Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Биотехнолог. Альберт Эйнштейн ўқиган олийгоҳ магистранти Сурайё Акрамханова билан суҳбат

Биотехнолог. Альберт Эйнштейн ўқиган олийгоҳ магистранти Сурайё Акрамханова билан суҳбат

Сурайё Акрамханова.

«Хориждаги ватандошлар»нинг навбатдаги суҳбатдоши Швейцариянинг нуфузли ETH Zürich Федерал технология институти Биотехнология йўналиши магистранти Сурайё Акрамханова.

У билан суҳбатимиз Швейцариядаги таълим, нега биотехнология йўналишини танлагани, Ўзбекистонда эътибор қаратиш зарур бўлган масалалар ва шу каби бошқа мавзуларда кечди.

Бу соҳаларда кўрмаслигимни англаб етдим

Тошкент шаҳридаги 171-мактабда ўқиганман. Сўнг Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университети қошидаги академик лицейни битирганман. 2019 йили эса Янги Зеландияда жойлашган Отаго университетининг «Молекуляр биотехнология» бўйича бакалавр даражасини қўлга киритдим.

Бакалавриат пайтида талабалар алмашуви дастури бўйича Даниядаги Копенгаген университетида ярим йил таълим олганман. Ҳозир Швейцариядаги ETH Zürich (Eidgenössische Technische Hochschule Zürich) Федерал технология институтида «Биотехнология» мутахассислигида таҳсил оляпман.

Биотехнология йўналишини танлашимга эса бир нечта сабаблар бор. Хусусан, мактаб пайтидан информатика ва биология фанларига қизиқар эдим. Биология фанидан олимпиадаларда муваффақиятли иштирок этиб келганман.

Лицейнинг охирги йилида Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университетида Foundation йилини ўқиш имкониятидан фойдаланиб, кейинчалик IT-соҳасида мутахассис бўлишни режалаштиргандим. (Foundation йили Буюк Британия университетларига хос бўлиб, таълим тизими фарқли бўлган давлатлардан ёки ўқишга кириш талабларини бутунлай қондира олмаган талабалар учун бакалаврнинг дастлабки босқичи ҳисобланади). Шу йил мобайнида ўзимни бизнес, бизнесдаги ахборот тизимлари ва иқтисодиёт соҳаларида синаб кўрдим, афсуски ўзимни бу соҳаларда кўрмаслигимни англаб етдим.

Аниқроғи, мен шу соҳалар ёрдамида инсонларга ва дунёга қандай фойда келтира оламан деган саволга ўзимда жавоб топа олмадим. Шунда университетдан бир йиллик академик таътил олган ҳолда чет эл университетларига «Биотехнология» йўналишига ҳужжат жўнатишни бошладим ва ниятимга эришдим.

Натижада, ҳаёт, касалликлар, мавжудотлар, ўзимизнинг танамиздаги жараёнлар ҳақидаги саволларни қониқтиришга қаратилган ва табиатдан олган шу билимларимизни ҳаёт тарзимизни яхшилашга хизмат киладиган илмий дунёга шўнғидим.

Дарс бериш жараёнидаги камчиликларни, таклифларни очиқ ойдин ўртага чиқариш рағбатлантирилади

Янги Зеландия, яъни кучли илмий тадқиқот олиб бораётган таълим муассасаси муҳитида бўлганим учун магистратура босқичи учун ҳам, сўнгги инновацион тадқиқотлар бўйича билим берадиган ва амалий қўлланмаларга эътибор қаратадиган олий таълим муассасаларига ҳужжат топширишни бошладим. Бир нечта олийгоҳларга кириш синов ва суҳбатлардан ўтгандан сўнг танловим дунё миқёсида табиий фанлар ва муҳандислик бўйича кучли саналган Швейцариядаги ETH Zürich университетига тушди. У ердаги ўқув дастури менга қизиқ бўлган ҳамма жиҳатларни ўзида қамраб олган. Мисол учун интенсив равишда молекуляр биология, инженерлик ва дастурлаш каби ҳар хил бўлган жиҳатларни бирлаштирган ҳолда биологик аҳамиятга эга бўлган саволларга ечим топиш. Бу менга ҳам кенгроқ фикрлаш, ҳам кичик тафсилотларни кўздан қочирмасдан, уларни турлича ёндашув билан талқин этишга ундайди. Ана шу хусусиятлари билан Швейцария таълими бутун дунёга машҳур.

Бу ерга келиб сифат ўқув тизимида, айниқса, муҳим эканлигини кўрдим. Бу ерда профессорлар билан очиқ мулоқотда бўлиш, турли хил масалаларда фикр билдириш, унвонсиз исм билан мурожаат қилиш, дарс бериш жараёнидаги камчиликларни, таклифларни очиқ ойдин ўртага чиқариш рағбатлантирилади. Икки томонлама ўзини устида ишлаш муҳити яратилган. Айниқса, бизнинг университетда, расмий равишда таътил белгиланмаган. Имтиҳонлар қишда декабрь ва февраль ойларида, ёзда эса июнь ва август ойларида ўтказилади. Талабалардан ўқишга машаққат билан ёндашиш ва изланишдан тўхтамаслик кутилади.

Альберт Эйнштейн ҳам ушбу университетда таҳсил олган

ETH Zürich 1854 йили ташкил этилган бўлиб, илм, технология, муҳандислик ва математика (STEM) соҳаларига йўналтирилган. ETH Zürich 2021 QS World University Rankings жадвалида 6-ўринда туради.

2019 йилги маълумотларга кўра, 21 та Нобел лауреати, 2 та Fields Medalists (нуфузли математика соврини), 2 та Pritzker Prize совриндорлари (нуфузли меъморчилик соврини) ва 1 та Turing Award совриндори (нуфузли дастурлаш/ҳисоблаш соврини) университетга алоқадор бўлишган, шу жумладан Альберт Эйнштейн ҳам ушбу университетда таҳсил олган. ETH Zürich IDEA лигаси ва Халқаро Тадқиқот университетлари Альянси (IARU)нинг асосчилари ва аъзоларидан бири ҳамда CESAER тармоғининг аъзоси.

6000 йил олдин асос солинган

Биотехнология соҳаси тез ривожланаётган соҳаларидан бири. Терминнинг ўзи нисбатан янги бўлса-да, унга 6000 йил олдин асос солинган бўлиб, тарихдаги биринчи мисолларни қишлоқ хўжалиги ва ферментация орқали озиқ-овқатлар (пишлоқ, нон, пиво) ишлаб чиқариш деб келтирса бўлади.

Ҳозирги кунда биотехнология ҳаётимизнинг кўп жабҳаларида муҳим аҳамиятга эга. Бу қишлоқ хўжалигида энг яхши ҳосил берадиган мева, сабзавот экинларини саралаб олиш, турли ҳил иқлим шароитига мослаштириш учун трансген (генетик ўзгартиришлар киритилган) ўсимликлар яратиш, биология орқали саноатда ишлаб чиқариш унумдорлигини яхшилаш, пишлоқ ва баъзи-бир ичимликларни тайёрлаш, бу жараёнларда зарарли организмларга қарши чора топиш, қурғоқчил ерлар ва чўллар вазиятини назорат қилиш ва махсус ўсимликлар ўстириш, чиқинди ва ифлосланиш муаммоларини ечиш. Ва албатта тиббиёт ва фармацевтика саноати ва соғлиқни сақлаш секторида аҳамияти катта. Айниқса ҳозирги пандемия даврида буни кўриш мумкин. Вакцина, антибиотик, дори воситаларни яратиш, янги диагностика усулларини яратиш, янги терапия усулларини кашф этиш ва сунъий органлар ўстириш, булар ҳаммаси биотехнология ва биология фани бўлималари орқали содир бўлади. Кўриб турганингиздек, бу соҳа Ўзбекистон учун ҳам жуда муҳим.

Магистратурадаги илмий ишини тайёрлашни ҳали бошламадим, лекин функционал геномика ва ирсий касалликлар билан боғлиқ бўлган илмий ишларни қизиқиш билан кузатиб боряпман. Ҳозир илдиз ҳужайралардан (стволовые клетки) мия органоиди (сунъий орган) ўстириш бўйича кичикроқ амалий лойиҳамни бошлаш арафасидаман.

Мактаб пайтидан камида 3 та тилни ўзлаштиришади

Таълим тизимида ўрганишимиз мумкин бўлган кўплаб жиҳатлар борлиги ҳақида гапирмоқчиман. Бу, авваламбор, ўқитувчиларга бўлган ҳурмат ва улар оладиган маошлар. Мактабларда ўқувчилар учун фанлар танлаш ва креатив фикрлаш имкониятининг берилиши, болаликдан жамоатчилик ишлари муҳимлигини ўргатиб, мустақил жамоатчилик лойиҳаларига қўшилиш имкони. Тил ўрганишга бўлган эътиборни алоҳида таъкидламоқчиман. Швейцарияда 4 та давлат тили мавжуд бўлиб болалар мактаб пайтидан камида 3 та тилни ўзлаштиришади.

Яна бир қизиқарли ва ижобий тарафини референдум тизимида кўрдим. Швейцарияда жамиятга алоқадор бўлган масалаларни референдум орқали ҳал қилишар экан. Бу нафақат Конституцияга ўзгартиришлар киритиш, балки оддий қонунлар қабул қилиш ва кантон (вилоят) бюджети нима учун сарфланиши. Масалан минимал маош миқдорини ошириш ёки оширмаслик, маълум бир маблағга қўшимча ҳарбий самолёт олиш, маълум маблағни ичимлик сувини тозароқ бўлишига сарфлаш каби оддий муаммолар ҳам референдумга чиқарилади. Бундай тадбирлар нафақат демократияни мустаҳкамлайди, балки фуқароларни ўз юртига бефарқ қолмаслик ва жамоатчилик онгини уйғотади.

Инвестицияга муҳтож бўлган кўплаб соҳаларимиз бор

Афсуски, Ўзбекистонда ҳалигача инвестицияга муҳтож бўлган кўплаб соҳаларимиз бор. Масалан жамиятимизда кўпайиб бораётган саратон касаллиги, уни скрининг қилиш ва олдини олиш чора-тадбирларини ривожлантириш, бизнинг иқлимимиз ва яшаш тарзимиздан келиб чиқиб саратонга олиб бораётган сабабларни белгилаб, уларга даво топиш масалаларига эътиборимизни қаратишимиз керак.

Кўплаб инвестициялар даромади тезроқ бўлган қурилиш, бизнес соҳаларига ажратилади, лекин ўйлаб кўрилса, илм-фанга маблағ ва ресурс тикиш узоқ муддатли «даромад» келтиради. Озиқ-овқат етишмовчилиги, ўзгараётган иқлим муаммолари, ўзгараётган ва ғойиб бўлаётган экотизимимиз муаммоси, маҳаллий бўлмаган ўсимликларни кўпайиши, биологик парчаланадиган материаллардан фойдаланмаслик оқибатида атроф-муҳит ифлосланиши, келажак авлод соғлиги каби муаммоларни бартараф этиш давлат учун узоқ муддатли фойда келтиради.

Ривожланишга тўсқинликни яна хотин-қизларни доим ҳам билим олиб, ўзлари ёқтирган касб эгалари бўлишлари учун етарлича рағбатлантирмаслигимизда кўраман. Айниқса илм, технология, муҳандислик ва математика соҳаларида. Ваҳоланки, мактабда аълочи қизларимиз жуда кўп бўлади. Бунинг учун муҳит, имкониятлар ва атрофдагиларнинг қўллаб-қувватлаши катта аҳамиятга эга.

Мен ўзимни зиёли ва билим олишни қўллайдиган оиладан эканлигим учун омадли деб биламан. Доимо дастак бўлган ота-онам, биология фанига меҳр уруғини қадаган мактабдаги биология фани ўқитувчим Надежда Евгеньевна ва дўстларим қўллаб-қувватлашгани учун, қобилиятимга ишонишгани учун, билимим билан бошқаларга ёрдам бера оладиган соҳадаман. Шундай шароитни оилаларда ўғил болалар қаторида юртимиздаги барча қизлар учун ҳам яратилса, кўплаб билимли, савияси баланд бўлган, юрт ривожига ҳисса қўшадиган кадрлар етиштиришимиз мумкин бўлар эди.

Биотехнология ва тиббиётга оид мавзуларни муҳокама қилинадиган платформа яратмоқчиман

Бакалавриатда бирга ўқиган дугонам билан инглиз тилида блог орқали одамларга ўзимизнинг соҳамизни тушунтириб, мураккаб терминлар билан ёзилган мақолаларни оддий қилиб одамларга етказиб бериб турамиз. Шунга ўхшаш одамларнинг маорифини оширадиган, саратонни қўзғатувчи омиллар, вақцина, қариндошлар орасидаги никоҳ оқибатлари, ГМО маҳсулотлари, генетика, генетик касалликлар, биотехнология ва тиббиётга оид мавзуларни очиқ-ойдин муҳокама қилинадиган платформани ўзимизда Ўзбекистонда яратиб кўриш режаларимдан бири. Шу билан бирга илмий иш билан шуғулланишни давом эттирмоқчиман.

Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг