Ucellда катта мусобақа бўлиб ўтди (видео)
Апрел ойидан бошлаб COSCOM МЧЖ (Ucell савдо белгиси) барча вилоят филиаллари ходимлари ўртасида шахмат мусобақаларини ўтказмоқда.
Бугун, 19 май куни Ўзбекистон Республикаси Халқаро шахмат академияси ҳудудида компания ишчилари ўртасида биринчи шахмат турнирининг финал босқичи бўлиб ўтди.
Саралаш ўйинлари бир ярим ой ичида бутун мамлакат бўйлаб ташкил этилиб, Самарқанд, Қарши, Бухоро, Навоий, Гулистон, Жиззах, Наманган, Нукус, Қўқон ва Тошкентда бўлиб ўтди. Оқ-қора майдондаги жангларда компаниянинг барча офисларидан 66 нафар ходим қатнашди. 11 нафар иштирокчи финалга чиқди.
Компанияда биринчи марта шахмат бўйича мусобақа бўлиб ўтмоқда.
Владимир Кравченко, COSCOM МЧЖ Бош директори (Ucell савдо белгиси):
— Биз Ucell компаниясида анъанавий равишда нафақат бизнесда юқори кўрсаткичларни сақлаб қолишга, балки ходимларнинг ички шарт-шароитлардан қониқиш даражаси ҳақида ҳам қайғурамиз.
Ўтган йилнинг кузида компания ходимлари орасида катта ижтимоий сўровнома ўтказилди ва унинг натижаларига кўра, кўплаб ходимлар компанияда соғлом турмуш тарзини фаоллаштириш тарафдори бўлишди, айниқса, шахмат бўйича мусобақаларни ўтказиш зарурлиги алоҳида қайд этилди.
Айтиш жоиз, ҳар йили Ucell касаба уюшма қўмитаси кўнгилочар ва туристик саёҳатлар, стол тенниси мусобақалари, волейбол, баскетбол ва футбол мусобақаларини ташкиллаштиради. Шахсан ўзим баскетбол мухлисиман ва бажонидил ўйинларда қатнашаман.
Энди шахматга ҳам навбат келди. Бу хотира, мантиқ ва диққат-эътиборни ривожлантирадиган ажойиб спорт тури ҳисобланади. Бизда шахматга катта ҳурмат ва эътиборга билан қарашади. Бунга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 21 январдаги «Шахматни янада ривожлантириш ва оммавийлаштириш ҳамда шахматчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ҳам яққол мисол бўла олади.
Саралаш босқичи ўйинлари аллақачон мусобақага бўлган қизиқишни ошириб юборди ва ўйлайманки, компанияда бу яхши анъанага айланади, интеллектуал спорт тури сифатида шахматнинг янада оммалашишига ҳисса қўшади.
Ўзбекистон Республикаси Шахмат федерацияси мусобақаларни ташкил қилишда: мусобақа регламентини ишлаб чиқиш ғоясидан тортиб, финал босқичларини FIDE ҳакамлари билан ўтказишгача бўлган жараёнларда кўмаклашди.
Мусобақа финали швейцарча тизим бўйича 5 турда ўтказилди. Ўринлар тўпланган балларнинг кўплиги бўйича аниқланди.
Энг яхши натижани IТ-харидлар бўлимининг етакчи мутахассиси Алишер Бобоев кўрсатди, иккинчи ўринни таҳлил департаментининг етакчи мутахассиси Даврон Сулаймонов, учинчи ўринни Нукус шаҳри техник хизмат кўрсатиш гуруҳи муҳандиси Имомаддин Алламуратов ва Бухоро шаҳри бизнес сегментига хизмат кўрсатиш бўлимининг оператори Беҳзод Холиқовлар эгаллашди.
Турнир соврин жамғармаси қуйидагича тақсимланди: ғолибга 5 миллион сўм, кумуш медал соҳибига 3 миллион сўм ҳамда бронза медал соҳибларига 1 миллион сўмдан пул мукофотлари берилди. Финал босқичининг қолган етти иштирокчисига қимматбаҳо совғалар топширилди.
Алишер Бобоев, шахмат мусобақаси ғолиби:
— Ягона мақсад йўлида бирлашган жамоанинг бир қисми бўлиш мен учун катта шараф. Баҳслардаги ўзаро рақобат муҳитига қарамай, бутун мусобақа давомида ягона жамоа, ҳамкасблар бўлиб қолишда давом этдик. Ташкилотчиларга катта раҳмат дейман. Турнир бизни бир-биримизни қўллаб-қувватлашга ўргатди, айниқса, фавқулодда вазиятларда. Бизнинг ходимларимиз кучли қатъият ва мустаҳкам ирода кўрсатишди. Биринчиликни қўлга киритиш жуда ҳаяжонли, бу мен учун улкан шараф.
Ўзбекистоннинг энг йирик мобил алоқа оператори бўлган Ucell жорий этиб келаётган замонавий технологиялари орқали ҳаётнинг энг яхши қулайликлари ҳар ерда ва ҳамма учун фойдали бўлишига интилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter