Шимолий Корея: Ким Чен Иннинг серияли қатллари
2011 йили отасининг вафотидан кейин ҳукумат тепасига келган Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин (аслида унинг исми Ким Жонг Ун деб ўқилади, бироқ ўзбекчага рус тили орқали Ким Чен Ин деб ўқиш кириб қолган ва кўпчилик уни шу ном билан танийди) ўзининг ғалати феъл-атвори билан бутун дунёни лол қолдириб келади. Унинг аҳмоқона баёнотлари гоҳида одамнинг кулгисини қистатса, гоҳида ташвишга солиб қўяди. Шимолий Кореянинг дунёдаги энг шафқатсиз диктаторлар сафида турувчи раҳбари қаттиққўллигидан нафақат бегоналар, балки ўзининг оила аъзолари ва қариндошлари ҳам омон қолмайди. Бугунги мақоламизда Ким Жонг Ун ҳокимият тепасига келаганидан буён қатл этилган шахслар ҳақида тўхталмоқчимиз.
Собиқ маъшуқанинг беҳаё филмлари
2013 йилнинг август ойида Жанубий Корея матбуоти шимолликлар раҳбари Ким Жонг Уннинг собиқ севгилиси, қўшиқчи Ҳён Сонг Волнинг қатл этилганини маълум қилди. Гап шундаки у билан бирга яна 11 санъаткор ҳамда унинг эри ҳибсга олинган. Улар беҳаё филмда суратга тушиб, уни сотишга уринишда айбланган. Шимолий Корея қонунларига мувофиқ беҳаё филмларни тарқатиш жиноят ҳисобланади. Ундан ташқари айбдорларнинг оила аъзолари ҳам мамлакат қамоқхоналарига ташланган.
Бундан ўн йиллар олдин Ким Жонг Ун ва Ҳён Сонг Вол ўртасида ишқий муносабатлар тўғрисида маълумотлар тарқалганди. Аммо ўша пайтдаги мамлакат раҳбари Ким Ир Сен бу муносабатларга қарши бўлган ва ўғлидан бунга чек қўйишни сўраган. Яна бошқа маълумотларга кўра, Ким Жонг Уннинг рафиқаси ўзининг собиқ душмани устидан шикоят қилгани туфайли қатл этилган. Расмий Пхенян бу иддаони рад этди ва буни жанубий кореялик “тентаклар” ўйлаб топганини маълум қилди.
Аквапарк борасидаги тортишув
Шимолий Кореялик собиқ юқори лавозимли сиёсий қочқинлардан бирининг CNN телеканалига берган гувоҳлигига кўра, Ким Жонг Ун 2014 йилнинг май ойида ўз аммаси Ким Кёнг ва унинг турмуш ўртоғи Жанг Сонгларни заҳарлашга буйруқ берган. Чунки аммаси ва поччаси унга аквапарк ва чанғи платформаси қуриш ўрнига мамлакат иқтисодиётини кўтаришни маслаҳат беради. АҚШ телеканалларининг маълум қилишича, шу кундан буён уларнинг тақдири номаълумлигича қолмоқда.
Тўпдан отилган вазир
2015 йилда мамлакат мудофаа вазири Ҳён Ёнг Чол буйруқларга бўйсунмаганлиги учун замбаракка қўйиб қатл этилган. Мудофаа вазири этиб тайинланганига бир йил бўлган вазир бир неча марта Ким Жонг Ун томонидан берилган буйруқларга бўйсунмаган ва унга қаршилик кўрсатишга уринган. Маҳкум 2015 йилнинг апрел ойида Пхенян шимолида жойлашган ҳарбий академиялардан бирида ҳаво ҳужумидан мудофаа замбарагига қўйиб ўққа тутилган. Жанубий Корея матбуоти хабарларига кўра, бундай қатл амалиёти ўтмишда ҳам бир неча марта амалга оширилган ва у асосан юқори даражали маҳкумларга нисбатан қўлланилади. Инсон руҳиятини синдириш учун даҳшатли усул, шундай эмасми?!
Қатл этилган мураббий
Бу Ким Жонг Ун ҳукумат тепасига келганидан буён амалга оширилган энг машъум қатллардан бири. Расмий Пхенян режимининг иккинчи рақамли кишиси деб ҳисобланадиган Ким Жонг Уннинг амакиси ва мураббийи Чанг Сонг 2013 йилнинг декабр ойида хиёнатда айбланади ва қатл этилади. Сиёсий бюрода қўлга олинган ва махсус ҳарбий судда судланган Чанг Сонгга ҳукуматни ағдариб ташлашга уриниш айби қўйилади ва шу заҳоти ўлимга ҳукм этилади.
Ёмон телевидение
Фараз қилинг, хорижий телеканалларни кўрганингиз учун сизни ўлимга ҳукм қилишса? Ишониш қийин, шундай эмасми? Аммо, Шимолий Кореяда 2014 йилнинг октябр ойида 50 киши, жумладан, ҳукмрон партия аъзолари хорижий телевидениени томоша қилишгани учун қатл этилган. Мамлакатда фақатгина маҳаллий каналларга рухсат берилган.
Ушбу маълумотлар «Индепендиент» нашри томонидан жанублик манбааларга таянган ҳолда эълон қилинган ва уларнинг ҳаққонийлигини аниқлаш мушкул. 2013 йилда ҳам худди шу айблов билан 80 киши қатл этилган.
Ухлаб қолган Бош вазир ўринбосари
2016 йилнинг август ойида Ким Жонг Ун раҳбарлигида ўтказилаётган навбатдаги мажлис чоғида ухлаб қолгани учун мамлакат таълим вазири ва бош вазир ўринбосари Ким Ёнг Жин қатл этилган. Унга нисбатан давлат раҳбарига ҳурматсизлик қилиш айби қўйилган. Ундан ташқари яна икки ходим ахлоқ тузатиш ишларига юборилган.
Заҳарланган ўгай ака
2009 йили Макаода яшаб юрган пайтида бир ота, аммо бошқа онадан бўлган акаси Ким Жонг Намга нисбатан суиқасд уюштирилади. Суиқасд буюртмачиси эса айнан Ким Жонг Уннинг ўзи эди. Кейинчалик унга нисбатан 2012 йилда яна бир бор суқасд уйиштирилади. Бу сафар ҳам омон қолган Жонг Нам укасига «бу ишларни бас қилишини, қизи ва ўзини тинч қўйишини, яширинадиган жой қолмаганини, қутулишнинг ягона йўли ўз жонига қасд қилиш эканини» айтиб хат ёзади. Аммо золим ука ўз мақсадидан қайтмайди. 2017 йилнинг феврал ойида Малайзия пойтахти Куала-Лумпур пойтахтида Ким Жонг Нам зарин газидан заҳарлаб кетилди ва 15-20 дақиқадан сўнг тез ёрдам машинасида вафот этди.
Бу олти йиллик ҳукмронлиги давомида Ким Жонг Ун зулмига учраганларнинг айримлари ҳақида қисқача маълумот эди, холос. Жанубий Кореянинг Ёнхап агентлиги маълумотларига қараганда, унинг ҳукмронлиги давомида 100 нафардан ортиқ партия аъзолари қатл этилган.
Жаҳонгир Остонов
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter