Непомняший устидан қозонилган ғалаба татимади: Карлсен жаҳон чемпиони унвонидан воз кечишга тайёр
Норвегиялик шахмат бўйича жаҳон чемпиони Магнус Карлсен «қироллик»дан безган кўринади, у спортдаги ва ҳаётдаги янги истиқболлар учун унвонидан воз кечишга тайёрлигини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, яқинда чемпионлик унвонини навбатдаги маротаба муносиб ҳимоя қилган Магнус Карлсен россиялик Ян Непомняшийни 7,5:3,5 ҳисобида мағлуб этганди. Кўриниб турибдики, ҳадеб чемпион бўлавериш унга олдингидек завқ бағишламаяпти.
«Кейинги жаҳон биринчилигида иштирок этишимни кутаётганларнинг ҳафсаласи пир бўлиши эҳтимоли йўқ эмас. Аммо бу шахматдан кетаётганимни англатмайди. Агарда, масалан, навбатдаги рақибим Алиризо Фирузжа бўлса, бу мени қизиқтириши аниқ», — VG нашри Карлсендан иқтибос келтирмоқда.
«Фирузжа ўрнига бошқа одам даъвогарлар турнирида ғолиб чиқса, навбатдаги шахмат тожи учун курашмаслигим ҳам мумкин», — таъкидлади чемпион. Карлсен ижодий салоҳияти ўзини илҳомлантирувчи рақиблар билан курашишни истайди.
Непомняший устидан қозонилган ғалаба татимади. Бу турнир ўз қобилиятимни буткул намойиш этишга имкон бермади. Натижа зўр, бироқ хатоларга йўл қўйдим, деди Карлсен.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter