Месси ҳам Саудия Арабистони клубида тўп суриши мумкин – ОАВ
Саудия Арабистонининг «Ал Ҳилол» клуби Лионел Мессини яқин келажакда ўз жамоасига қўшиш бўйича дастлабки келишувга эришган. Бу ҳақда Италиянинг CalcioMercato нашрига таяниб ёзишмоқда.
Нашр бу келишув тарихдаги энг баланд нархдаги шартнома бўлишини, аввалроқ эса «Ал Ҳилол»нинг азалий рақиби бўлган «Ал Наср» клуби Роналдуни сотиб олганидан сўнг клуб Мессини ўз сафига қўшиб олиш учун ҳамма нарса қилишини айтган эди.
«Ал Ҳилол» клуби ҳатто Криштиану Роналдунинг «Ал Наср»га трансферидан кейин кўп ўтмай ўз клуб дўконида Мессининг футболкаларини сотувга қўйган.
Шартнома нархи борасида айрим манбалар бу клуб учун йилига 300 млн еврога тушаётгани ҳақида ёзяпти.
Лео ПСЖ билан шартномаларини узайтирмаса, жорий йилнинг ёзидан эркин агент сифатида фаолиятини давом эттириши мумкин.
Қувайтнинг собиқ ахборот вазири доктор Саад бин Тафела Ал Ажмининг айтишича, «Ал Ҳилол» Криштиану Роналду «Ан Наср» клубига ўтгандан сўнг Месси билан шартнома тузиш борасида жиддий ўйлаб кўрмоқда.
«Месси билан шартнома тузиш орқали Саудия лигаси жаҳон футбол мухлисларининг диққат марказида бўлади», – деди собиқ вазир.
Ҳозирча на Месси ва на «Ал Ҳилол» клубидан эҳтимолий трансфер ҳақида ҳеч қандай расмий баёнот берилмаган.
«ПСЖ» бош мураббийи Кристоф Галтиер эса Лионел Мессининг келаси мавсумда жамоада давом этиши ёки йўқлигини билмаслигини айтиб, бу кўпроқ Леонинг хоҳиши билан боғлиқ эканини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг сўнгги кунида «Ан Наср» клуби Криштиану Роналду трансферини эълон қилган ва унинг йиллик маоши ҳақида ҳам маълумот берилган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter