Лондонлик оила Абрамович ва «Челси»нинг бир миллиард фунтлик стадиони қурилишини тўхтатиб турибди
Роман Абрамович анчадан буён «Челси»нинг уй аренаси бўлган «Стэмфорд Бриж»ни 40 минг кишидан 60 минг киши сиғадиган ўриндиқларга эга стадионга айлантиришни орзу қилади. Аввалига бунга эгалик ҳуқуқи масаласи тўсқинлик қилди. Чунки «Челси» Абрамович тасарруфида бўлсада, «Стэмфорд Бриж» стадиони миллиардер мулки эмас. Арена «Челси» мухлислари клубига тегишли. Абрамович Лондон мэри ва аҳолининг кўпчилик овозига кўра уч йилдан сўнггина бундай қурилишга рухсат олди. Олдию янги муаммога тўқнаш келди.
Гап шундаки, Англияда ўн тўққизинчи асрдан буён ҳар бир фуқаро «Қуёш нурлари ҳуқуқи»(Right to light)дан фойдаланади. Яъни фуқаро уйининг атрофидаги қурилишлар унинг уйига тушувчи қуёш нурларини тўсиб қўйиши мумкин эмас. Стадионнинг янги девори айнан йўлнинг қарама-қарши тарафидаги уйларга соя солади. Умуман олганда фуқароларни бу ҳуқуқларидан воз кечишга рози қилиш мумкин, кўпчилик 50 минг фунт-стерлинг эвазига шундай қилди ҳам. Фақат 69 ёшли Николас Кроствейтгина бу ҳуқуқидан тўлақонли фойдаланмоқда ва суд орқали ҳар қандай қурилишларга тақиқ қўйиб қўйди. Шундан сўнг Абрамович шаҳар маъмуриятини ишга солди ва рухсатни янгилашга киришди. Аммо Кроствейт миллиардерга қарши жангда бир қадам ҳам ортга чекинмоқчи эмас. «Остонамдан тепилган тўп тўғридан-тўғри стадионга тушади. Мен билан келишмасликнинг оқибати яхши бўлмайди» дея огоҳлантирди у.
Стадион қурилиши тўхтаб турган бўлсада, Николас Кроствейт Абрамовичга бир йўл борлигини шипшитиб қўйган: 20 миллион фунт стерлинг эвазига ўйлаб кўриш мумкин! Миллиардернинг жавоби ҳозирча номаълум.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter