилар. «Россия иттифоқни тузишга тузиб қўйди, лекин ҳозиргача рисоладагидек фаолият юритишига эриша олмаётир», деб ҳисобловчилар ҳам бор.  

Сиёсий жиҳатдан ҳам Россия кутилган натижага эриша олмаётгани кундай равшан бўлиб бораётир. Иттифоқ аъзолари ташқи сиёсатда Россиядан тамомила мустақил. Айниқса, Беларусь ва Қозоғистон раҳбарлари иттифоқ фаолиятига сиёсий тус берилишига, Россия тарафидан суверенитет ва мустақилликни чеклашга ҳар қандай уринишларга қарши чиқиб келган. Лўнда қилиб айтганда, аъзо мамлакатлар ҳам анойи эмас. Боз устига, барча бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилса, баъзилар хавотирланаётгандек, Россия аъзо мамлакатлар мустақиллигини чеклай олмайди.

Аъзолик навбати Тожикистонга келдими?

Евроосиё иқтисодий иттифоқи Марказий Осиё йўналишида кенгайишда давом этса, галдаги аъзо Тожикистон бўлиши мумкин.

Тожикистон аъзоликка расман қизиқиш билдирган. Мамлакат ҳозирда иттифоқда кечаётган жараёнларни, хусусан, янги аъзо бўлган Арманистон ва Қирғизистон тажрибасини ўрганиб, Душанбе расмийлари таъбири билан айтганда, аъзоликнинг барча ижобий ва салбий оқибатларини таҳлил-тадқиқ этмоқда. Иттифоқнинг бошқа МДҲ мамлакатлари ҳисобидан кенгайишини тарғиб қилаётган Россия ҳукумати ҳам ҳозирча Тожикистонга нисбатан мажбурлов чораларини қўллагани йўқ. Тожикистон ҳукуматига «бафуржа ўйлаб олишингиз мумкин» қабилида муҳлат берилган.

Қирғизистон ЕОИИга аъзо бўлишдан асосан ютганини айтмоқда. Хўш, у ҳолда Тожикистон нега қарор қабул қилишда бу қадар иккиланяпти? Боз устига, Россия ва Қозоғистонда меҳнат қилаётган тожикистонлик муҳожирлар сони қирғизистонликларга нисбатан бир неча баробар баробар кўп экани инобатга олинса, расмий Душанбенинг иттифоққа аъзо бўлишни чўзиб келаётгани ҳатто таажжуб уйғотади.

Гап шундаки, Россия Тожикистонга «ЕОИИ эшиклари сизларга очиқ, бемалол кираверинглар» қабилида мулозимат кўрсатишдан нарига ўтмаяпти. Тожикистонга Қирғизистон каби молиявий ва иқтисодий ёрдам дастури таклиф этилмаяпти. Интеграциялашув жараёнида вужудга келиши мумкин бўлган эҳтимолий молиявий йўқотишларни компенсация қилиш, мамлакатнинг божхона, фотосанитар ва бошқа инфратузилмасини иттифоқ стандартларига мослаштириш учун молиявий ёки техник ёрдам борасида ҳам лом-лим дейилмаяпти.

Бизнингча, шундай ёрдам дастури Тожикистонга таклиф этилса, мумлакатнинг иттифоққа аъзо бўлиши тезлашади. Қолаверса, Душанбе расмийлари ҳам Қирғизистон–Россия сармоя жамғармаси каби фонд тузилишини талаб этиши мумкин. Табиийки, буларнинг бари катта харажат талаб этади. Ҳозирги кунда Ғарб санкцияларидан азият чекаётган Россияга бундай қўшимча харажатлар оғирлик қилиши мумкин.

Шунга қарамай, расмий Душанбе иттифоққа аъзолик йўлидаги дастлабки қадамларни ташлади. Тожикистон ҳукумати МДҲ мамлакатлари ўртасида мавжуд «эркин савдо зонаси» шартномасидаги мажбуриятларини бажариш мақсадида 2019 йил 1 январдан Россия, Қозоғистон, Беларусь ва Қирғизистонда ишлаб чиқарилган товарларга божхона йиғимларини бекор қилди. Бу эса Тожикистонни ЕОИИ тартибларига бир қадар яқинлаштирди.

Бу ўринда манфаатлар тўқнашуви омилини ҳам ёддан кўтармаслик лозим. Тожикистонда хориждан (асосан Хитой ва Туркиядан) импорт қилишга ихтисослашган ва мамлакат юқори доираларига алоқадор савдо ширкатлари мавжуд. ЕОИИга аъзолик мазкур ширкатларни тайёр даромад манбаларидан маҳрум этиши мумкин. Мазкур кучлар «Тожикистонга бу жараёнга тайёр эмас», «Россияга қарам бўлиб қолишни истамаймиз» каби сабаблар билан мамлакатнинг иттифоққа аъзо бўлишини йиллар давомида чўзиб юриши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Албатта, Россияда муҳожирликда юрган кўп сонли фуқаролардан кўра сердаромад ширкатларнинг ҳукуматга таъсир ўтказиш имкони юқорироқ.

Ўзбекистон раҳбарияти нима дейди?

Тожикистондан фарқли ўлароқ, Ўзбекистон ҳозиргача ЕОИИга кириш борасида қатъий нияти борлигини очиқ билдирмаган. Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Сенатининг жорий йил 21 июнда бўлиб ўтган 20-ялпи мажлисида ЕОИИга кириш масаласига тўхталиб, аъзо бўлиш ва бўлмаслик ортидан келиб чиқадиган фойда-зарарлар хусусида фикр билдирди. «Ҳар томонини ўйлаб, манфаатларимизга мос жиҳатини танлашимиз керак», деб таъкидлади давлатимиз раҳбари.

Ўзбекистон раҳбарининг ЕОИИга кириш эҳтимоли ҳақидаги фикри  айрим хорижий таҳлил марказлари томонидан «сенсация» деб баҳоланди.

Негаки, бунга қадар мамлакатимиз ташқи ишлар вазири бир неча бор Ўзбекистон ЕОИИга киришни режалаштирмаётир, бу тузилмага аъзолик ташқи сиёсатда устувор йуналиш эмас деган мазмунда баёнот берган эди. Бундан ташқари, ўз вақтида мамлакат ташқи савдо вазири ўринбосари ҳам иттифоққа кириш Ўзбекистонга фойда келтирмаслигини қайд этганди.

Охирги 3 йил ичида мамлакатимизнинг ЕОИИ мамлакатлари, хусусан, Россия, Қозоғистон, Беларусь ва Қирғизистон билан муносабатлари, айниқса, савдо ва инвестицион алоқалари анча яхшиланиб бораётганини кузатиш мумкин. Хусусан, Россия билан бу борада катта қадамлар ташланмоқдаки, бу жараён кўплаб кузатувчиларда Ўзбекистон ҳам иттифоққа киришга замин ҳозирламоқдами, деган иштибоҳларни уйғотяпти.

Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йили март ойида Россияга қилган давлат ташрифи давомида мазкур мамлакатнинг кўплаб маҳсулотларига божхона йиғимлари бекор қилинганини эълон қилган эди. Ўз навбатида, Россия ҳам Ўзбекистон қишлоқ хўжалик маҳсулотларига «яшил коридор» – соддалаштирилган тизим орқали ўз бозорига кириш ҳуқуқини тақдим этди. Ўзаро савдони соддалаштиришга қаратилган бундай чора-тадбирлар доимий равишда Қозоғистон, Қирғизистон ва Беларусь билан ҳам амалга оширилаётир.

Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистонда ҳозиргача ЕОИИга кириш оқибатлари на давлат, на экспертлар даражасида синчиклаб ўрганилган. Мазкур тузилманинг қайси қоидалари бизни қониқтирмайди; мазкур жараён ишлаб чиқарувчиларимизга қандай таъсир кўрсатади бу борада аниқ ҳисоб-китоблар йўқ. Бизда ҳам Тожикистондагидек «биз бунга тайёр эмасмиз», «суверенитетимиз чекланиши мумкин» каби эҳтиросли гаплардан нарига ўтилмаяпти.

Яна бир гап. Бизда ҳам Хитой, Туркия ва бошқа мамлакатлардан импорт орқали жуда катта фойда кўраётган амалдорларга алоқадор фирмалар мавжуд бўлиши мумкин. Расмий маълумотларга кўра, 2018 йилгача мамлакатимизга чет элдан халқ истеъмол молларини импорт қилаётган 4 фоиз компания улушига мамлакатимизга умумий ҳисобда олиб кирилаётган товарларнинг 50 фоизи, божхона имтиёзларининг эса 68 фоизи тўғри келган экан. Бундай имтиёзларни ким қандай қилиб олишини ҳаммамиз жуда яхши биламиз. Қолаверса, мамлакатдаги самарадорлиги паст кўплаб монопол тузилмалар ҳам иттифоққа киришга қарши бўлса ажаб эмас.

Қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспорти билан шуғулланувчи ширкатлар, тўқимачилик, кийим-кечак ва пойабзал ишлаб чиқарувчиларимиз аллақачон ЕОИИ мамлакатлари бозорларини эгаллай бошлаган, экспорт ҳажми йилдан йилга ошиб боряпти. Энг асосийси, иқтисодий иттифоқ мамлакатларида бизнинг бир неча миллион муҳожир юртдошларимиз меҳнат қилиб, мамлакатимизга миллиардлаб доллар маблағ жўнатмоқда. Таҳлил ва ҳисоб-китоб жараёнида ЕОИИга аъзолик ушбу ҳамюртларимизнинг оғирини анча енгил қилиши ҳам инобатга олиниши керак.

Хулоса ўрнида

  1. Менимча, мамлакатимиз ЕОИИга қанча тез кирса, шунча соз. Чунки тўлақонли аъзо бўлганимиздагина бу ташкилот тақдим қиладиган барча имкониятлардан самарали фойдалана оламиз.
  2. Россияга бизга мустамлакачи кўзи билан қарайдиган мамлакат сифатида муносабатда бўлишимиз хато. «ЕОИИда аъзо бўлсак, мустақиллигимизни йўқотамиз, Россия бизга ўз сиёсий мафкурасини тиқиштира бошлайди» деган қарашга ҳам қўшилмайман. Биз ўзимизни Россия олдида кичик ва заиф мамлакат деб ҳис этиш комплексидан қутилишимиз керак.
  3. Россиянинг ўзи ҳам кези келганда ЕОИИни бошқара олмай қоляпти. Аъзо мамлакатлар ҳам мазкур тузилма доирасида нафақат ўз мустақиллигини қўшқўллаб топширмайди, балки Россия билан талашиб-тортишиб ўз манфаатларини ҳимоя қилмоқда. Ўзбекистон ҳам иттифоққа аъзо бўлса, бошқа мамлакатлар қатори ўз манфаатларини, зарур бўлса, тиш-тирноғи билан ҳимоя қила олишига ишонишимиз керак.
  4. Ўзбекистон дунёга очиляпти, протекционистик тартиблардан воз кечиб экспортга ихтисослашган саноат йўналишларини ривожлантиришга ҳаракат қиляпти. Ушбу саъй-ҳаракатлар мувафаққияти учун маҳсулотларимизга янги бозорлар керак. ЕОИИга аъзо бўлиш орқали ишлаб чиқарувчиаримизга катта бозорлар очилади.
  5. Икки томонлама ҳамкорлик интеграцион ташкилот доирасида ҳамкорликдан афзал деган янглиш қарашдан воз кечишимиз керак. Интеграцион ташкилотлар доирасида фаолият юритиш, бошқалар билан тил топишишни пухта ўрганиш вақти келди. Кимнингдир қош-қовоғига боғлиқ икки томонлама келишувлар асосида эмас, балки интеграцион тузилма доирасида янги бозорларга киришнинг қулайликлари кўп.
  6. Бизнингча, фақат Марказий Осиёдаги 5 мамлакатни бирлаштирувчи ташкилот тузиш ғоясига ишонмаган маъқул. Бу ғояни Ўзбекистонга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра рўёбга чиқариш мумкин эмас.
  7. ЕОИИга аъзо бўлсак, Ғарб мамлакатлари назарида бизнинг қадримиз пасаяди, бизга бошқача нигоҳ билан қарашади деган хато тушунчадан воз кечиш керак.
  8. ЕОИИга аъзолик мамлакатимизнинг хорижий инвесторларга жозибадорлигини камайтиради деган фикрлар ҳам асоссиз. Сармоядорларни жалб этиш, биринчи навбатда, уларнинг мувафаққиятли фаолияти учун яратилган шарт-шароитларга боғлиқ.
  9. Россияда меҳнат қилаётган ҳамюртларимизнинг иқтисодиётимизга қўшаётган ҳиссаси ўта салмоқлидир. Айнан уларнинг меҳнат шароитини яхшилаш учун ҳам ЕОИИга киришимиз керак. Россиядан бошқа йўл билан бу борада енгиллик олишнинг имкони йўқ.
  10. Иттифоққа кириш оқибатида ишлаб чиқарувчилар касодга учраши мумкин. Аммо бунинг учун дод-вой қилмаган маъқул. Аввало, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар кучли рақобат муҳитида ишлашни ўрганиши керак. Қолаверса, айни пайтда бирор бир маҳаллий ишлаб чиқарувчи мамлакатимизга муҳожир ватандошларимизчалик фойда келтирмаётгани ҳам айни ҳақиқат. Демак, ЕОИИга кирсак, мудраб ётган, самарадорлиги паст кўплаб давлат корхоналари рақобатбардош муҳитда яшаб қолиш учун ҳаракат қилишга мажбур бўлади. Ҳозирги шароитда уларнинг самарадорлигини оширишнинг бошқа йўли кўринмаётир.

Фарҳод Мирзабоевмустақил таҳлилчи


Муаллифнинг фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши ва унга мос келмаслиги мумкин.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг