ҚҚС пасайтирилишининг бозордаги нархларга таъсири ўрганилди
Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) экспертлари солиқ юки ва қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) 3 фоиз пунктгача тушириладиган бўлса, бу иқтисодиётга қандай таъсир этишини таҳлил қилди.
ҚҚС бюджет даромадларининг асосий манбаи ҳисобланади. 2021 йилда ҚҚС бўйича тушумлар 38,4 триллион сўмга етиб, жами даромадларнинг 23,4 фоизини ташкил қилди. ҚҚС тушумларининг 44 фоизи саноат тармоқлари, 18 фоизи қурилиш ташкилотлари, 13 фоизи улгуржи ва чакана савдо корхоналарининг ҳиссасига тўғри келади.
ҚҚС бўйича солиқ юки иқтисодиёт тармоқлари ва секторлари бўйича нотекис тақсимланган. Масалан, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида солиқ юки 8,5 фоиз, қишлоқ хўжалигида салкам 5 фоиз бўлса, қурилиш ва телекоммуникация хизматлари йўналишида – 79 фоиз, чакана ва улгуржи савдода 59 фоиз, саноатда 43 фоизни ташкил этган. Бу иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва соҳалари учун бир хил шароит яратилишини чеклаб, рақобат тамойилларининг амал қилиш доирасини чеклайди.
Умуман олганда, иқтисодиёт бўйича тармоқлараро ўртача нисбий ставка 24 фоизни ташкил этди. Бу ҚҚС нинг ҳозирги 15 фоизли номинал ставкаси шароитида, ҳақиқий ставка 3,6 фоизни ташкил этишини англатади. (15 фоиз * 0,24 = 3,6 фоиз).
Солиқ юкининг энг юқори даражаси нархларнинг ўзгариши ва ишлаб чиқаришнинг бошқа шароитларидан қатъий назар уларга барқарор талаб мавжуд бўлган тармоқлар (қурилиш, савдо-сотиқ, айрим хизмат кўрсатиш турлари)га хос. Уларнинг ҳиссасига иқтисодиёт бўйича ишлаб чиқаришнинг (ЯИМ ва ишлаб чиқариш ҳажми бўйича) атиги 15 фоизи, ишчиларнинг 14 фоизи тўғри келади. Ушбу гуруҳнинг ўзига хос хусусияти ташқи муҳитга энг кам боғлиқлик даражасидир.
Солиқ юкининг ўртача даражаси қазиб олиш ва қайта ишлаш саноати учун характерлидир. Ушбу тармоқларга иқтисодиётда ЯИМнинг ¼ қисми тўғри келади. Мазкур тармоқлар жаҳон иқтисодиёти билан энг кўп боғлиқ бўлган тармоқлардир. Чунки оралиқ импортнинг 83 фоиз дан ортиғи ва умумий экспорт ҳажмининг 2/3 қисмидан кўпроғи уларнинг улушига тўғри келади. Юқори солиқ юки саноат маҳсулотлари экспортининг ўсишини чеклайди. Чунки ушбу тармоқлар учун ҚҚСнинг амалдаги юқори ставкаси тармоқ маҳсулотлари нархларининг ошиши ва рақобатбардошлигининг пасайишига олиб келади.
Тадқиқот давомида қуйидаги жиҳатлар аниқланди:
ҚҚС товарлар/хизматлар нархига киритилганлиги сабабли ҚҚС номинал ставкасининг 15 фоиздан 12 фоизгача туширилиши иқтисодиётнинг реал секторида нархларнинг пасайишига олиб келади.
«Харажатлар-ишлаб чиқариш» нарх моделидан фойдаланган ҳолда амалга оширилган ҳисоб-китобларга кўра, бундай пасайиш 0,81 фоизни ташкил этади, деб баҳоланмоқда.
Нархларнинг пасайишига қайта ишлаш саноати (39 фоиз), қурилиш (14 фоиз) ва улгуржи ва чакана савдо (10 фоиз) тармоқлари энг катта ҳисса қўшади, яъни ушбу учта тармоқ улушига умумий нархлар пасайишнинг деярли 2/3 қисми тўғри келади (0,8 фоиздан).
Жумладан, электр энергияси нархларининг пасайиши (иқтисодиётдаги улуши 2,1 фоиз) 1,27 фоиз, қурилиш хизматлари 1,62 фоиз (7,1 фоиз), улгуржи ва чакана савдо 0,96 фоиз (3,5 фоиз), телекоммуникация хизматлари 2,25 фоиз (1,16 фоиз) миқдорида ҳисобланди.
Истеъмол бозорида нархлар камроқ даражада – 0,59% га пасаяди. Ушбу баҳо иқтисодиётнинг ишлаб чиқариш тузилмасидан сезиларли даражада фарқ қилувчи тармоқ нархлари ва уй хўжаликлари истеъмолининг тармоқ тузилмасидаги ҳисобланган ўзгаришлар асосида олинган.
Шу нуқтаи назардан, амалдаги ва номинал ставкалар ўртасидаги тафовутни қисқартириш, шунингдек, стандарт оғиш бўйича 22,8 фоизни ташкил этган амалдаги ставкаларнинг тармоқлараро ўртача кўрсаткичини (24 фоиз) камайтиришга қаратилган чора-тадбирлар нисбатан истиқболли бўлиши мумкин. Бу эса ҚҚС бўйича стандарт ставкаси пасайган тақдирда ҳам солиқ тушумларининг ўсишини таъминлайди.
Шу ўринда ҚҚС тизимини такомиллаштиришда Хитой тажрибасига эътибор қаратиш мумкин. Хитойда ҚҚС нинг стандарт ставкаси 13 фоизни ташкил қилади. 9 фоизли (чакана савдо, кўнгилочар, меҳмонхона бизнеси, умумий овқатланиш, қурилиш, транспорт, почта ва логистика хизматлари) ва 6 фоизли (молиявий сектор ва суғурта, ахборот технологиялари ва консалтинг) пасайтирилган ҚҚС ставкалари амал қилади.
Солиқ солиш тизимининг тез-тез ўзгариши оптимал эмас. Аммо ҚҚСнинг табақалаштирилган ставкаларини жорий этиш масаласи кўриб чиқиладиган бўлса, у ўзини оқламаган солиқ имтиёзларининг аксариятини бекор қилган ҳолда амалга оширилиши зарур. Бунда тайёр маҳсулотнинг умумий ишлаб чиқаришдаги улуши қанча юқори бўлса, ҚҚС ставкаси ҳам шунча паст бўлиши керак. Бу эса корхоналарга янги технологиялар ва инновацияларни жорий этиш, қўшилган қиймат улушини ошириш ва тез ўсиб бораётган солиқ юки шаклида катта харажатларга йўл қўймасликда ёрдам беради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter