Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Yangi Nafas»: 13 ноябр куни юртимизнинг 15 та шаҳрида бир вақтда оммавий югуриш мусобақасига старт берилади

«Yangi Nafas»: 13 ноябр куни юртимизнинг 15 та шаҳрида бир вақтда оммавий югуриш мусобақасига старт берилади

Бугун, 7 ноябр куни Спортни ривожлантириш вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғини қабул қилинган кун муносабати билан «Yangi Nafas» спорт оммавий югуриш мусобақасига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Давлат байроғи қабул қилинган куннинг 31 йиллигини нишонлаш доирасида мамлакатдаги кенг кўламли тадбирлардан бирини ўтказишгача роппа-роса бир ҳафта қолди. 13 ноябр куни юртимизнинг 15 та шаҳрида бир вақтда «Бир ватанда, бир вақтда, бир масофага, бир мақсадда – бирга югурамиз!» шиори остида «Yangi Nafas» оммавий югуриш мусобақасига старт берилади. Анъанага кўра, спорт тадбири Sport.Uz телеканалида жонли эфирда, ҳудудлар ва Қорақалпоғистон Республикасидан уланишлар билан намойиш этилади.

Тадбир бошида, Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икромов, ҳозирги пайтда бутун республика бўйлаб Давлат байроғи қабул қилинган кунга бағишланган спорт-ватанпарварлик тадбирларини муносиб даражада ўтказишга пухта тайёргарлик олиб борилаётганини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи ҳар бир спортчи учун ғалабалар ва ютуқларининг тимсоли, ғурур ва шон-шараф, миллий бирдамлик рамзи ҳисобланишини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Қайд этиш лозим, мазкур оммавий югуриш мусобақасида бутун республика бўйлаб 32 мингга яқин иштирокчи қатнашиши кутилмоқда, бу эса жорий йил ёзда Ёшлар кунига ташкиллаштирилган «Yangi Nafas» спорт оммавий югуриш мусобақасида иштирок этган югурувчилар сонидан икки баравар кўпроқни ташкил қилади.

Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълими вазирлигининг кўмагида спорт тадбирида кенг кўламда ёш иштирокчилар қатнашмоқда. Хусусан, «Yangi Nafas» оммавий югуриш мусобақасига Ўзбекистоннинг 85 та олий ўқув юртларидан деярли 27 мингта талаба иштирок этиши режалаштирилган.

Матбуот анжумани давомида ҳудудий касаба уюшмаларининг вакиллари томонидан онлайн режимда «Yangi Nafas» оммавий югуриш мусобақаси ўтказиладиган иштирокчи-шаҳарларда тайёргарлик жараёни ҳақида маълумот берилди. Оммавий югуриш мусобақаларининг йўналишдари, оммавий югуриш хавфсизлигини таъминлаш, қолаверса имкониятлари чекланган иштирокчиларнинг мусобақадаги иштирокини самарали ташкил этиш борасидаги масалалар келишиб олинди.

Спорт оммавий тадбирларига инклюзив қадриятларнинг жорий этилиши «Yangi Nafas» оммавий югуриш мусобақаларининг муҳим қисми бўлиб ҳисобланади. Адлия вазирлигининг кўмагида ҳар бир «Yangi Nafas» оммавий югуриш мусобақасига ногиронлиги бўлган югурувчилар жалб қилинади. Ташкилотчилар томонидан «Ғалабага ирода учун» махсус номинацияси таъсис этилди.

Енгил атлетика федерацияси раиси ўринбосари Андрей Абдувалиев томонидан, сўнгги йилларда Ўзбекистонда аҳоли орасида енгил атлетиканинг аҳамиятли даражада оммалашиши кузатилаётгани, аввал фуқаролар учун енгил атлетикачиларнинг спорт соҳасидаги ютуқларини шунчаки кузатиб бориш одатий ҳол бўлган бўлса, бугунги кунда ёшлар ва ўрта ёшдаги инсонлар катта хоҳиш билан оммавий спорт тадбирларига қўшилиш истаги ортиб бораётгани таъкидланди.

Маълумот учун, Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган оммавий югуриш мусобақаси учта жойда ташкил этилиб, улар «Янги Ўзбекистон» парки, «Ашхобод» парки ва «Ҳумо Арена» майдончалари ҳисобланади.

«Yangi Nafas» спорт оммавий югуриш мусобақаси Спортни ривожлантириш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия, Тошкент шаҳар ҳокимияти, Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон касабалар федерацияси, «Ўзбекнефтгаз» АЖ, Ўзбекистон Триатлон федерацияси ҳамда югуриш ҳаваскорлари клублари кўмагида Енгил атлетика федерацияси томонидан ташкил этилган.

Facebook: @Yangi Nafas

Инстаграм: @yanginafas2022

#BayroqUz #Bayroqkuni #YangiNafas #YangiUzbekiston #Ashxobod #15shahar #sport

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг