Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Актёрнинг бир умр йиққан пуллари... ёдгорликка!

Актёрнинг бир умр йиққан пуллари... ёдгорликка!

Истеъдодли ва... иккинчи даражали ролларга муносиб

Машҳур актёр Анатолий Папанов 1922 йил 31 октябрда Россиянинг Вязьма шаҳрида дунёга келган. Унинг ота-онаси санъатдан йироқ оддий ишчилар эди. 30-йилларда Папановлар оиласи Москвага кўчиб ўтди. Толянинг мактабдаги драма тўгарагига қатнагани уни кўча болаларига қўшилишдан асраб қолди. У мактабни тугатгач, заводда дегрез (металл қуювчи) бўлиб ишлай бошлади. Шунингдек, «Каучук» театр студиясига қатнаб, «Мосфильм»даги оммавий саҳналарда иштирок этди. Бўлажак актёр бирорта таниқли режиссёрнинг эътиборига тушиш илинжида эди. Бу нияти амалга ошмади. Сабаби, уруш бошланган эди...

Папанов фронтга кетди. У пиёда қўшинлари қисмига тушди. Кейин урушда оёғидан оғир яраланди. Орадан ярим йил ўтиб, ногирон ҳолда Москвага қайтди. Театр санъати институтига ҳужжат топширди. Имтиҳонлардан муваффақиятли ўтиб, талабаликка қабул қилинди. У яхши ўқий бошлади.

Таҳсилни тугатиш чоғидаги диплом спектакли устозларнинг эътиборини қозонди. Папанов ўз ролини ажойиб тарзда ижро этганди. Натижада уни бирйўла иккита театр даргоҳи ишга таклиф қилди.

Хуллас, Папановнинг пойтахтда ижод қилиши учун имкониятлари бор эди. Дарвоқе, бу вақтда у курсдоши Надежда Каратаевага уйланганди.

Бироқ, иқтидори, қобилиятига қарамай, Папанов узоқ вақт сатира театрида иккинчи даражали ролларни ижро этиб юрди. Шу боис, унча кўзга ташланавермади. Фақат «Ревизор», «Карқурнинг уяси», «Пари бўсаси» ва «Дўндиқ» спектаклларидаги ижросидан кейингина танқидчилар у ҳақда фикр билдирадиган бўлдилар

 «Бриллиант қўл» ва бошқалар

Папанов кинода ҳам кўзга тез ташланмади. Бу токи «Тириклар ва ўликлар» фильмидаги Серпилин ролигача давом этди. Киночилар Папановни яхши танишмасди ҳам. У Серпилин роли билан режиссёрларнинг назарига тушди. Папановни фильмларга таклиф қила бошлашди. Шу зайлда у экранда турфа феъл-атворга эга қаҳрамонларни яратди.

1966 йили режиссёр Эльдар Рязановнинг «Автомобилдан сақланинг» кинокомедияси экранларга чиқди. Папанов ушбу фильмда заргарлик дўкони сотувчиси Дима Семицветовнинг қайнотаси ролини ижро этди. Унча катта бўлмаса-да, бу роли актёрга шон-шуҳрат олиб келди. Бирин-кетин «Бриллиант қўл», «12 стул», «Шикоят дафтарини беринг», «Омадли жентльменлар», «Дала-ҳовли» фильмларида ўйнаган роллари Папановни янада машҳур қилиб юборди.

Унинг истеъдодидан нафақат кинода, балки мультипликацияда ҳам фойдаландилар. Папанов овоз берган мультқаҳрамонлар жуда кўп. Энг таниқлиси «Сеними, шошмай тур»даги Бўри ҳисобланади.

Ҳаётининг охирги йилларида Анатолий Папанов кинода деярли суратга тушмади. У, асосан, театрда фаолият юритди. Кинодаги сўнгги роли Александр Прошкин суратга олган «53-йилнинг совуқ ёзи» эди. Мазкур киноасар Папановнинг ўлимидан сўнг экранга чиқди.

 Совуқ сув остида

Актёр оддий ҳаёт кечирди. У ҳалол, эътиқодли одам эди. Папановга коммунистик партияга кириш шарти билан кўпдан-кўп унвонлар ваъда қилишган. У эса ўзида журъат топиб, таклиф ва мукофотлардан бош тортди.

Папанов уруш тугаганининг ўнинчи кунида уйланган эди. Хотини Надежда Каратаева унга Елена исмли қизалоқни ҳадя этди. Елена улғайгач, ота-онасининг изидан бориб, актриса бўлди.

Анатолий Папанов шу қадар машҳур эдики, кўчада таниб қолмасликлари учун оддий кўйлак ва жинси киярди. Велосипедда дала-ҳовлисига йўл оларди. Нима учунлиги номаълум-у, Папанов негадир машҳурлигидан уяларди. Бир куни хотинига шундай деди:

– Надюша, билсанг, мен жудаям чарчадим.

Папанов режиссёрликка ҳам қўл урган. 1987 йили сатира театрида ўзининг биринчи спектакли – «Охиргилар»ни саҳналаштирди, унда ўзи ҳам роль ўйнади. Ўша йили ёз ойида дам олиш учун Ялтага бориши белгиланган эди. Папанов хотинининг қаршилигига қарамай, «53-йилнинг совуқ ёзи» фильмида иштирок этиш учун кино суратга олинаётган қишлоққа жўнаб кетди. Ўша ердан Ригага учиши керак эди. Орада уч кун вақт бор. У талабаларига ётоқхона олиб бериш учун Москвага қайтди.

5 август. Папанов уйда бир ўзи эди. Хотини Надежда Каратаева ҳамкасблари билан Рига гастролига кетган. Қизи эса оиласи билан дала-ҳовлида эди.

Уйда иссиқ сув қуриб қолди. Папанов чилангарга қўнғироқ қилиб сўради:

– Саша, нега иссиқ сув йўқ?

– Ўчириб қўйишган, – жавоб берди чилангар.

– Начора, совуқ суда ювинаман...

Ёзнинг жазирамасида иссиқлаб кетган Папанов совуқ душ тагида турди. Ана шунда унинг юраги уришдан тўхтади. Папанов 65 ёшни ҳам тўлдирмаганди. Том маънода айтганда, 1987 йилнинг «совуқ ёзи» эди ўшанда.

Папанов юрагидан шикоят қилмаган. У совуқ сувдан қўрқмас, ҳатто октябрь ойида ҳам бемалол чўмилаверарди. Папановнинг жасадини ёриб кўрган шифокорлар инфаркт аломатини топмадилар. Бу тақдир, албатта, аммо ўшанда уйда яна кимдир бўлганида, эҳтимол, «тез ёрдам»ни чақириб, Папановни қутқариб қолиш мумкин эди.

Папановни 1942 йили урушда яраланган оёғи безовта қиларди. «Товонимнинг ярмини немис кесиб олган», – дерди у. Умуман айтганда, Папановни ярим ногирон деса ҳам бўларди: оёғининг бармоғи қирқиб ташланган, товон суяги парчаланиб, организмдан ажралиб кетганди. Папанов ана шу қирқилган товони ўрнига ҳамма вақт нимадир қўйишга мажбур бўларди. Уни экранда соғлом ва тетик ҳолда кўрган томошабинлар оғир дарди ҳақида билишмасди.

Актёр бир пайтлар, ёшлигида ўқишга ҳасса билан келган, охирги курсгача оқсашдан халос бўлишини айтиб устозларни ишонтирганди. У оёғи билан жиддий машқ олиб борди. Кейин эса битирув кечасида роса рақсга тушди.

Папанов ўзининг нутқи устида ишлашга ҳам ваъда берганди. Афсуски, қанча ҳаракат қилмасин, натижа чиқмади. Ўқитувчилар уни нуқул койиган бу овози келгусида рамзий тарзда «Папановнинг фирма белгиси» бўлиб қолди.

 Хотини ажрашмоқчи бўлган

Надежда Каратаева хотираларидан:

– Онам Толяни илк бор кўрганида, «яхши йигит экан-у, чиройли эмас экан», дегани эсимда. У жуда озғин эди. Ранги ўчган гимнастёркада юрарди. Тўйимиз кечаси чироқ ўчиб қолди. Меҳмонлардан кимдир буни кўнгилсизликка йўйди, ҳаёт эса бу ирим бўлмағўрлигини кўрсатди. Биз Анатолий билан бахтиёр эр-хотин сифатида 43 йил бирга умргузаронлик қилдик.

Биргаликдаги ҳаёт бир текис эмасди, албатта. Надежда Юрьевна эслашни хоҳламаса-да, ўз вақтида эри билан ажрашиш фикри ҳам туғилганини тан олган. Машҳур актёр Георгий Вициндан фарқли ўлароқ, Папанов ичкиликка берилган эди. Айнан шу туфайли у бир сафар ҳушёрхонада 15 сутка ётиб ҳам чиққан. Онасининг ўлими актёрни ғам-ғуссага чўмдириб, ичкиликка дучор қилган эди. Бу жиҳатдан актёр Папановнинг ҳаёти ҳамкасби Алексей Смирновникига ўхшаб кетади. Ҳа, айримлар шу йўл билан дардларини енгмоқчи бўладилар.

Суратга олиш кунларидан бири эди. Ичиб қўймаслиги учун Папанов ва бир актёрни меҳмонхонага қамаб қўйишди. Папанов барибир чидай олмади. У чойшабга пул боғлаб, деразадан ташлади ва «Илтимос, ёрдам беринглар, икки артистга ароқ керак», деб бақирди...

Режиссёр улар қамаб қўйилган хонага кирганида икковлон вадаванг хиргойи қилиб, қувноқ кайфиятда ўтиришарди.

Икковлон

Анатолий Папанов ва Андрей Миронов кинода бирга кўп ўйнашган. Гоҳ қайнота-куёв, гоҳ ҳамтовоқлар, яқин шериклар бўлиб экранда намоён бўлишган. Томошабинлар уларни ҳаётда ҳам ажралмас дўст, деб ўйлашарди. Бундай эмас. Папанов ва Миронов бир-бирларининг уйига, ҳатто, меҳмондорчиликка ҳам боришмаган. Улар иш юзасидан ҳамкор эдилар, холос.

Папанов вафотининг 10-куни Андрей Миронов ҳаётдан кўз юмди. Август ойида! Мироновнинг ёши 46 да, Папановники эса 64 да эди. Рақамларнинг ўзига хос мистик ўйини!

Театр Андрей Мироновни Папанов қабрининг ёнида дафн этишни илтимос қилди. Аммо марҳум актёрнинг машҳур бўлгани ҳам инобатга олинмади. Мироновни нуфузли Новодевич кабристонига дафн этишнинг иложи бўлмади. Папанов қабри ёнига қайсидир вазирнинг хотинини кўмдилар.

Судлашув

Актёр Анатолий Папанов оддий яшади. Фақат ҳаётининг сўнгги йилларидагина ўша давр мезонларига кўра, бадавлат одамга айланди. Вафотидан сўнг Папановнинг ҳисоб рақамида 50 минг рубль пули борлиги аён бўлди. Аммо замон алғов-далғов, нарх-наво осмонга сапчиган, яшаш қийинлашиб қолганди. Ҳисобдаги пулларнинг ҳаммаси Папановнинг ўзига ёдгорлик ўрнатишга сарфланди.

Бугунги кунда Папановлар оиласи марҳум отасининг иштирокидаги фильмлар прокатидан бир чақа ҳам олмайди. Анча йиллар муқаддам ТВда Папанов сиймосидан фойдаланиб, бўлмағур реклама лавҳасини кўрсатишди. Папановнинг қизи Елена Анатольевна бундан асабийлашиб, марҳум отасининг шаъни учун судга мурожаат қилди ва... ютқазди. Папановнинг муаллифлик ҳуқуқлари киностудияга тегишли экан.

А.Фатҳуллаев

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг