«Манчестер Юнайтед» 2 млрд фунтга янги стадион қуради

Англиянинг «Манчестер Юнайтед» клуби 100 минг томошабинга мўлжалланган янги стадионини қуради. Лойиҳа қиймати — 2 млрд фунт стерлинг.
Жамоа 11 март куни Олд Траффорд туманини қайта таъмирлаш лойиҳаси доирасида янги стадиони қурилишини расман эълон қилди.
«Ҳозирги стадион бизга 115 йил давомида ажойиб хизмат қилди, бироқ ҳозирда жаҳон спортининг энг яхши ареналаридан ортда қолмоқда. Ҳозиргисининг ёнида янги, чинакамига замонавий стадион барпо этиш орқали Old Trafford моҳиятини сақлаб қоламиз», — деди «Манчестер Юнайтед» хўжайинларидан бири Жим Рэтклифф.
Меъморчилик компанияси бўлғуси стадион ва унга туташ ҳудудлар қандай кўринишда бўлишини тасвирларда кўрсатди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, янги стадион Англия ғазнасига йилига 7,3 млрд фунт даромад келтиради, шунингдек, 92 000 та иш ўрни яратиб, 17 мингта уй қуриш имконини беради.
Бош меъмор — таниқли лорд Норман Фостер қурилишни 5 йил ичида якунлашни режалаштирган.
Англиянинг энг донгдор ва совриндор клуби сўнгги йилларда инқироз кўчасига кириб қолди. Миллионлаб маблағлар, мураббийларни тинимсиз алмаштиришдан фойда чиқмаяпти. Клубда бир йилда уч нафар мураббий ишлади.
2024 йил октябрида нидерландиялик Эрик тен Хаг «МЮ»дан истеъфога чиқарилгач, ўрнини ватандоши Рууд ван Нистелрой эгаллади, кейин португалиялик Рубен Аморим келди. Ким билсин, балки янги стадионда «қизил иблислар»нинг иши юришиб кетар.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter