Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мессига таклиф тушди, бироқ...

Мессига таклиф тушди, бироқ...

Аргентина олимпия терма жамоаси (U-23) бош мураббийи Хавиер Маскерано 2024 йилда Парижда бўлиб ўтадиган Олимпиада ўйинларида иштирок этиш учун ҳужумчи Лионел Мессини ўз жамоасига таклиф қилмоқчи эканлигини айтди.

Бу ҳақда Аргентина олимпия терма жамоаси устози бир кун аввал Париждаги Олимпиада ўйинларига саралаш турнирида Бразилия термасини мағлуб этганидан сўнг (1:0) маълум қилди, деб хабар беради ESPN.

«Месси билан дўст эканимни барчангиз биласиз. Бундай футболчи бизга Олимпия ўйинларида ёрдам бериши мумкин. Якуний қарор унга ва унинг клубдаги режаларига боғлиқ бўлади», деди  Маскерано

Олимпия ўйинлари регламентига кўра, футбол мусобақасида ёши 23 дан катта бўлмаган спортчилар иштирок этишлари мумкин. Бироқ ҳар бир жамоа ёш чекловларисиз уч нафар футболчини аризага киритиш ҳуқуқига эга. Ушбу қоидага кўра, Лионел Парижга бориши мумкин.

Бироқ Мессининг Париж ўйинларидаги иштироки сўроқ остида, чунки у 20 июндан 14 июлга қадар Аргентина терма жамоаси таркибида АҚШда бўлиб ўтадиган 2024 йилги Америка кубогида иштирок этади.

Қолаверса, бир вақтнинг ўзида MLS мунтазам чемпионати ҳам бўлиб ўтади ва «Интер Маями» форварди ўз клубининг бир нечта ўйинларини ўтказиб юборишга мажбур.

Эслатиб ўтамиз, машҳур аргентиналик ўз фаолиятида 2008 йилги Пекин ёзги олимпия ўйинларида олтин медални қўлга киритган. Ўшанда таркибда Маскерано ҳам бўлган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг