Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Наполи» Италия кубоги финалига чиқди

«Наполи» Италия кубоги финалига чиқди

Фото: «Спорт-Экспресс»

Италия кубогининг яна бир финалчиси аниқланди. Икки ўйин натижасига кўра Миланнинг «Интернационале» клубидан устун келган «Наполи» финалга йўл олди.

Коронавирус пандемияси бошланмасидан аввал Миланда бўлиб ўтган илк ўйинда «Наполи» 1:0 ҳисобида ғалаба қозонганди. Жавоб ўйинида жамоага дуранг ҳам кифоя қиларди. Бироқ Неаполдаги ўйиннинг учинчи дақиқасидаёқ «Интер» олдинга чиқиб олди — Кристиан Эриксен бурчак зарбасидан тўпни дарвозага жойлаб қўйди.

Бироқ «Наполи» танаффусга ортиқча ташвишсиз чиқиб кетиш учун ўзида куч топа олди. Эриксеннинг голида «бош айбдор» — дарвозабон Оспина ўз хатосини ювди ва қарши ҳужумни бошлаб берди. Ҳужумга сўнгги нуқтани қўйган Дрис Мертенс ҳам жамоани финалга олиб чиқди, ҳам «Наполи» тарихидаги энг сермаҳсул футболчига айланди: 122-голини урган бельгиялик Ҳамшек ва Марадонадан ўтиб кетди.

«Интер»нинг иккинчи голни уриш учун уринишлари бесамар кетди, ҳисоб — 1:1, «Наполи» Италия кубоги финалида ўта жиддий рақиб — «Ювентус» билан тўқнашади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг